Жорий йилнинг 2-3 апрель кунлари Россия Федерациясидаги ўнта энг нуфузли олийгоҳлар қаторида бўлган МЭИ — Миллий тадқиқот университети федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси ректори профессор Н.Д.Рогалёв бошчилигидаги делегация олий ўқув юртининг Тошкентдаги филиалига ташриф буюрди. Ташрифдан мақсад филиал фаолияти, ўқув жараёни ва филиалнинг янги биносида якунига етиб бораётган қурилиш монтаж ишлари билан яқиндан танишиш бўлиб, делегация аъзолари Тошкент филиалининг янги биносини бориб кўрдилар.
Делегация аъзоларига олийгоҳнинг Тошкент филиали ижрочи директори профессор Х.С.Далиев ҳамроҳлик қилиб, меҳмонларни филиалнинг янги биносида олиб борилаётган ишлар билан таништирди ва бу ерда талабалар ҳамда профессор-ўқитувчилар учун яратиладиган замонавий шарт-шароитлар ҳақида сўзлаб берди.
Шунингдек, меҳмонлар Тошкент шаҳрида кенг миқёсда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан ҳам яқиндан танишдилар.
Меҳмонларнинг юртимизга қилган ташрифи айни баҳор ва янгиланиш байрами бўлган Наврўзи-олам нишонланаётган кунларга тўғри келди. Шу боис, институт филиали ва ЎзМУ қошидаги Яримўтказгичлар физикаси ва микроэлектроника илмий-тадқиқот институти жамоаси билан бирга ташкил этилган байрам тадбирига азиз меҳмонлар лутфан таклиф этилди. Меҳмонлар институтга киришданоқ икки томонда саф тортиб, қўлларини кўксига қўйиб, уларни ўзбекона лутф билан қарши олган талаба ёшларга ҳавас қилдилар. Институт ҳовлиси ям-яшил майсалару оқ, пушти ўрик гуллари уйғунлигидан чинакам баҳорий қиёфа касб этган. Ғоят кўтаринки ташкиллаштирилган тадбирнинг очилишида филиал ижрочи директори Х.С.Далиев байрам тадбирига йиғилган азиз меҳмонларни Наврўз билан муборакбод этди.
Тадбирда филиал талабалари томонидан ташкил этилган мусиқали чиқишлар, айниқса, келин салом, фольклор намойишлари барча меҳмонларга манзур бўлди.
Тадбир сўнгида ўзбекона урф-одатларга кўра, меҳмонларга эсдалик совғалари ва Наврўз таоми — сумалак тарқатилди.
Муножат Мўминова,
“Янги Ўзбекистон” мухбири