Бу ҳақда ИИВ маълум қилди.
Тергов маълумотларига кўра, Гулистон шаҳар, Тараққиёт маҳалласи ҳудудида жойлашган «Bek Family Cafe» МЧЖга қарашли умумий овқатланиш шохобчаси ошхонасида 50 литр ҳажмдаги суюлтирилган пропан газ баллони ўчоққа ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид равишда уланган.
Жорий йилнинг 2 декабрь куни соат 10:50 ларда газ баллонидан сизиб чиққан углеводород гази ва ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида портлаш юзага келган.
Оқибатда 29 нафар фуқаро турли даражадаги куйиш жароҳатлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилояти филиалига ётқизилган.
Олган тан жароҳатлари натижасида 3 нафар фуқаро вафот этган.
Беморлардан 5 нафарининг аҳволи қониқарли бўлгани сабабли тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйларига жавоб берилган, қолган беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 192¹¹-моддаси 1-қисми, 257-моддаси 2-қисми «а,б« бандлари ва 259-моддаси 2-қисми "а,б" бандлари билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, «Bek Family Cafe» МЧЖ мансабдор шахсларининг 3 нафари процессуал тартибда қамоққа олинган.
Ҳозир Ички ишлар вазирининг ўринбосари – ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашропов бошчилигида ҳамкор идораларнинг мутахассисларидан ташкил топган тергов гуруҳи томонидан барча зарурий тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда.
Тергов жараёни назоратга олинган бўлиб, якунига кўра қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади ҳамда жамоатчиликка ахборот берилади.