Бугун Гулистон шаҳрида Давлат хизматлари агентлиги ва БМТ Тараққиёт Дастурининг Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган давлат хизматларини такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш қаратилган қўшма лойиҳа ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ҳамкорлигида туман ҳокимлари ўринбосарлари ва халқ депутатлари маҳаллий кенгаш вакиллари учун ташкил этилган семинар-тренинг ўз ишини бошлади.

Семинар тренинг давомида фуқаролик жамиятининг асосий тамойиллари, маҳаллий бошқарув жараёнларида жамоатчилик иштирокини ва масъулиятини ошириш, ҳудудларнинг ўзига хослиги ва имкониятига қараб ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқиш, доимий ва батафсил мониторинг ва таҳлилнинг аҳамияти, очиқлик ва шаффофлик тамойиллари хусусида сўз юритилади.

Шунингдек, хорижий тажрибалар ва маҳаллий жараёнларни реал мисоллар орқали солиштириб, муҳокама қилиш орқали, иштирокчилар замонавий бошқарув методлари ва фуқаролар билан самарали алоқа ўрнатиш усулларини ўрганишади.

Семинар тренингларни Халқаро Вестминстер Университети томонидан тайёрланган махсус ўқув дастури асосида университет профессор ва ўқитувчилари олиб боряпти, деб хабар беради ДХА Сирдарё вилоят бошқармаси матбуот хизмати.