Мусулмонлар идораси маълум қилишича, ташкилот мамлакатимизнинг Жидда шаҳрида жойлашган Бош консулхонасидаги «Ҳаж» ва «Умра» масалалари бўйича атташеси билан доимий мулоқот қилиб, муборак сафарлар билан боғлиқ ҳар бир жараённи диққат билан кузатиб бормоқда. Шу кунларга қадар, Саудия Арабистони ҳукумати ҳаж ва умра сафарларини бошлашга оид бирор-бир якуний баёнотни эълон қилгани йўқ.
Таъкидлаш керакки, Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳаж ва умра вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар ва хизмат кўрсатиш маркази ҳам айни кунларда ижтимоий тармоқларда ҳаж мавсумини ўтказишга рухсат берилгани, унла хориждан 45 минг нафар зиёратчи қабул қилиниши ҳақидаги хабарларга раддия бериб, «Ҳаж – 2021» мавсумини ташкил қилиш ва четдан зиёратчилар қабул қилишга доир ҳукумат қарори кейинроқ эълон килинишини маълум қилди.
Эслатиб ўтиш зарурки, Саудия Арабистони фуқаролик авиацияси бош бошқармаси (GACA) саёҳат ва бошқа мақсадларда мамлакатга ташриф буюрувчи чет элликлар (кириш тўхтатилмаган мамлакатлардан келганлар) учун тиббий-санитар ва эпидемиологик шартлар тўғрисида йўриқнома ишлаб чиққан. Унга кўра, мамлакатга киришда ҳар бир чет эл йўловчисидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги рўйхатидан ўтган Pfizer/BioNTech (АҚШ-Хитой), Oxford-AstraZeneca (Буюк Британия–Швеция), Moderna (АҚШ) вакциналарининг икки дозаси ва Johnson & Johnson (АҚШ) вакцинасининг бир дозасини қабул қилганлик ҳақида махсус сертификат талаб қилинади.
Вакцина сертификатлари келаётган йўловчиларга эмлашни амалга оширган давлатнинг расмий соғлиқни сақлаш идоралари тасдиқлаши ва охирги дозани олиш муддати (икки дозали эмлашнинг иккинчи дозаси ёки битта дозали эмлашнинг биринчи дозаси) Саудия Арабистонига саёҳат қилишдан 14 кундан кам бўлмаслиги кераклиги белгиланган. Ҳар бир вакцина сертификатлари Қиролликнинг назорат пунктларида текширувдан ўтказилади.
Юқоридаги каби талабларга жавоб бермайдиган йўловчилар белгиланган манзилга, жўнаб кетган жойларига қайтариб юборилади ва йўл ҳаражатларини авиакомпания ўз зиммасига олади. Ушбу қоидаларга риоя қилмаслик саёҳатчиларга Саудия Арабистонига кириш тақиқланишидан ташқари, қонуний мажбуриятларни ҳам юклайди. Изоляция бўйича кўрсатмалар ёки карантин қоидаларини бузган фуқаролар ва резидентлар 200 минг риёл (53,2 минг АҚШ доллари) миқдорида жарима ёки икки йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади ва такрорий бузилган тақдирда, жазо икки баравар кўпайтирилади. Саудиялик бўлмаган қонунбузарлар Подшоҳликдан депортация қилинади ва шахсга нисбатан жазо ижро этилгандан кейин уларнинг мамлакатга киришига таъкиқ қўйилади.
Маълумот ўрнида, 2021 йил 30 май ҳолатига кўра, Саудия Арабистонидаги коронавируснинг тасдиқланган 449 минг 191 та ҳолати қайд этилган. Ўлим сони 7 минг 347 дан ошган. 432 минг 138 шахс (98%) вирусдан тўлиқ даволанган. Фаол шаклда даволанаётган беморлар 9 минг 706 (2,2%) нафардан иборат. Айни вақтда 1 минг 348 беморнинг аҳволи оғирлигича қолмоқда. Кунлик касаллик юқтириш кўрсатгичи 1300-1400 нафарни ташкил этмоқда. Жами вакцина қилинганлар 13 миллион 29 минг 245 нафар (аҳоли сони – 35 миллион 232 минг 118).
«Ўзбекистон мусулмонлари идораси «Ҳаж» ва «Умра» сафарларига оид ўрганишларни давом эттирган ҳолда муборак сафарлар билан боғлиқ хабарларни расмий нашрларда эълон қилинишини маълум қилади», - деб хабар қилган Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати.