Сув йўқлиги баҳонасида шу кунга қадар бирон туп ниҳол ўтқазилмади. Туя ўркачли поёнсиз кенгликлар, баланд-паст, тош-шағалдан иборат, кўз илғамас дала-даштлар қаровсиз, кимсасиз ҳудудга айланди...
Қува туманидаги Каркидон сув омбори иншооти қишлоқ хўжалиги тармоқларини ривожлантириш мақсадида 1967 йили қурилган. Унга сув Исфайрам сойи ва Жанубий Фарғона каналидан келиб қуйилади. Иншоотнинг тўлиқ ҳажми 216 миллион куб метрни ташкил этади. Максимал чуқурлиги 70 метр.
Сув омбори атрофида ўзлаштирилмаган 1,6 минг гектар адирлик бор. Ундан шу кунга қадар мақсадли фойдаланмай келинган. Илгари барпо этилган дам олиш масканлари маънан эскирган, қаровсиз, ташландиқ ҳолатга келиб қолганди. Боғ барпо этиш истагидагилар сув етишмаслигидан азият чеккан...
Президентимиз ўтган йили Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Қува туманидаги сув омбори атрофидаги 250 гектар майдонда экотуризм мажмуаси, 100 дан зиёд дам олиш, савдо-сервис ва кўнгилочар масканлар, замонавий меҳмонхона барпо этиш борасида ишга солинмаган имконият борлиги ва ундан унумли фойдаланиш юзасидан керакли кўрсатмалар берганди.
Бу ерда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида улкан қурилиш, бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари бошланиб кетди. Совуқ этни жунжиктирса-да, адирликда кўчат экиш ишлари авжида. Кўчат ортиб бораётган машиналар карвони, боғбонлар ҳаракати бир дам бўлса-да, тўхтагани йўқ. Лойиҳа доирасида бу ерга 300 минг тупдан ортиқ манзарали кўчат ўтқазиш, боғ барпо этиш анъанаси қулоч ёймоқда. Экилган дарахтлар униб-ўсиши учун ариқ очилиб, йўл бўйи янгича ҳаёт, кўрк, ободликка юз тутмоқда. Кенг пайкалларга гўё яшил пояндоз тўшалгандек кўркам, салобат бахш этиб турибди.
— Қишлоғимизга янги ҳаёт, кўтаринкилик, ташаббус кириб келди, — дейди “Толмозор” маҳалла фуқаролар йиғинида яшаётган Бахтиёр Узоқов. — Адирликда боғ барпо этганимга 14 йилдан ошди. Аммо сув таъминотидаги тақчиллик сабаб кўп қийинчиликка дуч келаётгандик. Энди ҳаммаси ортда қолди. Дала-даштларни ўзлаштириш борасида бошланган ташаббус доирасида янги қудуқлар қазиш, йўл ва йўлаклар ётқизиш, мавжудларини таъмирлаш ишлари бажариляпти. Ташаббусдан руҳланиб, 3,5 гектар ерда анор, беҳи, гилос боғлари яратишга киришдик, 15 минг тупдан ортиқ олма, гилос, гулнинг сархил кўчатлари етказиб бериш борасида ишлаяпмиз.
Сув омбори ҳудудида иш бошлаган Каркидон дам олиш масканида йўлга қўйилиши мўлжалланган лойиҳалар яқин йилларда ҳудуд манзарасини том маънода ўзгартириб юборади. 24 гектар майдонда “Сокин ҳудуд” дам олиш масканини бунёд этишга киришилди. Шу мақсадда ҳудудда ер ва иқлим шароитига мос ноёб манзарали дарахт кўчатларини ўтқазиш ишлари жадал бажарилмоқда. “Яшил белбоғ”ларни сув билан мунтазам таъминлаш мақсадида 17 та сув иншооти қазиб, экин майдонларини томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимига бирлаштириляпти.
