Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков иштирок этди.
Ҳадис илми мактаби ректори Олимхон Юсупов тадбирни кириш сўзи билан очиб, қабул имтиҳонларига тайёргарлик жараёнлари, имтиҳонларда абитуриентларга яратилган шароитлар ҳақида маълумот бериб ўтди.
Тадбирда иштирок этган Музаффар Комилов, Ҳомиджон Ишматбековлар Ҳадис илми мактабининг ташкил этилиш мақсад ва вазифаларига алоҳида тўхталиб ўтиб, келажакда мазкур даргоҳдан буюк алломаларимиз Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий каби уламолар етишиб чиқиши учун эзгу тилаклар билдириб ўтилди. Қабул имтиҳонларини юқори савияда ташкил этиш, имтиҳонларни шаффоф, очиқ ва ошкора ўтказилишини таъминлаш, абитуриентларнинг энг билимлиларини саралаб олиш асосий мақсад экани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита Диний таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари билан ишлаш бўлими бошлиғи Б.Рустамов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири С.Шерхоновлар томонидан ижодий имтиҳон ва тест синовлари учун тайёрланган қабул материаллари, ижодий имтиҳонларни ўтказиш тартиби, баҳолаш мезонлари ҳақида маълумотлар берилди.
Эслатиб ўтамиз, Ҳадис илми мактабига ҳужжат топширган абитуриентлар учун “Ўзбекистон тарихи” фани бўйича тест синовлари эртага 24 июль куни бўлиб ўтади.