2025 йилнинг юртимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили” деб эълон қилингани ана шу мақсад йўлидаги муҳим қадамдир.
Бугун Олмалиқ кон-металлургия комбинатидаги чора-тадбирлар, аввало, инсон саломатлиги, табиат софлигини сақлашга ҳамда ишлаб чиқариш соҳаларининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтиришга қаратилган. Зеро, саноат ривожланиши иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатса-да, табиатга жиддий зарар етказиши мумкин. Завод ва фабрикаларнинг техноген чиқиндилари, ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, ер ресурсларининг камайиши – буларнинг барчаси экологик муаммоларни келтириб чиқаради. Шу сабабли саноат корхоналари учун атроф-муҳитни муҳофаза қилиш чораларини кўриш устувор вазифалардан биридир.
Саноат корхоналари экологик меъёрларга, қолаверса, халқаро ва маҳаллий экологик стандартларга доимий равишда риоя қилиши лозим. Бу табиатни муҳофаза қилиш билан бирга, корхонанинг барқарор ривожланишига ҳам ёрдам беради. Янги экологик технологиялардан фойдаланиш, энергия тежовчи ва экологик тоза технологияларни қўллаш ишлаб чиқариш жараёнида ресурсларни тежайди ва табиатга зарарини минималлаштиради.
Бугун ҳар бир йирик саноат корхонаси атроф-муҳитга катта таъсир кўрсатиши сабабли ESG барқарор ривожланиш тамойиллари ва мақсадлари стратегия ва асосий бизнес жараёнларининг халқаро интеграция қилиниши ўта муҳим.
Жорий йил февралда Sustainable Fitch рейтинг агентлиги томонидан ESG ташқи аудит ишлари ўтказилиб, Олмалиқ кон-металлургия комбинати фаолиятининг барқарорлиги, ижтимоий масъулияти, асосийси, экологик хатарларни олдиндан баҳолаш ва олдини олишдаги ҳисоботлари Европанинг йирик корхоналари ўртасида юқори рейтингда баҳоланди.
Эришилган натижалар комбинатда ишлаб чиқарилаётган қимматбаҳо металларни ички ва ташқи бозорларда (London Stock Exchange) юқори нархларда сотиш имконини беради. Шунингдек, 2030 йилгача маъданларни қайта ишлашни 40 миллион тоннадан 160 миллион тоннага чиқаришда ташкил этилаётган янги мис бойитиш фабрикалари – МОФ-3, МОФ-4, МОФ-5 ҳамда янги мис эритиш заводи қурилишига имтиёзли “яшил” молиялаштиришни (responsible financing) жалб қилиш жозибадорлигини оширади.
Мазкур кўрсаткичлар комбинатда қисқа муддатда қилинган модернизация ишлари маҳсулидир.
Модернизация – тараққиёт гарови
Ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш, албатта, меҳнат самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, янги энергия самарадор ва экологик хавфсиз технологияларни қўллашга йўл очади. Сўнгги йилларда Рух заводида ўтказилган модернизация жараёнида вельцлаш цехидаги горизонтал вентиляция ва аспирация тизимлари тўлиқ таъмирланди. Куйдириш цехида чангни тозаловчи қўшимча қопли фильтр ускуналари ўрнатилди. Шу тариқа тозалаш ускуналарининг самарадорлиги 85 фоиздан 99,5 фоизга кўтарилди.
2024 йил Рух заводида янги майдалаш участкаси қурилиши ҳисобига 130 минг тоннадан зиёд ишлаб чиқариш техноген чиқиндиси – мис клинкери қайта ишланиб, таркибидан рангли металлар ажратиб олинди. Қолган темир таркибли чиқиндилар цемент заводларига иккиламчи хомашё сифатида юборилмоқда.
Сульфат кислота цехининг ишқорли сувни тозалаш иншооти капитал таъмирланиб, тозаланган сувни қайта технологияда ишлатиш айланма тизими ташкил этилиб, оқова ташланмани рельефга туширмаслик чоралари кўрилди. Иншоот атрофида йиллар давомида тўпланган 2000 куб метрдан ортиқ оҳакли шлам чиқиндиси тўпланган қуйқа майдони рекультивация қилинди.
Айни пайтда металл олиш жараёнида атмосферага ажралиб чиқадиган SO2 зарарли газини қайта ишлаш орқали йиллик 200 минг тонна сульфат кислотаси ишлаб чиқариш қувватига эга янги 6-сульфат кислотаси цехини қуриш ишлари жадал давом этмоқда. Ушбу цех 1967 йилда қурилган ва бугун маънан эскирган, қуввати 30 минг тонна бўлган сульфат кислота цехининг атмосферага ташламасига тўлиқ барҳам беради.