— Бу ерда аҳоли дам олиши учун мўлжалланган янги масканлар қурилади, — дейди Қува тумани ҳокими Ҳалимжон Умаров. — Замонавий меҳмонхоналар бунёд этилади, хориж тажрибаси асосида гулзорлар яратилади. Ҳудудда ўзига хос ландшафт барпо этиш мақсадида иқлим шароитимизга мос декоратив дарахт ва буталар жойлаштирилмоқда, самарасиз боғлар ўрнида интенсив боғлар барпо қилинади. Ерга асосан ёнғоқ, бодом каби мевали дарахтлар экилади. Уларни суғоришда “Анор” насос станцияси орқали томчилатиб суғориш йўлга қўйилади. Сунъий сув ҳавзаси ҳам қурилади. Ҳудудга киришда йўлнинг икки томони кўкаламзорлаштирилиб, пиёдалар йўлаклари ётқизилади. Лавандазорлар ташкил этилиб, нафақат фарғоналиклар, балки хорижликлар учун ҳам чин маънодаги дам олиш ва туризм масканларига айлантирилади. Экилган ҳар бир дарахтнинг ўз номи, боғбони бор. Бу нав-ниҳолларни баравж ривожлантириш, сувсизлик ва бошқа таъсирлардан ҳимоялаш имконини беради.
Авваллари бу ернинг бир қисмига насос ёрдамида сув олиб чиқилган. Сув иншоотларининг қуввати мавжуд экин майдонларини оби ҳаёт билан таъминлаш имконини бермаган. Шу боис, иш самарадорлигини ошириш мақсадида “Толмозор”, “Шарқий арсиф” насос станцияларини таъмирлаш, янги қувватларни ишга солиш ҳисобига 2000 гектарга яқин экин майдонини сув билан таъминлаш чораси кўрилди.
— Ўтган асрнинг 70-йилларида бу ҳудудни ўзлаштириш борасида саъй-ҳаракатлар бошланган. Аммо сув омбори ўзанига яқин ҳудудда одатий мевали кўчатлар экиш билан кифояланилган, — дейди кекса боғбон Нурмуҳаммад Темиров. — Тепаликларга сув олиб чиқиб, боғ, дам олиш масканлари, сайилгоҳлар барпо этиш имкони топилмаган. Бугун меҳнат қиламан деганга барча шароит ва имкониятлар муҳайё. Боғдорчилик, ободонлаштириш учун муҳим бўлган сув таъминоти яхшиланди. Айни кунда 3,5 гектар ерда интенсив усулда боғ яратишга киришдик. Бу оддий мевали боғларга нисбатан икки-уч ҳисса ортиқ ҳосил беради.
Каркидон сув омбори ҳудудида меҳмонхона, мотель, дам олиш масканлари, кўнгилочар ва сув спорти объектлари, ресторан, пляж зонасини қамраб олган замонавий лойиҳалар амалга оширилади. Шу мақсадда йўл ётқизиш ва йўл кўрсаткичлари ўрнатиш, савдо ва хизмат кўрсатиш тармоқлари фаолиятини ташкил этиш борасида тизимли ишлар қилинмоқда.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар шаҳар ва қишлоқларга файз-барака, мусаффолик олиб кирмоқда. Одамлар яратувчанлик ишлари билан андармон. Ҳудудларда лола, каштан, япон сафораси сингари манзарали дарахт кўчатларини маҳаллий иқлим шароитига мослаштириш, нинабаргли дарахтлар ва манзарали гул кўчатлари етиштириш, турларни кўпайтиришга алоҳида эътибор бериляпти. Кўчат экиш мавсумида нархлар барқарорлигини таъминлаш учун юздан ортиқ ярмарка ва савдо шохобчалари ташкил этилиб, экиладиган дарахт навларининг манзилли дастури шакллантирилди. Ҳар бир кўчатни экиш ва парваришлаш бўйича ўзига хос тавсиялар бериш йўлга қўйилди.
