Тадқиқотларга кўра, Гренландия музликлари қайтариб бўлмас даражада эриб кетди ва глобал исишни секинлаштиришга уринишлар унинг парчаланишини тўхтата олмайди.

“Муз қатлами энди янги динамик ҳолатдадир. Агар биз 20-30 йил аввалги ҳолатга ўхшаш иқлимга қайтадиган бўлсак ҳам, барибир музликларни бой берган бўламиз”, дейди Огаё штати университети профессори Ян Хау.

Гренландияда ҳар йили океанга 280 миллиард тоннадан ортиқ муз қатлами эриб тушади ва бу дунё денгиз сатҳининг кўтарилишига энг катта ҳисса қўшади, - дейди Огаё штат университетининг тадқиқотчиси Михаля Кинг.

Сўнгги йилларда музликларнинг эриши шу қадар катта бўлдики, бу денгиз сатҳини кўтарилишига олиб келади. Аср охирига келиб денгиз сатҳи 3 футдан кўпроқ кўтарилиб, қирғоқларининг катта майдонларини сув остига қўйиши мумкин.

АҚШ аҳолисининг қирқ фоизи денгиз сатҳининг кўтарилишига мойил бўлган қирғоқ минтақаларида истиқомат қилади. “Масалан, Флорида штатидаги каби жойлар борки, бу ерда сувнинг бир метрга кўтарилишининг ўзи кўплаб ер майдонларини қамраб олиши мумкин. Агар бўрон ва шунга ўхшаш ҳодисалар юз берса, бу янада оғирлашади”, дейди Кинг.

Гренландиянинг музлик қатлами 2019 йилда рекорд даражадаги 532 миллиард тонна музни йўқотди, биргина июль ойида 223 миллиард тонна муз эриган. Таққослаш учун 2003 ва 2016 йиллар орасида муз қатлами йилига ўртача 255 миллиард тонна музни йўқотди.