Ўша илк кезларда давлатчиликнинг ўзи нима, ўз мустақил давлати доирасида яшаш, ўқиш, ишлаш, оила қуриш, бола-чаққа катта қилиш... нималигини барча бирдек англаган, деёлмаймиз. Ақлий юки ўта оғир ушбу омилларни идрок этиш кейинчалик ҳам бирдек кечмаганига шахсан гувоҳмиз. Узоққа бориб нима қиламиз, ўзбек давлатчилиги тарихи мавзусига Истиқлолга эришганимиздан кейингина қўл урганимизнинг ўзиёқ кўп нарсага ишора. Мазкур тарихий ва илмий ҳақиқатни бугун – орадан ўттиз йил ўтиб ҳам ҳазм қилолмаётганларнинг борлиги эса, мустамлакачилик – қуллик давримизнинг асоратлари қанчалар яшовчан эканидан далолатдир, албатта.

Давлат мустақилигимизнинг галдаги тўйига бағишланган чиқишимизни мазкур масалага урғудан бошлаганимиз бежиз эмас.

Истиқлол байрамимизга бағишланиб бўлиб ўтган барча расмий йиғинларни шахсан кузатганмиз ва уларнинг ҳар биридаги бош чиқишларни шахсан эшитганмиз, ўқиганмиз, ўзимизча таҳлил ҳам қилганмиз. Уларнинг ҳар бири ўз ўрни ва аҳамиятига эгалиги шубҳасиз. Шу билан бирга, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Мустақиллигимизнинг йигирма тўққиз йиллиги муносабати билан тантанадаги нутқи қандайдир бошқача бўлганди. Аниқроқ қилиб айтсак, ўшанда XV аср иккинчи ярмидан сўнг емирила бошланиб, бориб-бориб бутунлай йўққа чиқарилган миллий сиёсий таффакуримиз узил-кесил ўз ўзанига қайтганини тақдиқловчи тарихий воқеа юз берганди.

Бир йилга қайтиб иш кўришимизнинг эса ўз сабаблари бор. 2020-2021 йиллар кишилик тарихида бутун олам аҳли “тожли оғу”га қарши курашган палла сифатида тамғаланиб қолса, ҳеч ажабланмаймиз. Бироқ шахсан биз учун ўтган бир йил, жумладан, ўтган ҳафтадаги икки йирик воқеа –  давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири билан суҳбати ҳамда миллий иқтисодиётимиз илғорлари – ишбилармонлар билан учрашуви, ўзбек жамияти сиёсий тафаккурида юз берган чиндан ҳам тарихий ўзгаришлар нуқтаи назаридан ўта қадрлидир.

Миллий етакчимиз 2020 йил 31августдаги ўз чиқишини “Ҳақ берилмас, ҳақ олинур!”дан бошлагани, бошқаларни билмадик-ку, каминани шошириб қўйганини тан оламиз: “Башарият тарихи шундан далолат берадики, ҳар бир халқ фақат эркин ва озод бўлган тақдирдагина, ўз ҳаёти ва келажагини мустақил барпо этиш ҳуқуқига эга бўлади. “Ҳақ берилмас, ҳақ олинур!” деб миллат озодлиги йўлида жонини фидо қилган улуғ аждодларимизнинг буюк мақсади ҳам шу эди”.

Туркистон бошлиғи, йўлбошчиси шарафига эришган Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Ҳуррият” газетаси 1918 йил 26 январь сонида эълон қилинган мақоласида янграган мазкур чақириқ орадан бир аср ўтиб ўзбек давлати раҳбари даражасида жаранглашининг ўзиёқ шу чоққача ақлга сиғмас саналганини бугун биров тан олади, биров эса йўқ. Бу ерда гап жадидчилик ҳаракати, орадан бир ой ўтар-ўтмас қонга ботирилган Туркистон мухторияти, минтақамиз бирлиги билан боғлиқ масалалардагина эмас. Ҳақ берилмаслиги, балки олиниши фикри шахсан Президент томонидан баралла айтилишида!

