Қилинган ҳар бир ишнинг сарҳисоби бор. Aгар натижа бўлмаса, сарҳисоб қилишдан фойда бўлмайди. Фойдали иш эса эртанги кун учун, эртанги саъй-ҳаракатлар учун янги қадамларга чорлов бўлади. Ўтаётган ҳар бир кунимиз, ҳар бир дақиқамиз халқимиз ҳаётининг фаровонлиги учун хизмат қиляпти.

Жумладан, ўтган йили Термиз шаҳрида “Фарҳод” маҳалласида бир қанча хайрли ишлар қилинди. Ҳудуддаги 6 та кўп қаватли уй ёнида яна 2 та — 48 ва 52 хонадонли, барча қулайликларга эга, замонавий уй-жойлар қуриб битказилди.

Илгари шу уй-жойлар ўрнида 5-6 хўжалик яшаган бўлса, энди бу жойларда юзлаб хонадан соҳиблари аҳил-иноқ яшамоқда. Уларнинг тўйи, яхши кунлари биргаликда ўтмоқда. Энг муҳими, кам таъминланган, уй-жойга муҳтож 5 та оила янги хонадонларга кўчирилади. “Президентимиз ташаббуси билан жойларда кам таъминланган оилалар учун қурилаётган, барча шарт-шароитга эга уйлар бизга ҳам насиб этаётганидан бошимиз осмонда”, дейди улардан бири.

— Маҳалламиздаги ишлар кундан кунга ривож топмоқда, — дейди оқсоқоллардан бири Ўроқ бобо Сариев. — Маҳалламиз раиси доим аҳоли билан ҳамнафас. Ўтган йили маҳалла нуронийлари уч марта вилоят бўйлаб зиёратга чиқди. Таассуротларимиз набираларимиз билан ўртоқлашдик. Уларнинг ҳам қувончи чексиз. Нуронийлар шахмат-шашкада фаол.

Ёшлар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини, 5 ташаббус олимпиадаси ўтказилди. Ўғил-қизлар миллий чолғучиликнинг дутор йўналиши, спортнинг таэквондо тури бўйича муваффақиятга эришмоқда. Маҳалла ҳудудида жойлашган 9-мактабда ёшлар бўш вақтини унумли ташкил этиши учун дзюдо спорт зали қуриб битказилди. Ҳозир бу даргоҳ ёшлар билан гавжум.

Маҳаллада “Темир дафтар” ва “Aёллар дафтари” бўйича қилинган ишлар бугун ўз натижасини беряпти. Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси замирида битта мақсад ётибди: инсон ва унинг фаровон турмуши учун хизмат қилиш.

Дилбар НОРМУРОДОВА,

педагог