Мулоқот аввалида меҳмонларга сўнгги йилларда юртимиз ҳаётининг барча соҳаларида олиб борилаётган муҳим ўзгаришлар, хусусан, сайловларни очиқ ва ошкора ўтказиш бўйича яратилган шароитлар, миллий сайлов қонунчилигини янада ривожлантириш, халқаро мезонларга мослаштириш бўйича қилинган ишлар ҳақида сўзлаб берилди.
Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг тузилиши, ундаги сиёсий партиялар ва қўмиталар, хорижий парламентлар билан ҳамкорлик қилиш доирасида ташкил этилган дўстлик гуруҳлари фаолияти тўғрисида ҳам маълумотлар берилди.
Томонлар парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш ҳолати ва истиқболлари, икки мамлакатнинг савдо-иқтисодий, инновацион, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлиги масалаларини ҳам атрофлича муҳокама қилдилар.
Делегация аъзолари куни кеча Ўзбекистонда бўлиб ўтган муҳим сиёсий жараён – Президент сайлови ташкилий жиҳатдан юқори даражада ўтганини, овоз бериш жараёни халқаро мезонларга тўлиқ жавоб беришини айтиб, сайловлар очиқ, шаффоф ўтгани, ҳеч қандай қонунбузарликка дуч келмаганликларини таъкидлади.
Ўз навбатида, мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларга юқори баҳо бериб, Ўзбекистон охирги йилларда халқаро майдонда ўз позициясини сезиларли даражада кучайтиргани ва хорижий мамлакатлар, шу жумладан, Грузия билан ҳам муносабатларни мустаҳкамлашга интилаётганини алоҳида қайд этди.
Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Грузия парламенти ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.