Келинг, ўзимизни ўзимиз алдамайлик – биздагина эмас, бутун тарих ва дунёда ҳукмдорлар (хоқонлар, хонлар, беклар, ҳокимлар, шоҳлар, маликлар, қайсарлар, қироллар, кенаслар, бош котиблар, президентлар ва бошқалар) кўпчилик ҳолатларда эл-юртни ўз мулки, Яратган томонидан қилинган инъом ўрнида кўриб, бошқарувда қандай бўлмасин одамлар кўнглини овлаш, уларни чалғитиш, улардан ҳақиқатни яшириш, инсонга хос орзу-истак, умидворликни суистеъмол қилиб келганлари ҳақиқатдир (Франциянинг 1643-1715 йиллардаги қироли Людовик XIV нинг “Давлат бу – мен”ини эслайлик).

Бугун барчага маълум “Нон ва томоша” (“Panem et circenses”) таърифи милод бошлари румлик шоир Ювенал ижодида ўз-ўзидан пайдо бўлган эмас. Гладиаторлар ўртасидаги қонли олишувларнинг бирдан-бир уюштирувчиси Рум императорлари бўлганлари ҳам шундан. “Қора халқ”ни қандайдир тинчлантириш учун уларга текинга чоғир тарқатиш ҳам ўша замонларга бориб тақалади. Бундай сиёсат мустамлакачи-большевиклар ҳукмронлиги босқичида ҳам давом эттирилганини ҳар ким ҳам сезмагани аниқ. Гладиаторлар жанглари томошаси ўрнини қатағонлар, “очиқ ва оммавий судлар”, чоғир ўрнини деярли текин ароқ эгаллаганди. Шу тариқа маст-аласт қилинган, динсиз оммани эса “коммунистик жамият” ҳақидаги чўпчакка ишонтириш қийин бўлмагани шаксиз.

Яратганга шукр, у замонлар, жумладан, бировларга қарамлик давримиз ҳам ортда қолди. Бироқ асорати – неча-неча авлодлар ҳаёли, дунёқараши, турмуш ва ишлаш тарзи бузилиб кетгани-чи?! Мустақилликка эришиб ҳам унга қарши тизимли чоралар кўрилмагани-чи?!...

Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири саволларига берган жавобларидаги ушбу хулосага эътиборни қаратган бўлардик: “Янги Ўзбекистонни барпо этиш – бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир”.

Тоши оғир бу каби фикрни миллатини қаттиқ севиш, унинг учун ҳар нарсага тайёр бўлишдан ташқари, ўзи тегишли эл-юрт тарихи, анъаналари, қадриятлари, дунёқараши, феъл-атвори, имконларини жуда пишиқ билган, дунё ишларидан ўта хабардор шахсгина билдириши мумкинлигига қаттиқ ишонамиз. Ишонибгина қолмай, бу борадаги ўйлар, қийналишлар, армонлар, ўрганишлар йиллар ичра кечганини тасаввур қила оламиз. Акс ҳолда, 2019 йил 21 июнда Сенат минбарида туриб айтилган: “Биз узоқ вақт давомида била туриб, онгли равишда одамларимизни онгсиз қилишга уриндик” сўзлари юракдан отилиб чиқмас эди.

Тарихчи, ўзбек давлатчилиги ўтмишини узлуксиз ва қунт билан ўрганиб келаётган олим сифатида ушбу ҳақиқатнинг қимматини бошқалардан кўра чуқурроқ англаймиз, десак, камтарсизликка йўйилмас. Негаки биздагина эмас, кишилик тарихида давлат қурилмаси пайдо бўлибдики, қандай бўлмасин, инсон ва жамиятни унга бўйсундириш, “ипсиз боғлаш” иши канда қилинган эмас. Амир Темур, Шоҳрух сингари улуғ ва донишманд шахслар майдонга чиққанда, чиндан ҳам юрт гуллаб-яшнаган. Лекин омад ва тасодифга ишониб яшаш неча юз йиллар давомида ҳам одам, ҳам бутун бир миллат умрини беҳуда совуришдек иш эканини ўз узоқ-яқин ўтмишимизда кўрдик.

