Ушбу вазифалар ижроси доирасида Анқара шаҳрида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси билан Туркия журналистлар федерацияси (Türkiye gazeteciler federasyonu) ўртасида ҳамкорлик келишуви меморандуми имзоланди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги икки томонлама муносабатлар барқарор, дўстона тарзда ривожланиб бораётгани, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашувларида эришилган келишувлар, медиа соҳа янгиликлари, икки мамлакат оммавий ахборот воситалари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари хусусида сўз юритилди.
Имзоланган меморандум асосида икки мамлакат оммавий ахборот воситалари вакилларининг тажриба алмашишини таъминлаш, ўзаро борди-келдини йўлга қўйиш, ҳамкорликда медиа тадбирлар ташкил этиш юзасидан фикр алмашилди.
— Халқларимизни муштарак тил ва тарих, ўхшаш маданият ва анъаналарга асосланган яқин дўстлик ва қардошлик ришталари бирлаштириб туради, — дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов. — Барча соҳада бўлгани каби журналистика соҳасида ҳам ҳамкорлик алоқаларимиз мустаҳкамланмоқда. Бугун имзоланган меморандумда тажриба алмашиш учун жўнатиладиган делегация аъзолари олти кишидан ошмаслиги, сафар муддати етти кунгача этиб белгиланди. Келишувимизда ҳар бир масалага ойдинлик киритилган. Унга кўра, қабул қилувчи томон журналистлар делегация аъзоларининг яшаши, овқатланиши, ички транспорт ва таржимонлик хизмати харажатларини қоплайди. ОАВ гуруҳини юборувчи томон эса фақат борди-келди йўл чипталарини харид қилади. Шунингдек, томонлар бир-бирига дастурлар тайёрлаш каби масалаларда кўмаклашишни ҳам ўз зиммаларига олади.
Маълумот учун, Туркия журналистлар федерацияси — Туркиядаги журналистлар бирлашмаси сифатида 1996 йил 18 мартда ташкил этилган. Измир ва Муғла каби турли вилоятлардаги журналистлар томонидан тузилган бир қанча маҳаллий уюшмалар ва ассоциацияларни ўзида бирлаштирган. Федерация дунёнинг кўплаб давлатларидаги журналистлар ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган.
Ҳамкорлик меморандумини имзолаш маросимида томонлар бир-бирларига эсдалик совғаларини топширдилар.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Ахборот хизмати