Аҳолининг турмуши сифати, фаровонлиги ва даромадини ошириш мамлакатдаги ислоҳотларнинг асосий мақсадидир. Сўнгги йилларда бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар сезиларли натижа кўрсатмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан давлат органлари фаолиятидаги устувор тамойил инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган. Бундай бошқарув фуқароларнинг йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларини қисқа муддатда манзилли ҳал этиш учун яхлит тизимни шакллантириш имконини берди. Натижада энг олис ва бориш қийин ҳудудлар инфратузилмаси ҳам яхшиланди. Саноат тармоқлари кенгайди. Замонавий технологияларга асосланган корхоналар сони ортмоқда.

Муҳими, аҳоли бандлигини таъминлаш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларни эгаллаш учун зарур шароитлар шаҳар ва туман марказлари билан бирга энг чекка ҳудудларда ҳам яратилмоқда.

Барқарор ривожланишни таъминлаш замонавий иқтисодий ўзгаришлар шароитида устувор йўналишлардан. Шу боис, жараёнда стратегик режалаштириш алоҳида аҳамият касб этади. Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида илгари сурилган таклифга мувофиқ, иқтисодиётнинг асосий тармоқларини ривожлантиришга қаратилган концептуал ҳужжат “Ўзбекистон – 2030” стратегияси қайта кўриб чиқилди.

Унинг мақсадли кўрсаткичлари, ҳозирги ўсиш суръатлари чуқур таҳлил қилинди ва жаҳондаги вазиятни инобатга олган ҳолда янгиланди. Ҳужжат лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани, айниқса, алоҳида аҳамият касб этди. Уни такомиллаштиришда фуқаролардан келиб тушган таклифлар ҳам инобатга олинди. Бу эса стратегияни том маънода халқчил ҳужжат, деб аташ имконини беради. Ҳужжатнинг Президентимиз томонидан тасдиқланиши якунловчи босқич бўлди. Айнан шу воқеа 16 февраль куни ўтказилган тақдимотнинг марказий нуқтаси бўлди.

Шу куни давлатимиз раҳбарига энг устувор ислоҳотлар дастурлари ҳамда “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини 2026 йилда амалга ошириш бўйича давлат дастури лойиҳалари юзасидан ахборот берилди. Мазкур лойиҳалар илғор хорижий тажрибага таяниб, мутлақо янги ёндашув асосида ишлаб чиқилди. Уларда давлат сиёсатининг жорий йилдаги асосий йўналишлари ва мақсадли кўрсаткичлари ҳамда уларни амалга оширишнинг аниқ механизмлари белгиланмоқда. Дастурлар давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида илгари сурилган ташаббуслар ва 2026 йил учун энг устувор ислоҳотларни қамраб олган.

Аҳамиятлиси, бу жараёнда “ҳужжат ишлаб чиқишдан натижага эришиш” тамойилига ўтилмоқда. Ҳар бир ташаббусни амалга ошириш механизмлари, йил якунида ижро натижалари бўйича KPI белгиланган. Дастурлар тўғридан тўғри амал қилиш механизмига эга ва айрим ташаббуслар бўйича алоҳида ҳужжат қабул қилишни талаб этмайди. Ҳар бир ислоҳотлар дастури ижроси учун шахсан жавобгар бўлган масъул раҳбар ва мувофиқлаштирувчи давлат ташкилоти белгиланмоқда.

Тегишли фармон билан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури, 337 банддан иборат амалий тадбирлар режаси, ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ва стратегик норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари рўйхати ҳам тасдиқланди.

2026 йилда соҳалар бўйича энг муҳим 59 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ва стратегик ислоҳотларни назарда тутувчи 12 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади. Лойиҳаларни ишлаб чиқишда жамоатчилик фикрини ҳисобга олишга алоҳида эътибор қаратилади.

– Жамоатчилик муҳокамаси натижаларига эътибор берсак, аввало, фармон лойиҳасига фуқаролар қўшимча таклифлар билдирганини алоҳида таъкидлаш керак, – дейди “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков. – Энг асосийси, жамоатчилик муҳокамаларида аҳолининг фаоллиги ошди. Буни юртдошларимизнинг деярли барча соҳада ўз таклифлари билан иштирок этганида ҳам кўриш мумкин.

Давлат дастури 23 январь — 1 февраль кунлари оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларида кенг тарғиб қилинди. Интернетда лойиҳа билан 5 миллиондан зиёд фойдаланувчи танишиб, 22 мингдан зиёд фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди.

