- Бизнинг ҳудудимиз аҳолиси турли миллат вакилларидан жамланган бўлиб, бугунги кунда 8 минг 510 нафар фуқаро 1 минг 710 та хонадонда аҳил-иноқ яшаб келмоқда. Маҳалламизда 71 та кўча мавжуд бўлса, ҳар бир кўча аҳолиси ўз хонадон олдларини доимий равишда тоза сақлаш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқдамиз. Бугунги ҳашарда ҳам 200 дан ортиқ фуқаролар иштирок этмоқда. Ҳашар давомида 3 км узунликдаги ариқ-зовурлар тозаланиб, дарахтлар кесилди ва тартибга келтирилди, - дейди Нукус шаҳри "Қутли макон" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Замира Қутлимуратова.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойишига кўра, Наврўз байрамини кўтаринки руҳда нишонлаш ва Рамазон ойини муносиб ўтказиш, маҳаллалар, аҳоли яшаш ҳудудларини ободонлаштириш ва санитария ҳолатини яхшилаш мақсадида 13-14 март кунлари юртимизда умумхалқ ҳашари ўтказилмоқда. Ҳашар тадбирлари давомида маҳалладаги кўчалар, йўл бўйлари, болалар майдончалари ободонлаштирилиб, ҳудуд янада обод ва кўркам қиёфа касб этмоқда.

Нукус шаҳрида шанбалик доирасида эрта тонгда "Тоза шаҳар" экологик акциясига старт берилиб, шаҳар ҳокими Абатбай Данияров умумхалқ ҳашар давомида маҳаллалар, кўп қаватли турар жойлар, гузарлар, қабристонлар, кўча ва йўл бўйлари ҳамда болалар майдончалари тартибга келтирилиши, дарахтлар оқланиб, буталаш ишлари олиб борилишини таъкидлади.

Бугунги кунда Нукус шаҳридаги маҳаллаларда, ички кўчаларда ҳашар тадбирларини ташкил этиш учун ҳар бир маҳаллага эҳтиёжидан келиб чиқиб, қаттиқ чиқиндиларни олиб чиқиб кетувчи 36 турдаги бирламчи техника воситалари иштирок этмоқда. Статистик маълумотларга кўра, шанбалик давомида кунига 250-300 тоннага яқин маиший чиқинди тўпланиб, полигонларга чиқариб ташланади.

- Мен ўзим асли Хоразмда яшайман. Ҳозирги вақтда Қорақалпоғистон тиббиёт институтида педиатрия бўлимида ўқияпман. Бугун гуруҳдош дўстларимиз билан ҳашарга чиқиб, ҳудудларни тозалашга ўз ҳиссамизни қўшяпмиз. Нукус чиройли шаҳар экан. Албатта, тозаликка барчамиз амал қилишимиз керак, - дейди Қорақалпоғистон тиббиёт институти талабаси Гулсевар Худайназарова.

"Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида "Эл фаровонлиги, аввало, маҳалладан бошланади!" шиори остида ўтказилаётган ҳашар ҳамжиҳатлик ва юқори ташкилий даражада давом этмоқда.

Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

«Янги Ўзбекистон» мухбири.