Мис эритиш заводида 2024-2025 йилларда 4 та конвертор бўлими тўлиқ реконструкция қилинди. Натижада металл қуйиш жараёнида чанг-газнинг атмосферага чиқишининг олди олинди.
Жорий йил февралда эритиш агрегатлари чанг-газ қувурлари ва электр фильтр ускунасида, Ванюков печи ва 3 ва 4-сульфат кислота цехлари ҳамда кислород машъалали печининг чанг-газни тутиб қолиш қурилмаларини таъмирлаш ҳисобига ускуналарнинг самарадорлиги 99,5 фоизга етказилди. Натижада атмосферага технологик газ чиқариб юборилиши 12,8 минг тоннагача қисқарди.
Сўнгги 5 йилда инновацион ечимларни қўллаган ҳолда барча конверторларда иссиқликни қайта тикловчи мосламалар ўрнатилиб, энергия ва ёқилғи харажати 30 фоиз камайди.
Буғ қозонларини герметик қоплаш ҳисобига эритиш печларидан чиқаётган технологик газ 100 фоиз сульфат кислота ишлаб чиқариш цехига йўналтирилмоқда. Шунингдек, қурилиши бошланган янги металлургия мажмуасида атмосферага салбий таъсири кам бўлган замонавий “Flash Smelting” ҳамда “Flash Converting” технологиялари қўлланади. Бунда мис эритиш жараёнида ҳосил бўладиган SO2 газ тўлиқ сульфат кислотаси ишлаб чиқаришга йўналтирилади. Янги печлар ишга туширилиши эвазига маънан эскирган яллиғ қайтариш печи ишлаб чиқариш занжиридан узилиб, фаолияти тўхтатилади.
Йиллик сульфат кислота ишлаб чиқариш қуввати 1 миллион 800 минг тонна бўлган ва 2027 йилда ишга туширилиши мўлжалланаётган СК-5 сульфат кислота цехи қурилиши ҳисобига атмосферага чиқаётган 172 минг тонна олтингугурт икки оксиди ташланмаси ҳажми деярли 100 фоиз камаяди. Атмосферага чиқиш халқаро стандартларга мос равишда 0,5 фоиздан ошмайди.
Атмосферага ташламаларни мониторинг қилиш мақсадида СК-4 сульфат кислота цехига Япониянинг чанг-газ ташламаларини автоматик таҳлил қилувчи HORRIBA автоматик таҳлил ускунаси ўрнатилиб, маълумотлар ягона базага интеграция қилинмоқда.
Мис бойитиш фабрикасидаги модернизация ишлари ҳам самара бермоқда. Биринчи майдалаш цехидаги 24 та замонавий аспирация ва вентиляция тизими тўлиқ янгиланди. Иккинчи мис бойитиш фабрикасидаги 55 та вентиляция ва 103 та аспирация тизимида жорий таъмирлаш ишлари бажарилди. Натижада ускуналарнинг самарадорлиги 99,5 фоизга етказилди.
2024 йилда мис эритиш жараёнида ҳосил бўлган 680 минг тонна тошқол чиқиндиси мис бойитиш фабрикасида қайта ишланди. Таркибидан қимматбаҳо металлар ажратиб олингач, қолган 391 минг тонна темир таркибли чиқинди иккиламчи хомашё сифатида цемент заводларига реализация қилинди.
Шунингдек, комбинат ишлаб чиқариш ҳудуди ва санитар-ҳимоя зоналарида чанг-газ миқдорини онлайн аниқловчи 14 та газоанализатор ўрнатилиб, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан биргаликда доимий мониторинг олиб борилмоқда.
Эътиборлиси, комбинатнинг барча объектида табиий ресурслар — сув ва энергия тежамкорлиги доирасида кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Мисол учун, мис бойитиш фабрикасининг айланма сув таъминотидаги насос қурилмаларида герметик таъмирлаш ишлари бажарилиб, сув таъминотидаги йўқотишлар тўлиқ бартараф этилди. Ҳар бир қувурга сув сарфини автоматик ҳисоблаш ускуналари ўрнатилди.
Комбинат корхоналарида сув тозалаш иншоотлари самарадорлигини ошириш ва оқова сув ташламалари меъёрий кўрсаткичини таъминлаш учун Ангрен кон бошқармаси Кўчбулоқ конида ҳосил бўлаётган ер ости ишқорли суви кимёвий сув тозалаш иншоотининг рельефга тушувчи оқова сув таркиби белгиланган меъёрий кўрсаткичдан ошмаслиги юзасидан замонавий технологиялар ва хорижий тажриба ўрганилиб, Финляндиянинг хавфли саноат оқова сувини тозалашга ихтисослашган EPSE OY компанияси билан музокаралар ўтказилмоқда.