Тўғри, Президентимиз 2016 йил 19 октябрдаёқ халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қиладиган вақт келгани ҳақида бутунлай янгича сиёсий қарашни илгари сурган эди. Янги Ўзбекистоннинг туғилишини ҳам кўпминг йиллик сиёсий тафаккуримиздаги мазкур инқилобий ўзгариш билан боғласак хато кетмайди. Лекин қарашни воқеликка айлантириш, жамият, энг аввало, сиёсий казо-казолар онгига сингдириш иши қанчалар оғир кечганига ўтган йиллар гувоҳ. Шу муносабат билан, ўтган беш йил, айниқса, ундан олдинги чорак аср, кенг – тарихий маънода эса, сўнгги беш-беш ярим асрга ўта алоқадор бир жиҳатга урғу берган бўлардик.

Миллий етакчимиз Мустақиллик байрамимизнинг ўтган йилги чиқишларини “Халқимизда “Кўз – қўрқоқ, қўл – ботир”, деган чуқур маъноли ибора бор. Бугунги шароитда бизнинг кўзимиз ҳам, қўлимиз ҳам, юрагимиз ҳам ботир бўлиши керак” даъвати билан тугатганлари бежизмаслигига қаттиқ ишонамиз.

Одамни, халқни онгсиз қилишнинг энг осон йўли унинг ўрганиш ва изланиш томирларини кесиш, бичиб қўйишдир. Аниқ ва табиий фанларни менсимаслик, яшашни билим олишга эмас, кун кўришга сарфлаш негизида ташкиллаштириш, дунёдан узилиш, хомҳаёлликка берилиш ақлирасоликнинг энг ашаддий гижжаларидир.

Онгсиз инсон қўрқоқ инсондир. Негаки билими йўқ ой тутилишию чақмоқнинг қаттиқроқ чақишидан ҳам чўчийдиган бўлиб қолади. Устига-устак миллий ёки диний ғурури тутиб, зулм пичоғи суякка тақалиб бош кўтарганида, мустамлакачиларнинг аёвсиз, етти пуштигача эсдан чиқмайдиган қилиб амалга оширилган кўргазмали қирғинлари оқибатида эса, бундай – онгсиз жамият энди юрагини ҳам олдириб қўйиши муқаррар! Оқибати эса маълум: унинг учун қайғурган ва жонини тиккан ойдинларини ҳимоя қилиш у ёқда турсин, ҳеч қурса, ота-боболари сиғиниб келган дини, масжид-у уламолари, тириклигининг ёлғиз манбайи саналмиш бир парча ери, устахонаси, дўконини қўлдан бермаслик учун ҳам бош кўтаролмайди (совет ҳокимияти 1932 йили ҳозирги Ботаника боғи атрофларидаги икки гектарлик боғимизни қўрғони билан бирга тортиб олганида, раҳматли бувам Мулла Зиёнинг “исёни” Бўзсувга бир калла ташлаб чиқиб, муздаккина бўлиб шаҳар ҳовлимизга жўнаш бўлган экан).

Билими, юраги йўқ киши, миллатнинг қўли ишга борадими? Йўқ, албатта. Миттигина юмуш ҳам унга тоғдек туюлаверади. Уни фақат мажбурлаб – қамчилаб ишлатиш мумкин: ариқ қаздириш, пахта тердириш...

