Бу ҳақда иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов маълум қилди.
Таъкидланишича, мусодара қилинган жами 131 млн долларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича келишувга эришилган. Айни пайтгача мамкалатга келиб тушган 87 млн долларлик маблағлар соғлиқни сақлаш ва таълимга сарфланмоқда (ҳар бир соҳага 43,5 млн доллардан).
Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маълум қилишича, Швейцария ҳудудида мусодара қилинган ноқонуний активлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббусига кўра, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига йўналтирилмоқда.
Бу ҳақда 2022 йил 16 августда Ўзбекистон билан Швейцария ўртасида реституция битими имзоланган эди. Мазкур битим доирасида Ўзбекистон Республикаси, Швейцария ва БМТ ҳамкорлигида БМТнинг кўп томонлама траст жамғармаси ҳузурида «Ишонч» жамғармаси ташкил этилди. Унинг маблағларини йўналтириш учун Стратегик қўмита ва Фуқаролик жамияти маслаҳат кенгаши тузилди.
Битим доирасида биринчи транш учун 131 миллион доллар маблағни қайтариш бўйича келишувга эришилган. Жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасида республикамиздаги 230 та перинатал марказ учун 23 турдаги 5 минг 841 дона замонавий тиббий ускуна сотиб олинди. Иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан яна 1 минг 400 дан ортиқ тиббий жиҳозлар олиб келиниши кўзда тутилган.
Шу билан бирга, БМТ ташкилотлари томонидан 11 минг нафардан ортиқ тиббиёт ходимлари ўқитилди. Туғруқ муассасаларида тиббий хизмат кўрсатиш бўйича 29 та миллий протокол ва қўлланмалар жаҳон стандартлари асосида янгиланди.
«Ишонч» жамғармаси ҳисобидан таълим соҳасида мўлжалланган ишлар иккита компонентга бўлинган ҳолда амалга оширилмоқда.
Биринчиси бўйича ахборот технологиялари ва рақамли ечимларни кенгайтириш орқали таълим имкониятларини ошириш лойиҳаси ишга туширилган.
Иккинчи компонентга асосан, халқаро ташкилотлар билан биргаликда, мактабларда санитария-гигиена тизимини яхшилаш, иситиш тизимини модернизация қилиш, мактабларни бошқаришга жамоатчиликни жалб қилишга қаратилган лойиҳа таклифи ишлаб чиқилган.