Ҳиндистонинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган учрашув республика вазирликлари ва идоралари вакилларини видеоконференцалоқа шаклидаги учрашувда бирлаштирди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директор ўринбосари Алишер Темиров Ҳиндистон томонини республикамизнинг жадал ривожланаётган фармацевтика саноатидаги ҳолат билан таништириб, ушбу соҳасининг сармоявий жозибадорлигига урғу берди. Шунингдек, мамлакатнинг қўшни давлатларга экспорт қилиш учун қулай жойлашганлигини ҳам алоҳида таъкидлади. Фармацевтика соҳасидаги Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги муносабатлар ва ҳамкорликнинг ҳар йили ўсиб бораётганлиги ҳақида ҳам гапириб ўтди.

Учрашувда, шунингдек, ҳинд фармацевтика компаниялари билан Ўзбекистонда биотехнологик дори воситаларини, шу жумладан COVID-19 га қарши вакциналарни ишлаб чиқариш ва маҳаллийлаштириш бўйича ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш истиқболларини муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Халқаро алоқалар ва инвестицияларни жалб қилиш бошқармаси бошлиғи Раҳима Мадраимова Агентлик ва Ўзбекистонинг Ҳиндистондаги элчихонаси саъй - ҳаракатлари билан «Bharat Biotech» компанияси билан келишувга эришилганлиги ва вакциналар билан таъминлаш бўйича Меморандум имзоланганлиги ҳақида гапирди, деб хабар беради Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати.

Ҳиндистонинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Маниш Прабхат Ҳиндистон фармацевтика компаниялари билан учрашувлар ташкил этишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, Ҳиндистон Савдо-саноат палатаси томонидан ўтказилиши режалаштирилган кўргазма ҳақида маълумот берди.