Шу ўринда, яна бир ҳал қилувчи, жуда кўпчилигимиз ўйлаб ҳам кўрмаган омилга тўхталишнинг хонаси келди. Ишбилармонлар билан учрашувда давлатимиз раҳбари эл-юртимиз ўртасида ва давлат идораларида тадбиркорларга муносабат ўзгаргани, бизда ерга нисбатан хусусий мулкчилик бекор бўлганидан буён уч-тўрт авлод алмашгани масаласига шунчаки тўхталганлари йўқ, албатта.

Ўтган аср етмишинчи йилларида маҳалламиздаги озиқ-овқат дўконига ҳафтада бир-икки марта гўшт келар эди. Навбат билан бир қўлга (оилага) икки килодан сотиларди. Баъзан умуман келмасди. Шундай пайтларда раҳматли онам билан Эски Жўва бозорига тушардик. Барчага маълум жин кўчалардан бирида қассоблардан “қўлда сўйилган” гўштни икки-уч баробар қимматига сотиб олардик. Улар қалин қоғозга ўралган бир, бир ярим, икки, уч килолик гўшт бойламларини косиблар тиккан чарм тўрваларга солган ҳолда кўзлари оларазак бўлиб асрар эдилар, баъзан “қоч, қоч” ҳайқириқлари остида жин кўчанинг ичкарисига қараб югуриб қолардилар. Савдо барибир тўхтамасди.

Ҳеч эсдан чиқмайдиган, ўша йиллари ҳукмрон тузумнинг табиатини исботлаб берадиган воқеа – совет милицияси томонидан қўлга олинган қассобларга тегишли гўшт бойламлари, адашмасак, Турон кутубхонаси биноси яқинидаги очиқ чиқиндихонага ташланиб, устидан хлор сепиб юборилганига шахсан гувоҳ бўлганмиз. Ўшанда сабабини ҳеч тушунмаганмиз, жонлари жаннатда бўлгур онамиздан сўраганимизда, қандайдир титроқ ва нафрат билан, булар жувармарг бўлсин, уволи тутсин, илойим, деганлари ҳали ҳам ёдимизда.

Мустамлака-совет даврида, яъни атиги ўттиз беш-қирқ йил бурун хусусий мулк ва ишбилармонлик жиноят саналгани, цеховик, чайқовчи, магазинчи, косиб сингари ёмонотлиқлар бўлганини бугун фақат катта ва ўрта авлод билади, холос. Ёшлар, айниқса, тадбиркорлар учун гўёки бир тўқимадек гап.

Ҳатто бир синф сифатида тан олинмаган, демак, одам ўрнида кўрилмаган савдо ва хизмат кўрсатиш ходимлари – аслида ишбилармон кишиларнинг мустақиллик йилларида ҳам юзага чиқишлари ўта қийин бўлгани, оғизда улуғланиб, асраб-авайланганлари билан амалда совет-партия муҳитида илдиз отган қараш моҳиятан сақланиб қолганини очиқ айтишимиз ҳам фарз, ҳам қарз.

Эндиликда, энг катта муаммо саналмиш яширин иқтисодиётнинг ўқ томири ҳам худда шу омил билан боғлиқ, деб биламиз. У ҳам бўлса, соғин сигир сифатида “ардоқланишини” билган ва амалда ҳам шундай бўлиб келган, жумладан, не-не қийинчиликлар билан оёққа қўйган ишини бир кечада олдириб қўйган, турли “топшириқлар”ни молиялаштириш исканжасида қолган тадбиркорлар яқин-яқингача худди мустамлака-совет замонидаги сингари давлат билан мушук-сичқон ўйинини қилиб келганларини бугун ким билмайди дейсиз.

