2021 йилда Венгрия Бош вазирининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида қўшма декларация қабул қилинди. Шунингдек, турли вазирлик ҳамда идоралар ўртасида кўп қиррали шерикликни кенгайтиришга қаратилган 10 дан ортиқ ҳужжат имзоланди.

Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил октябрь ойи бошида Венгрияга расмий ташрифи чоғидаги музокараларда  стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди, Энг аввало, ўзаро савдони кўпайтириш, фармацевтика, агросаноат, машинасозлик, тўқимачилик, озиқ-овқат, электротехника, сувни тежаш ва бошқа йўналишларда саноат кооперациясини чуқурлаштиришга қаратилган қўшма лойиҳа ҳамда дастурларни амалга оширишга келишилди. Ташриф доирасида ўтказилган бизнес-форум муваффақиятли якунланиб, қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган инвестиция ва савдо битимлари имзолангани самарали ҳамкорликнинг амалий натижаси сифатида қайд этилди.

Президентимиз ва Бош вазир Виктор Орбан Ўзбекистон Республикаси ва Венгрия ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантириш тўғрисида қўшма баёнотни, икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида ўзаро ҳамкорлик муносабатларини янада кенгайтиришга қаратилган 15 та ҳужжат имзоланди.

Имзоланган ҳужжатларни амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида Будапештда Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонасини очиш юзасидан келишувга эришилди. Жорий йилнинг 27 март куни Ўзбекистон элчихонасининг очилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Элчихона биноси Будапешт шаҳрининг марказий ҳудудида жойлашган бўлиб, у кўҳна ва замонавий архитектура талабларини мужассам этган.

  — Биз Ўзбекистоннинг вазирлик ва компаниялари билан тўрт йилдан буён ҳамкорлик қилиб келамиз, — дейди “AgroFeed Kft” компаниясининг МДҲ мамлакатлари бўйича директори Томаш Топерцер. —Ўтган йили Ўзбекистон Президентининг Венгрияга ташрифи давомида имзоланган битим ва келишувлар чорвачилик ва паррандачилик соҳаларидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши билан ҳам бизни мамнун этган эди. Чунки, бу йўналишдаги ишлар қамрови тобора кенгайиб боряпти. Масалан, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда паррандачилик ва чорвачиликка ихтисослашган корхоналарга ветеринария хизматини ташкил этиш, парранда, чорва молларини озиқлантириш бўйича амалий кўмак кўрсатиб келяпмиз, илмий-амалий семинарлар ўтказиб, мутахассислар билан тажриба алмашишни йўлга қўйганмиз.

Бугунги кунда компаниямиз энг зотдор ва маҳсулдор кроссларини Ўзбекистонга олиб келиш, уларни иқлимлаштириш, паррандачилик хўжаликлари ва омухта ем ишлаб чиқарувчи тадбиркорларга жўжа, озуқа маҳсулотлари ва унинг қўшимчалари, дори воситалари билан таъминлаш, корхоналарни янада ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар устидаги ишлар  давом этяпти.

Ана шундай лойиҳалардан бири ўтган йили Кармана туманидаги “Colden Lake Miracles” масъулияти чекланган жамиятида амалга оширилди. Жамиятга Венгрия давлатининг “Babolna tetra” компаниясидан “Super Harco” наслли 10 минг бош хонаки жўжалар келтирилди. Мазкур наслли паррандалар юқори маҳсулдорлиги билан ажралиб туради, жуда тез ўсади. Масалан, 3,5 ойлик хўрознинг вазни тахминан 2 килограммга, 5,5 ойлик тухум қўядиган товуқ вазни эса 2–2,5 килограммгача етади.

Шу йилнинг июнь ойида эътиборга молик молиявий воқеа юз берди. Венгриянинг OTP Bankи Ўзбекистоннинг бешинчи йирик молиявий хизматлар кўрсатувчи муассасаси – Ипотека банкнинг асосий акциядорига айланди ва Ўзбекистон банк секторини хусусийлаштиришда иштирок этаётган биринчи ғарб банки сифатида тарихга кирди.

OTP Bank Ипотека банкнинг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва Молия вазирлигига тегишли акцияларидан 75 фоизини сотиб олди, қолган 25 фоизи 3 йиллик муддатда харид қилинади. Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида OTP гуруҳи ўз фаолиятини йўлга қўяётган биринчи давлат ҳисобланади.

OTP гуруҳи юқори рентабеллик, барқарор капитал ва ликвидлик позициясига эга бўлган, Марказий ва Шарқий Европа минтақасидаги энг тез ривожланаётган етакчи банклардан бири. 12 мамлакатда 41 000 дан ортиқ ходимга эга бўлган гуруҳ 17,5 миллиондан ортиқ мижозларга универсал молиявий хизматлар кўрсатади. Ҳозирги вақтда Венгрия, Болгария, Сербия, Черногория ва Словенияда бозор етакчисига айланган  OTP гуруҳининг бош офиси Венгрияда жойлашган, у мулкчиликнинг диверсификацияланган ва шаффоф тузилмасига эга.

“Ишончим комилки, биз инновацион маҳсулотларимиз ва хизматларимиз билан Ўзбекистон иқтисодиётининг янада жадал ривожланишига ҳисса қўшишимиз ва OTP Bank акциядорлари учун катта қиймат яратишимиз мумкин”, — дейди банк бошқарув раиси ва бош ижрочи директори Шандор Чаньи.