Таҳлиллар натижасида конструктив деб топилган 1000 га яқин таклиф саралаб олиниб, давлат дастури лойиҳасига киритилди. Бундан ташқари, АҚШ, Германия, Туркия, Франция, Канада, Жанубий Корея, Япония, Швеция, Португалия ва Қозоғистонда ватандошлар иштирокида муҳокамалар ташкил этилиб, 60 га яқин қўшимча таклиф олинди.

Дастурлар ижросини молиялаштиришга 250,5 триллион сўм ажратилиши ва 50,4 миллиард доллар маблағ жалб қилиниши кўзда тутилган. Давлат дастури ижроси бўйича Адлия вазирлиги ва Ҳисоб палатаси доимий мониторинг юритади. Вазирлар Маҳкамаси ҳар чоракда ижрони муҳокама қилади. Ҳар ярим йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳисобот ҳамда ҳар ойда Президентимизга ахборот киритиб боради. Бириктирилган масъуллар ҳар чоракда ижро ҳолати юзасидан Президентимизга ахборот бериб боради.

Давлатимиз раҳбари тақдимот қилинган лойиҳалар билан батафсил танишди. Тегишли фармонни имзолаб, ислоҳотлар дастурлари ва “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” давлат дастурини тасдиқлади.

Барча ислоҳот ва чора-тадбирлар, аввало, одамлар ҳаётида аниқ натижа бериши, янги иш ўринлари кўпайиши, даромадлар ўсиши ва аҳоли розилигида ўз аксини топиши зарурлиги қайд этилди.

Маҳаллаларга янги Ўзбекистон қиёфаси кириб боради

Мазкур фармон Ўзбекистонда давлат ва жамият бошқарувининг энг қуйи бўғини бўлган маҳалла институтининг ролини янги босқичга олиб чиқишни назарда тутади. “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” доирасида белгиланган вазифалар маҳаллани шунчаки маъмурий тузилма эмас, балки ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотларнинг ўсиш нуқтасига айлантиришга қаратилган.

Бу йўналишдаги ислоҳотларнинг асосий моҳияти қуйидаги муҳим жиҳатларда акс этади.

Иқтисодий фаоллик ва бандлик. Маҳаллаларда 10 мингта ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари амалга оширилиши орқали жорий йилда 100 мингта янги иш ўрни очилади. Бу аҳоли бандлигини таъминлаш билан бирга, маҳаллабай ишлаш тизимининг самарадорлигини оширади.

Камбағалликка қарши кураш. 3500 та маҳаллани камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш мақсади давлатнинг ижтимоий сиёсати манзилли ва натижадор бўлишини таъминлайди.

Инфратузилмани модернизация қилиш. Соҳага йўналтирилаётган 20 триллион сўм маблағ маҳаллаларнинг қиёфасини тубдан ўзгартириш, яъни ички йўлларни тартибга солиш, ичимлик сув ва энергия таъминоти каби энг долзарб муаммоларни ҳал этишга хизмат қилади.

Замонавий бошқарув ва назорат. Ижрони 24/7 режимда онлайн назорат қилиш тизими давлат органларининг маҳалла олдидаги масъулиятини ошириб, муаммоларнинг бюрократиясиз, тезкор ечилишига имкон беради.

Умуман олганда, ушбу ислоҳотлар маҳаллани халқ билан давлат ўртасидаги ишончли кўприкка ва “фаровонлик манзили”га айлантиришни мақсад қилган.

Маҳалла раислари маҳалладаги маблағлар харажатлари бўйича ҳар чорак якуни бўйича халққа очиқ ҳисобот бериш тизими йўлга қўйилади, – дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев. – Маҳалладаги ички йўллар, пиёдалар ва велосипед йўлакларини ташкил этиш бўйича ҳам алоҳида йўналишлар ишлаб чиқилди.

Маҳаллаларда бизнес-инкубаторларни ташкил этиш, дарахтларни кесиш ҳолатлари бўйича жавобгарлик чораларини янада кучайтиришда мақсадида йигирмага яқин йўналишда таклифлар билдирилган. Жами 1 миллион 300 мингга яқин кишининг бандлигини таъминлаш ва 181 минг оилани камбағаликкдан чиқариш масалалари белгилаб олинган. Мол-мулк ва ер солиғининг 15 фоизи, айрим жарималарнинг 10 фоизи маҳаллалар жамғармаларига йўналтирилади.