Бу дунёнинг мағзию маъноси, зийнатию тийнати, куч-у қудрати инсон экан, уни етилтирувчи таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш тизимларида барчамизга яхши маълум бўлган, у ёки бу даражада ҳар биримизга тегиб ўтган иллатларни ҳам жамлаб хулоса қилсак, Янги Ўзбекистонга теккан “мерос”ни кўз олдимизга келтириш қийинчилик туғдирмайди, деб ўйлаймиз. Бу ҳақида илк кунларданоқ миллий етакчимиз очиқ-ойдин ва лўнда қилиб айтганлари хотиримиздан чиққани йўқ: аҳвол жуда оғир.

Орадан беш йил ўтди. Чет эл валютасини давлатга мажбурий сотиш, миллий валютани хорижникисига алмаштириш, пулнинг нақд-нақдмаси, ташқарига, айниқса, қўшни юртларга чиқиш-қайтиш, мажбурий меҳнат, автомобиль сотиб олиш, сон-саноғи йўқ маълумотномалар йиғиш ва топшириш, нафақа олиш, уй-жойли бўлиш, ўқишга кириш, боғчага жойлашиш, иш топиш, эътиқодини эркин намоён этиш, илмий фаолият юритиш, ободончилик, кўчаларни асфальтлаш, ёритиш, газ, сув, электр қуввати, хусусий мулкни бузиб ташлаш, арзчиларни қувиб солиш, энг муҳими, ўз фикри ва сўзини очиқ айтолмаслик, ҳақ-ҳуқуқини талаб қилолмаслик сингари гўёки борлиғимизнинг умрбод муаммоларига айланган, жуда кўпчликнинг жонига теккан, бугун айримлари кулгили, айримлари даҳшатли туюладиган хунук ҳолатлар асосан ортда қолди.

Эндиликда табиийликка айланиб улгурган, эркин ва тез суръатларда фаровонлашиб бораётган турмушимиз кўпчилик наздида доим шундай бўлиб келгандек. Ҳолбуки хотиржамликка берилишга ҳаққимиз ҳам, вақтимиз ҳам йўқ. Ўтган йиллар ичида Президентимиз на давлат, на жамиятни бир соатга бўлса-да сусткашликка йўл қўйдирмаётганларининг ҳам, тилга олинган суҳбатда “ўз юртида озод ва эркин ҳаёт, адолатли жамият барпо этишдек улкан мақсадни ўз олдига қўйган ҳар қандай халқ, ҳар қандай миллат оғир, машаққатли ва мураккаб тараққиёт йўлини босиб ўтишини” яна бир урғулаганларининг сабабини ҳам худди шу омил билан боғлаган бўлардик. Негаки, бир томондан, сал бўш қўйилса, ўн йиллар, юз йиллар ичра ўрганган кўнглимизнинг ўртанишга мойилик хатари йўқолгани йўқ. Иккинчи томондан эса, биз йилларни эмас, асрларни бой берганмиз.

Шу билан бирга, биз вақтни қўлдан бердик, имкон ва ишончимизни эмас. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўтган беш йилда юритган ички ва ташқи сиёсати миллатимиз ва давлатимиз имконлари нақадар улуғлигини амалда кўрсатиб берди. Бир-биридан оғир ва катта муаммоларимиз бўлишига қарамай, қўлимиздан катта-катта ишлар келишига ишонтирди. Ўзгаришга юз тутмаган, илк катта-кичик натижаларини бераётган соҳанинг ўзи қолмади. Давлат мустақиллигимизни тиклаганимизнинг ўттиз йиллик тўйига эса, ўз шаънимиз ва тарихий анъаналаримизга муносиб равишда Янги Ўзбекистон – Учинчи Уйғониш даври пойдеворини яратиш шаҳди билан етиб келдик. Энг асосийси, кўзи ҳам, қўли ҳам, юраги ҳам ботирлашиб улгурган одамларимиз, айниқса, ёш авлодни ўз ҳақини олиш, азалий ҳақиқатларни тиклаш, демак, миллий юксалишдан энди ҳеч бир куч тўхтата олмайди.

Азамат ЗИЁ,

ФА Тарих институти директори,

тарих фанлари доктори, профессор