МУШТАРАК ТАРИХИЙ ИЛДИЗЛАР

Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил октябрь ойи бошида Будапешт шаҳридаги Шандор саройида Венгрия Президенти Каталин Новак билан учрашувида икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашиллган эди. Унда халқларимизнинг азалий тарихий алоқалари, муштарак қадриятлари ва ўхшаш менталитети дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш учун пойдевор бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланар экан, Арминий Вамбери ва Исҳоқ Иброҳим каби шарқшунос олимлар тарихий ришталаримиз ва бой маданий меросимизни ўрганишга катта ҳисса қўшгани алоҳида қайд этилди.

Олим-тадқиқотчиларнинг қайд этишича, Ҳерман Вамберининг минтақамизга қилган саёҳати асосида яратилган “Бухоро тарихи ёки транссаксония” ва “Ўрта Осиё бўйлаб саёҳат” асарлари бугунги кунда ҳам Европада, хусусан, Венгрияда Марказий Осиё давлатлари тарихи, геосиёсий аҳамияти, маданий, тарихий, иқтисодий жараёнларга таъсир этган омилларини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда ва минтақамиз тарихини ўрганишда қўлланма сифатида фойдаланиб келинади. У 1858 йилда 14 минг сўздан иборат “Немисча — туркча”, 1860 йилда 40 минг сўзни ўз ичига олган “Ўзбекча — немисча” луғатни Истанбулда нашр эттирган.

Вамбери ўз юртига қайтганидан кейин кўп ўтмай унинг “Чиғатой тили сабоқлари” номли яна бир китоби босилди. Унинг “Хрестоматия” қисмида бундан бир ярим асрдан сал олдинроқ, яъни 1867 йилда ўзбек мақолларидан 112 тасининг аслини ўзбек-арабий ҳамда лотин имлосида, давомидан олмон тилига таржимасини беради.

Ўтган йил май ойи охирларида Венгриянинг Веленце шаҳарчасидаги қабристонда гулчамбар қўйиш маросими ўтказилди. Шу тариқа ушбу мамлакатда яшаб ижод қилган ўзбек олими Мулла Исоқ Иброҳим таваллудининг 186 йиллиги муносабати билан ватандошимизнинг улкан ишларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.

Маросимда венгер ва ўзбек халқлари қадим алоқаларга эгалиги қайд этилар экан, икки халқнинг тарихий келиб чиқиши бир-бирига туташ илдизларга бориб тақалиши, ўзаро тарихий муносабатлар XIX асрда Ҳерман Вамбери ва Мулла Исоқнинг ўзаро дўстлиги натижасида қайта тиклангани, юртдошимиз ўз ҳаёт йўли ва ижоди билан Венгрия маданияти ривожига ҳисса қўшгани алоҳида эътироф этилди.

Маълумки, Исҳоқ Иброҳим асли Қўнғиротда туғилган ва Хивада мадрасада таҳсил олган. Вамберининг юртимиз шаҳар-қишлоқлари ва чет мамлакатларига сафарларида ҳамроҳлик қилган. Кейинчалик Вамбери билан Венгрияга келган, бир умр дўсти ва шогирди бўлиб қолган.

Исҳоқ Иброҳим Венгрия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари бўлимида ишлади, венгрияликларга ўзбек ҳамда бошқа туркий тилларни ўқитди. Европанинг илмий доираларида катта обрў-эътиборга эга бўлди. У  ўзбек халқ мақоллари, эртак ва топишмоқларини венгер тилига таржима қилиб, Венгрия Фанлар академиясининг филология бўлими томонидан чоп этиладиган “Тилшунослик ахбороти”да эълон қилди. Ҳатто машҳур венгер ёзувчиси Янош Ароннинг “Ажойиб оҳунинг ҳикояти” асарини ҳам ўзбек тилига таржима қилган.

Ушбу асар 2021 йили давлатимиз раҳбарининг сўзбошиси билан Тошкентда янги таҳрирда нашр этилди. Президентимиз ўзбек ва венгер халқлари ўртасидаги тарихий дўстликнинг ёрқин ифодаси бўлган ушбу китобни Венгрия Бош вазири Виктор Орбанга 2021 йил март ойида мамлакатимизга ташрифи чоғида туҳфа қилди.

Давлатимиз раҳбарининг Венгрияга бу галги ташрифи ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг янги даври мустаҳкамланишига, халқларимизнинг кўп асрлик дўстлиги ва ўзаро манфаатли ҳамкорлигининг бугунги ривожига катта ҳисса қўшишга хизмат қилиши, шубҳасиз. Чунки, халқаро экспертлар таъкидлаётганидек, бундай кенг қамровли ўзаро стратегик ҳамкорликка Ўзбекистон Европа давлатлари орасида биринчи бўлиб Венгрия билан эришган. Икки давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси, ўзига хос ўхшаш жиҳатлари, Венгриянинг Марказий Европада, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда жойлашганлиги, шунингдек, Венгрия Европа давлатлари учун Ўзбекистонга, ўз навбатида, Ўзбекистон Венгрия учун Марказий Осиё мамлакатлари бозорига кўприк вазифасини бажариш истиқболлари ҳамкорликни янги ютуқлар билан бойиб боришини кафолатлайди.

Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

шарҳловчи