Оилалар билан ишлашда Бўстонлиқ туман Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими ходимлари томонидан бир қатор амалий чора-тадбирлар ҳаётга жорий этилмоқда. Мустақиллик байрами арафасида ФҲДЁ бўлими томонидан “Қорамозор”, “Думалоқ”, “Хўжа” ва “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғинида “Аёллар дафтари”га киритилган фуқароларга тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш борасида учрашувлар ўтказилди, хотин-қизлар билан яқиндан мулоқот олиб борилди. Маҳаллалар ҳудудидаги шаръий никоҳда яшовчи оилалар ўрганилиб, уларга қонуний никоҳдан ўтиш бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Муаммоларнинг ўз вақтида ҳал этилиши натижасида шаръий никоҳда бўлган 20 та оила “Аёллар дафтари”дан чиқарилиб, никоҳлари қонунийлаштирилди.

Тадбир давомида “Думалоқ” МФЙда истиқомат қилувчи Ханияр Урдашов ва Раҳима Тиллабаева қонуний никоҳдан ўтди. Фарзандларига эса оталик белгиланиб, туғилганлик ҳақида гувоҳномалар топширилди, дея хабар беради ДХА Тошкент вилояти бошқармаси матбуот хизмати.