Лойиҳани амалга ошириш натижасида Ангрен кон бошқармаси конларида ҳосил бўлган оқова сувни тозалаш иншоотида ойига 25-30 минг куб метр сув тозаланиб, рельефга чиқариб юборилади ва атроф-муҳитга зарарли таъсири камайтирилади. Оҳак сарфи ва чўкмаси ҳозиргига нисбатан 55 фоиз (50 минг тонна) камроқ бўлади. Пилот лойиҳа қийматининг бир қисми Финляндия ҳукумати гранти ҳисобидан қопланмоқда.
Энергия тежамкорлиги ва қайта тикланувчи
энергетика татбиқ этилиши – давр талаби
Яна бир долзарб масала — экологик хатарлар эҳтимолининг олдини олиш, иссиқхона гази миқдорини кескин камайтириш, глобал иқлим исиб боришига барҳам бериш, ишлаб чиқариш қувватини камайтирмаган ҳолда энергия самарадор технологияларни жорий этиш комбинатнинг доимий кун тартибида турибди.
Бугун объектларимизда қарийб 5 мингта қуёш сув иситиш қурилмаси ўрнатилган. Улар бир кунда 724 минг литр сувни исита олади.
Йилнинг апрель-октябрь ойларида иссиқ сувга эҳтиёж ушбу қурилмалар ҳисобига тўлиқ қопланади. Бу йилига 1,7 миллион куб метр табиий газ ёки 12,4 миллион киловатт соат электр энергиясини тежаш имконини беради. Шу билан бирга, комбинат объектларида 507 та қуёш сув иситиш қурилмаси ўрнатилган. Бу йилига 890 минг киловатт соат электр энергиясини тежашга хизмат қилади. 2025 йилда Хондиза, Чодак ва Ёшлик-1 конларида 95 та қуёш сув иситиш қурилмаси ўрнатилади.
PricewaterhouseCoopers компанияси билан ишлаб чиқариш жараёнида атмосферага чиқаётган иссиқхона гази ташламасини ҳисоблаш ва камайтириш юзасидан зарур чоралар белгилаб олинди.
Мазкур вазифаларга ҳамоҳанг равишда комбинатда рангли ва қимматбаҳо металларни ишлаб чиқариш жараёнида энергия самарадорлигини мувофиқлаштириб борувчи ISO 50001 халқаро стандарти, экологик барқарорликни талаб этувчи менежмент экологик бошқаруви ISO 14001 халқаро стандарти тизими жорий этилди. Меҳнат хавфсизлиги стандарти 45001, хатарларни бошқариш 3100 халқаро стандартларига ҳам амал қилган ҳолда фаолият юритилмоқда.
Олмалиқ яшил саноат шаҳрига айланади
Олмалиқ – саноат шаҳри. Шаҳар ва унга чегарадош ҳудудларда истиқомат қилувчи маҳаллий аҳолининг саломатлиги муҳофазаси комбинатнинг бош мақсадларидан. Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш, табиий бойликларни асраш йўналишидаги комплекс вазифалар фаолиятимизнинг узвий ажралмас қисмидир.
Бу борада мамлакатимиз миқёсида кенг қулоч ёйган “Яшил макон” ва “Яшил белбоғ” лойиҳалари муҳим ўрин эгаллайди. Лойиҳалар доирасида комбинат томонидан 2024 йилнинг баҳор-куз мавсумида 1,5 миллион туп мевали ва хушманзара кўчат экилди. Жорий йилда бу ишлар давом эттирилмоқда. Кўчатларни экиш баробарида парвариш қилиш ишларига ҳам катта эътибор қаратилган. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бир йиллик тадбир эмас. Шунинг учун ҳам комбинат томонидан ҳудуднинг иқлимига мос, кам сув талаб қиладиган кўчатларни танлаб, етиштириш учун кўчатхоналар барпо этилмоқда.
Ободонлаштириш ва яшил маконлар яратиш – инсониятнинг келажаги учун зарурият. Дарахтлар нафақат табиий ресурсларни сақлашга ёрдам беради, балки ҳаёт сифатини оширишда ҳам муҳим. Шу боис, “Яшил макон” лойиҳаси ҳаммамизнинг келажагимиз учун амалга оширилаётган хайрли ишдир.
Бир ёқадан бош чиқариб, дарахт ва гул кўчатларини экиб, парваришлаб борсак, албатта, келажакда Олмалиқни яшил саноат шаҳрига айлантира оламиз. Қад ростлаётган завод ва фабрикаларимиз ёнида ям-яшил боғлар ҳам бўй чўзади.
Абдулла ХУРСАНОВ,
Олмалиқ кон-металлургия комбинати директори
Ҳамкорлик материали