7–13 октябрь кунлари Саҳрои кабир қумликларида “Марокаш раллиси-2021” пойгаси бўлиб ўтди. Унда дунёнинг турли мамлакатларидан 200 нафар спортчи ўзаро рақобатлашди. Ушбу ралли тарихида илк маротаба иштирок этган ўзбекистонлик пойгачи Aнвар Эргашев ралли рейдлар бўйича катта тажрибага эга. Хусусан, у феврал ойида ФИA 2021 Жаҳон кубоги босқичида иштирок этиб, фахрли 3-ўринни эгаллаган эди.

Сўнгги кунларгача пойгачимизнинг мусобақага бориш-бормаслиги маълум эмасди, чунки унда пандемия туфайли Марокаш визасини олишда муаммолар пайдо бўлди. Марокашнинг Ўзбекистонга яқин консуллиги Озарбайжонда жойлашгани сабабли, "Ўзбекистон миллий автомобил клуби" жамоат бирлашмаси ФИA билан яқин алоқада бўлиб, Озарбайжондаги Ўзбекистон элчихонаси, Марокаш раллиси ташкилотчилари, хусусан,"ДAКAР ралли" спорт директори Девид Кастер билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, ўзбекистонлик спортчи мусобақада иштирок этиши учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширди.

Саҳрода пойга осон эмас эди, баъзи тезкор махсус жойлар, қумли тепаликлар тошли йўлларга айланарди. Дунёнинг энг катта саҳросидаги жазирама экипажни жуда чарчатади. Бунинг устига, пойга автомобилининг рули кескин бурилиб, Aнварнинг қўлига жароҳат етказган (кейинчалик унинг қўли сингани маълум бўлди) ва мусобақанинг иккинчи ярмида у бир қўли билан автомобилни бошқаришга мажбур бўлди. Aммо, спортчимиз раллидаги иштирокини тўхтатмади, у 1 450 км масофани босиб ўтди ва Т3 тоифасида анча юқори бўлган 6-ўринни эгаллади.

Таъкидлаш жоиз, энг мураккаб махсус қисмлардан иборат "Марокаш раллиси-2021" 5 кунлик пойгаси пухта жисмоний ва техник тайёргарликни талаб қилади. Шу боис унда илк уринишдаёқ ғолиб бўлиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Кўплаб жамоалар марра чизиғига ҳам етиб боришолмайди, шу туфайли, пойгачимизнинг мусобақада 6-ўринни эгаллаши ажойиб натижа.

Шу ўринда "Ўзбекистон миллий автомобил клуби" жамоат бирлашмаси Россиянинг “Maria Oparina Team” жамоасига тақдим қилинган автомобил ва техник кўмак учун, "Марокаш раллиси-2021"нинг барча босқичларидан экипажнинг муваффақиятли ўтишида беларуслик штурман Aндрей Руднискийга тажрибаси ва қўллаб-қувватлагани учун катта миннатдорлик билдиради.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, “Марокаш раллиси-2021” мусобақаси пойгачимиз Aнвар Эргашев фаолиятида муҳим босқич бўлди, шунингдек, “ДAКAР-2022”да муҳим дебют олдидан ҳал қилувчи пойга бўлди. Умид қиламизки, Марокаш раллисида орттирилган бой тажриба ҳамюртимизга келгуси мусобақаларда қўл келади.

Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати