Тадбирда устоз журналистнинг дўстлари, ҳамкасблари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, газета ва журналлар бош муҳаррирлари, жамоатчилик фаоллари, профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.
Тадбирни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори, сенатор А.Кўчимов очиб берди.
“Китобда муаллифнинг Ўзбекистоннинг деярли барча вилоят ва туманларидан, шунингдек, Вашингтон, Нью-Йорк, Москва, Деҳли, Анқара, Макка ва Мадина шаҳарларидан тайёрлаб, воқеа содир бўлаётган жойдан бевосита эфирга узатган репортажлари матнлари ҳам ўрин олган. Шунингдек, тўплам телевидение ва радионинг илмий-назарий асосларига бағишланган мақолаларни ҳам ўз ичига олади”, деди Абдусаид Кўчимов.
Журналистика нафақат ҳодисаларни хабар қилиш, балки уларни таҳлил қилиш, контекст ва муҳитни ҳам ўқувчига етказиш деган маънони англатади. Ҳар бир репортажда ҳақиқий профессионаллик ва масъулият юки бор, бу эса ҳар бир журналист учун фалсафий дарс бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов “Давр журналист нигоҳида” китобида Ирисмат Абдухолиқовнинг ярим асрдан ортиқ ижодий фаолияти давомида кўрган-кечирганлари, бевосита иштирок этган муҳим тарихий воқеа-ҳодисалар ҳақидаги хотиралари жамланганини таъкидлади.
Зеро, китоб муаллифнинг шахсий тажрибаси, журналистика майдонида тўпланган бой ҳаётий мулоҳазаларини ўзида мужассам этганлиги билан аҳамиятли.
Таниқли олим, ёзувчи, филология фанлари доктори Хуршид Дўстмуҳаммад ўз сўзларини шундай бошлади:
“Орадан йигирма беш йил ўтди. Ўша даврга бугун қайта қарасак, айрим ҳақиқатларни очиқ айтишимиз мумкин. Ҳар қандай соҳада салоҳият деган тушунча бор. Инсон эгаллаган касбида жамоатчилик олдида қандай ўрин тутгани, қандай натижаларга эришгани билан баҳоланади. Бу баландпарвоз гаплар билан эмас, балки қилган иши билан ўлчанади.
Мен, журналист сифатида фикр бериб, шундай хулоса қиламан: журналистикада энг қиммат нарса — шов-шув эмас, балки амалий меҳнат ва ҳақиқатни етказишдир. Бу ҳақиқат орқали журналист ўқувчи ва жамият билан мустаҳкам алоқа ўрнатади, вақт ўтиши билан унинг сўзлари ва иши ўз қийматини йўқотмайди”.
Шунингдек, “Дунё ўзбеклари” сайти асосчиси, таниқли журналист Исмат Хушев тадбирда сўзга чиқиб, устозларга нисбатан ҳурматини баён қилди:
“Инсон умри фоний. Йиллар ўтган сари одам ўз ҳаёти, босиб ўтган йўли ва учратган инсонлари ҳақида чуқурроқ ўйлай бошлайди. Айниқса, умрини илмга, сўзга, адабиёт ва журналистикага бағишлаган устозларнинг қадрига етиш жамият учун катта ибрат мактаби. Бугун ёнимизда юрган, кам кўринадиган, кам гапирадиган, аммо улкан ҳаёт мактабини босиб ўтган устозларимизни кўпроқ танитишимиз ва уларнинг сўзини ёшларга етказишимиз керак”.
Ирисмат Абдухолиқов ўз фикрида замонавий журналистикани таҳлил қилди: “Бугун журналистика мутлақо бошқа муҳитда ишлаяпти. Афсуски, айрим газеталар тиражи тушиб кетаётган, ўқувчилар, айниқса ёшлар камроқ мутолаа қилаётган бир пайтда яшаяпмиз. Ахборот майдонида эса блогерлар фаол, ижтимоий тармоқлар асосий саҳнага айланган. Бу жараённи инкор этиб бўлмайди.
“Мен кўпинча чет эл тажрибасига қарайман. Рус тилида, баъзан ғарб журналистлари томонидан тайёрланган материалларни ўқиб, эшитиб ҳавас қиламан. Улар воқеани нафақат яхши ёзади, балки уни кучли оҳанг, аниқ мантиқ ва таъсирчан услуб билан етказади. Бу — катта мактаб”.
У интернет ва замонавий технологиялар журналист учун яратган имкониятларни ҳам таъкидлади: “Бугун интернет, очиқ манбалар, энциклопедик сайтлар журналист учун улкан имконият яратди. Авваллари бир маълумот учун кунлаб кутардик, жойларга борардик. Ҳозир эса уйда ўтириб, бир саволга бир неча дақиқада жавоб топиш мумкин. Бу қулайлик билан бирга масъулиятни ҳам оширди”.
Шу билан бирга, у замонавий журналистлар олдида турган вазифаларни очиқ баён қилди:
“Шуни очиқ айтишим керак: бугунги журналистларимизнинг барчаси ҳам бу имкониятлардан етарли даражада фойдаланяпти, деб айта олмайман. Маҳорат, таҳлил, чуқур ёндашув ҳали-ҳануз етишмаётган ҳолатлар бор. Минг афсус, лекин бу ҳақиқат”.
Ирисмат Абдухолиқoв миллий контент ва ўз таҳлили асосида ахборот бериш зарурлигини таъкидлаб, умид билдирди: “Бугун миллий контент масаласи жуда муҳим. Ўзимизнинг ҳаётимиз, жамиятимиз, дунёда бўлаётган воқеаларни миллий нигоҳ билан, ўз таҳлилимиз асосида ёритишимиз керак. Бошқаларнинг тайёр қарашини кўчириб олиш эмас, балки англаб, ўзимизники қилиб бериш вақти келди”.
“Давр журналист нигоҳида” китоб тақдимоти ёш журналистлар учун катта илҳом манбаи бўлди. Хуршид Дўстмуҳаммад шундай хулоса қилди:
“Журналистлар орасида ўз мавқеига эга Ирисмат Абдуҳолиқов каби устозлар ёшларни руҳлантиради, уларнинг орзуларига қанот бағишлайди. Китобдаги репортажлар ва тарихий жараёнлар матнлари ўша давр манзараларини қайта жонлантириб, журналистиканинг барча соҳалари ва ёшлар учун муҳим ўқув-амалий қўлланма бўлиб хизмат қилади”.
Китоб тақдимоти орқали ёшлар устозлардан сабоқ олиш, касбга садоқат ва одамгарчилик қадрларини англаш имкониятига эга бўлди.
Зулхумор Акбарова