Технологик ва инновацион ўсиш модели

Давлат дастурида иқтисодий ислоҳотларнинг аниқ йўналишлари ва аниқ натижага йўналтирилган кўсаткичлари белгилаб берилди. Яъни соҳа ва тармоқларни технологик ўсиш моделига ўтказиш орқали жорий йилда ЯИМ ҳажмини 167 миллиард доллар, иқтисодий ўсишни 6,6 фоиз даражасида таъминлаш устувор вазифа бўлади. Шу билан бирга, инфляция даражасини 6-6,5 фоизга тушириш, бюджет тақчиллигини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз даражасида сақлаш, ишсизликни 4,5 фоизгача, камбағалликни эса 2,8 фоизгача тушириш кўзда тутилган. Бу кўрсаткичлар иқтисодий ислоҳотларнинг бевосита инсон манфаатларига хизмат қилишини англатади.

Инвестиция ва хизматлар бозори. Иқтисодиётга 50 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этилиши ва хизматлар бозори ҳажмининг 100 миллиард доллардан оширилиши янги технологиялар ва инновациялар оқимини тезлаштиради.

Қурилиш ва инфратузилма. Қурилиш ҳажмини 30 миллиард долларга етказиш ва 3500 дан зиёд янги хизмат кўрсатиш объектларини ишга тушириш ҳудудлардаги урбанизация ва инфратузилма ривожига кучли туртки беради.

Касбларни ривожлантириш бўйича устувор ислоҳотлар

Касбларни ривожлантириш дастури меҳнат бозорини тубдан янгилаш ва аҳолини оммавий касбий тайёрлашга қаратилган. Дастур доирасида ишсиз ва кам таъминланган 400 минг киши касб-ҳунар, хорижий тил ва тадбиркорликка ўқитилади, 200 мингга яқин мактаб битирувчисининг техникумларда касб эгаллаши таъминланади.

– Жорий йилда Тошкент шаҳри ва вилояти, Бухоро ва Фарғона вилоятларида тўртта дата-марказ, иккита суперкомпьютер ва 15 та ОТМда сунъий интеллект лабаораторияси фаолияти йўлга қўйилади, – дейди олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов. – Бу орқали 100 дан ортиқ сунъий интелект лойиҳалари амалга оширилади. Шу билан бирга тўртинчи саноат инқилоби маркази ташкил этилади. Натижада мамлакатимизда ўрта ва юқори технологик маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмини 5-7 фоиз оширишга эришилади.

Давлат дастурида илмий ишланмаларни иқтисодиёт тармоқларига кенгроқ жорий этиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш мақсад қилинган. Тадқиқотчилар салоҳиятини кучайтириш орқали мамлакатимизда интеллектуал ресурслар кўламини кенгайтириш ва илмий-технологик ривожланишни жадаллаштириш кўзда тутилмоқда.

– Кабий таълим соҳасидаги янгиликлардан бири сифатида дуал таълим иштирокчиларига стипендия тўлаш тартиби белгиланмоқда. Жорий йилнинг ўзида 100 мингдан ортиқ ўқувчи стипендия билан таъминланади. Шунингдек, ҳудудларда Хитой устахоналари фаолияти йўлга қўйилади, – дейди Касбий таълим агентлиги директори Азимжон Ҳусанов. – Шунингдек, касбий таълим соҳасида ўқувчиларнинг халқаро кўрик-танловлардаги иштирокини муносиб рағбатлантириш механизмлари жорий этилмоқда.

Мустақил таълимни ривожлантириш учун 100 дан ортиқ касбни ўргатувчи миллий платформа ишга туширилади ва 24 та малака баҳолаш маркази ташкил этилади. Таълимдан ишга ўтишни таъминлаш мақсадида “Карьера” электрон платформаси орқали 1,6 миллион талаба ва битирувчи, ҳамда 50 мингдан зиёд иш берувчи ягона меҳнат бозорига уланади.

Техникум тизими кенгайтирилиб, 100 мингдан зиёд ўқувчига стипендия тайинланади. Халқаро таълим дастурлари асосида 8000 ўқувчи тайёрланади. Шунингдек, 20 та Ўзбекистон – Хитой устахонаси ташкил этилади. Умуман, дастур оммавий касбга ўқитиш, малака сертификатлаш ва рақамли меҳнат бозори орқали иқтисодиёт учун замонавий, рақобатбардош кадрлар захирасини шакллантиришга қаратилган.

Экологик мувозанатни таъминлаш ва сувдан оқилона фойдаланиш

Экологик мувозанатни таъминлаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича ислоҳотлар мамлакатда “яшил” иқтисодиётни шакллантириш ҳамда табиий ресурсларни тежашга қаратилган устувор чораларни қамраб олади. Ушбу йўналиш доирасида илғор технологияларни жорий этиш ҳисобига 7 миллиард куб метр табиий газ тежалиши, атмосферага 11 миллион тонна зарарли моддалар чиқарилишининг олди олиниши кўзда тутилган.

– Аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиб келаётган кунлик экологик муаммолар ушбу дастурда эътиборсиз қолдирилмаган, – дейди Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси ўринбосари Искандар Қутбиддинов. – Масалан, аҳолининг экологик транспорт, яъни электромобилдан фойдаланишини рағбатлантириш назарда тутилмоқда. Бунда имтиёзли автокредитлар бериш режалаштирилган. Шунингдек, саноат корхоналари атмосферага чиқараётган ташланмаларни камайтириш борасида ҳам қатор вазифалар белгиланган.

Мамлакатимизнинг айрим ҳудуди субтропик иқлимга эга. У ерда иссиқхоналар фаолият юритса, уларга газ, кўмир керак бўлмайди. Буни инобатга олган ҳолда Ташкент шаҳри ва вилояти ҳудудида фаолият юритаётган иссиқхоналар субтропик ҳудудларга кўчирилса, уларга қўшимча солиқ имтиёзлари, субсидия қўлланиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, 504 минг гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий этиш орқали 5 миллиард куб метр сув иқтисод қилинади. Кадрлар тайёрлаш ва экологик маданиятни кучайтириш мақсадида 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб ҳар бир ҳудудда 14 та “яшил” техникум дуал таълим асосида ташкил этилади. Шу билан бирга, эксплуатация муддати ўтган автомобилларни утилизация қилиш ва уларни қайта ишлаш тизими йўлга қўйилади. Электромобиллардан фойдаланиш кўламини кенгайтириш учун аҳолига 16 фоизгача имтиёзли кредит ажратиш тартиби жорий этилади.

Сув ресурсларини тежаш ва инфратузилмани модернизация қилиш ҳам асосий йўналишлардан. Энг асосийси, яқин йилларда сув тежовчи технологиялар кўлами 60 фоиздан 80 фоизга кенгайтирилади. Хусусан, очиқ дренаж, коллектор ва каналларни ёпиқ тизимга ўтказиш, 1300 километр канал ва суғориш тармоқларини бетонлаштириш орқали йилига қўшимча 500 миллион куб метр сув тежаш режалаштирилган.

Умуман, мазкур чоралар экологик хавфларни камайтириш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва аҳоли учун барқарор ҳамда соғлом яшаш муҳитини шакллантиришга қаратилган.

Давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш

Ҳужжатда акс этганидек, давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш мақсадида Олий Мажлис палаталарининг ташқи қарзни бошқариш соҳасидаги, депутатларнинг маҳаллаларда яшил боғлар, яшил жамоат паркларини ташкил этишдаги ваколатлари кенгайтирилади.

Суд-ҳуқуқ тизимида адолат ва шаффофликни таъминлаш мақсадида ўта оғир жиноят ишларини судда жамоатчилик вакилларидан иборат халқ вакиллари ҳайъати иштирокида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилади. Шунингдек, жиноят процессида мажбурлов чоралари қўлланиши устидан суд назорати кучайтирилиб, тергов судьялари ваколати кенгайтирилади.

Бундан ташқари, коррупция, гиёҳвандлик, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик каби жамият учун долзарб таҳдидларга қарши курашишнинг самарали тизими йўлга қўйилиб, ҳуқуқий тартибот ва жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг янги механизмлари жорий этилади.

Дастур халқ муҳокамалари асосида шаклланиб, тасдиқланди. Мақсад ва унга эришиш йўллари белгилаб берилди. Молиялаштириш манбалари аниқ. Фармон билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туман (шаҳар)лар ҳокимларига ислоҳотлар дастурларини ҳудудлар кесимида амалга ошириш бўйича шахсий масъулият юклатилмоқда.

Давлат дастури билан танишар эканмиз, ҳар бир банд, ҳар бир бўлим аниқ мақсад ва натижага асосланганига гувоҳ бўламиз. Асосийси, давлат дастури ижросига нафақат давлат идоралари, балки жамоатчилик ва нодавлат ташкилотлар ҳам кенг жалб этиляпти. Шунингдек, парламент ва жамоатчилик назоратига таянилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, ҳужжат ҳар томонлама пухта ишланган, мақсади эса эзгу. Энг асосийси, бу жараёнда ҳар биримиз дахлдорлик ва масъулиятни ҳис этмоғимиз муҳим аҳамиятга эга.

Лутфулла СУВОНОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири