Ҳақорат қилганлик — шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситганлик ёки беодоблик билан қасддан таҳқирлаганлик учун қонунчиликда маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган.
Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ҳақорат қилган шахсга нисбатан 6 млн 600 минг сўмдан 13 млн 200 минг сўмгача миқдорда жарима солиниши белгиланган.
Агар ушбу ҳуқуқбузарлик 1 йил ичида такроран содир этилса, ҳуқуқбузарга нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланади.
Жиноят кодексига асосан ҳақорат қилган шахсга:
— 66 млн сўмгача миқдорда жарима;
— 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
— 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси берилиши мумкин.
Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан ОАВда, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернетда жойлаштириш орқали ҳақорат қилинса, ушбу ҳаракат тўғридан-тўғри жиноят ҳисобланади ва айбдор:
— 66 млн сўмдан 132 млн сўмгача жарима;
— 240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
— 1 йилдан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши мумкин.
Агарда ҳақорат қилиш:
— жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда;
— хавфли рецидивист томонидан;
— туҳмат қилганлиги учун илгари судланган шахс томонидан қилинган бўлса:
У ҳолда 132 млн сўмдан 198 млн сўмгача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, ёки 1 йилгача озодликни чеклаш жазоси тайинланиши мумкин, дея хабар бермоқда Ҳуқуқий ахборот телеграм канали.