— “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида бошланган кўкаламзорлаштириш ишларига баҳоли қудрат ҳисса қўшишга ҳаракат қиляпмиз, — дейди Қува туманидаги кўчатчиликка ихтисослашган “Водий гуллари” фермер хўжалиги раҳбари Алижон Тожибоев. — Баҳорги мавсумда интенсив боғ барпо қилмоқчи бўлган ҳамюртларимизга 500 минг тупдан ортиқ олма, гилос, ўрик, шафтоли, нок кўчати ҳамда 400 минг тупга яқин 300 турдаги турфа гул ниҳоли, Каркидон сув омбори ҳудудида ташкил этилаётган “Яшил белбоғ” лойиҳаси учун эса нинабаргли кўчатлар етказиб беряпмиз.
Кўчатчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари билан бир қаторда аҳоли томорқаларида ҳам мевали ва манзарали кўчатлар етиштириш анъанаси ривожланмоқда. Турк, Янгиҳаёт, Толмозор, Қақир, Бойистон, Гулистон, Янгичек, Қорақум маҳаллалари кўчатчиликка ихтисослаштирилди.
“Қақир” маҳалла фуқаролар йиғинида бу борада ибратли ишлар оммалашмоқда. Маҳалладаги 1300 оила томорқасидан унумли фойдаланиб, мевали ва манзарали дарахт кўчатларини етиштириб келади. 180 хонадон иссиқхонасида мавсумий гул ва манзарали дарахт кўчатлари парваришланяпти. Истиқболли режалар дастурига кўра, кўчатчиликка ихтисослаштирилган яна 300 та иссиқхона фаолияти йўлга қўйилади. Йўл чети, аҳоли хонадонлари олдида тартиб билан экилган турфа мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ҳар қандай киши эътиборини тортади.
Томорқада манзарали кўчат етиштириш ва парваришлашда Акбаржон Зокировнинг тажрибаси катта. У ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланишга ҳаракат қилиб келяпти.
— Йигирма сотих ерда кўчат етиштирамиз, — дейди томорқачи. — Ўтган мавсумда 30 мингдан ортиқ гул ва мевали дарахт кўчати етказиб бердик. Айни кунда сархил арча, наъматак кўчатлари парваришлаяпмиз. Лола дарахти ва лимуза манзарали гул кўчатлари етиштиришни йўлга қўйганмиз. Бу бир мавсумда 200 миллион сўмдан зиёд даромад олиш имконини беради.
Иш кўлами шунчаки кўчат экиш билан поёнига етаётгани йўқ. Унда ҳар бир дарахтни экиш, сув билан таъминлаш, парваришлаш, ҳашарот ва бошқа зараркунандалардан ҳимоялаш билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратилмоқда.
— “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг бу йилги баҳор ва куз мавсумида вилоятимизда 15,2 миллион туп манзарали, мевали дарахт ва бута кўчати экиш режалаштирилган, — дейди Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи Баҳромжон Жуманов. — Экилган кўчатлар тегишлилиги бўйича ер эгалари томонидан муҳофаза қилинади. Ниҳоллар қуриб қолишининг олдини олиш, озиқлантириш, суғориш, турли касалликларга қарши кимёвий ишлов бериш ва парваришлашга масъуллар бириктирилмоқда. Кейинги уч йилда Фарғона вилоятида 45 миллион туп кўчат ва бута экилиб, яшиллик даражаси 38 фоиздан ошди. Яқин истиқболда бу боғлар ҳудудида аҳоли учун ҳордиқ чиқаришга мўлжалланган яшил табиат масканлари бунёд этиш мақсад қилинган. Бундан ташқари, 17 та чиқинди полигони атрофида терак ва тол кўчатлари экилиб, махсус иҳотазорлар барпо этишга алоҳида эътибор бериляпти.
Ҳудудларни ободонлаштириш, кўркам боғ-роғлар яратиш халқимизга хос фазилатлардан. Бу қадим анъаналар кейинги йилларда янада ривожланиб, тараққий этаётгани, янги ташаббусларга қанот бўлаётгани билан эътиборли.
Расулжон КАМОЛОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири