Аммо пала-партиш, ўзбошимчалик билан даволаниш организмдаги ҳаётий муҳим аъзоларда турли оғир даражадаги асоратлар юзага келишига сабаб бўлиши, тўғри даволаниш учун қимматли вақт йўқотилишига олиб келиши мумкин. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази комбустиология ва токсикология бўйича бош шифокори ўринбосари Мардон НАРЗИЕВ билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.
— Ҳар қандай дори хавфсиз эмас, ҳатто рецептсиз бериладиганида ҳам қарши кўрсатмалар ва ножўя таъсирлар мавжуд. Шунга қарамай, ўзбошимчалик билан даволаниш ва унинг оқибатида юзага келаётган оғир асоратлар учраб турибди. Бу, табиийки, касаллик устидан назорат йўқолиши, инсон саломатлигига таҳдид солиши, айрим ҳолларда нохуш якун топиши мумкин, шундай эмасми?
— Одамлар кўпинча “Агар оғриқ бўлса, мен таблетка ичишим керак” тамойили асосида ҳаракат қилади ва шифокор билан маслаҳатлашмасдан дори-дармонни ўзи танлайди. Натижада у касаллик аломатларини даволайди, аммо асл сабабини бартараф этмайди. Масалан, йўтал вирусли инфекция ва юрак етишмовчилиги аломати бўлиши мумкин. Нотўғри танланган дори ёрдам бермайди. Бундан ташқари, бу қимматли даволаниш вақти йўқолишига олиб келади.
Айрим дорилар кутилмаганда аллергик реакция ёки анафилактик шок чақирса, баъзилари жигар ва буйрак фаолиятига салбий таъсир қилади. Бошқалари эса юрак ритми бузилишига олиб келиши мумкин.
Ўзбошимчалик билан даволаниш шифохонага ётқизишни талаб қиладиган жиддий асоратларга олиб келган ҳолатлар мавжуд. Шунинг учун ҳатто рецептсиз бериладиган дориларни қабул қилишда ҳам турли ножўя таъсирларни ҳисобга олиш муҳим.
Бир неча дорини бирга қабул қилиш ҳар бир дорининг таъсирини сезиларли даражада ошириши ёки сусайтириши мумкин. Озиқ-овқат ва ичимликлар баъзан дорилар сўрилишини ўзгартиради. Тиббий маслаҳатсиз қабул қилинган дори даволаш самарадорлигини пасайтириши ёки организм фаолиятини издан чиқариш эҳтимоли катта. Айниқса, қонни суюлтирувчи дориларни ўзбошимчалик билан ичиш мумкин эмас. Сабаби, қоннинг ҳаддан ортиқ суюқ бўлиши жароҳатларда қон тўхтамай қолишига, инсульт ва бошқа касалликлар ривожланишига олиб келади. Юрак фаолиятига таъсир қиладиган дори-дармонларни қабул қилиш учун, аввало, беморлар кардиолог-терапевт мутахассислар кўригидан ўтиши керак.
Айтайлик, йўтал ва бурун битиши ўткир респиратор вирусли инфекция (шамоллаш) туфайли юзага келиши мумкин, бу кўпроқ илиқ суюқлик ичиш ва уй шароитида парвариш билан даволанади. Аммо у пневмония ва синусит туфайли ҳам келиб чиқади. Бу ҳолатда антибиотик буюрилади. Бемор ёки унинг яқини муайян аломат сабабини мустақил равишда аниқлаши мақбул ҳисобланмайди. Оддий шамоллаш деб ўйлаганимиз ортида ҳам жиддий хасталик бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Яна бир ҳолат. Одамлар соғлиқ билан боғлиқ муаммолар юзага келганда кўпинча поликлиникага мурожаат қилади. Шифокордан ҳар бир касалга индивидуал ёндашиб, барча жиҳатларни инобатга олган ҳолда даво чоралари тавсия қилиш талаб этилади. Афсуски, айрим ҳамкасбларимиз беморга керак-кераксиз текширувлар ўтказиши, шарт бўлмаса-да антибиотик буюриши учраб турибди.
Ўзбошимчалик билан даволанишнинг салбий оқибати узоқ муддатдан кейин ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Мисол учун, антибиотик ва гормонал дориларнинг салбий таъсири кейинроқ сезилади. Антибиотик организм учун фойдали микрофлорани йўқ қилиши ҳамда жигар фаолиятига зарар етказиши мумкин. Антибиотикнинг асосланмаган ҳолатларда кенг қўлланиши оқибатида кейинчалик одамда асаб тизими издан чиқиши кузатилиши тиббиётда исботланган. Чунки инсонни руҳий мувозанатда ушлаб турадиган серотонин моддаси асосан ичакда ишлаб чиқарилади. Ичакдаги микрофлора организмимизга керакли витаминларни ўзлаштиришга ёрдам беради.
Гормонларни узоқ вақт қабул қилиш бўғим касалликлари, коксартроз, жигар касалликлари, гепатит кўпайиб кетишига ҳам олиб келяпти. Гормонларнинг яна бир салбий таъсири, у эндокрин касалликлар, мисол учун, қандли диабет юзага келишига туртки бериши мумкин. Шунингдек, буйрак усти бези етишмовчилигига сабаб бўлиш эҳтимолини ҳам истисно қила олмаймиз. Стрессга мойиллик кучаяди.
Айни пайтда электрон рецепт амалда. Карбамазепин, димедрол, психотроп дори рецепт асосида берилади. Шу сабаб истаган одам уни сотиб ололмайди. Тажрибамиздаги оғриқли бир ҳолатга тўхталмоқчиман. Ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ўрганилганда, қон босимини туширадиган дорилар кўп миқдорда истеъмол қилингани маълум бўлган. Айнан шу гуруҳга кирувчи дорилар ҳам рецепт орқали берилиши йўлга қўйилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
— Антибиотикларни назоратсиз истеъмол қилиш кейинчалик қандай муаммоларни келтириб чиқариши мумкин?
— Биринчи марта ўйлаб топилганда пенициллин яллиғланишларни самарали даволаган бўлса, ҳозир таъсири деярли сезилмай қолган. Кўплаб янги авлод дорилар яратилди, кучли антибиотиклар истеъмолга киритилди. Грипп ёки оддий шамоллаш белгилари кузатилганда кучли антибиотик тавсия этиш салбий оқибатини кўрсатди. Организмнинг чидамлилиги жуда пасайиб кетди. Бактериялар антибиотикларга мослашиб, улар таъсир қилмайдиган шаклларга айланди. Натижада оддий инфекцияларга ҳам баъзан дори таъсир қилмаяпти.
Келгусида инфекциялар туфайли беморларни сақлаб қолиш қийинлашиши мумкин. Бу эса ўлим хавфини оширади. Иқтисодий оқибатлари ҳам оғриқли. Кучли ва қиммат дорилар, ойлаб шифохонада ётиш ва қўшимча тиббий муолажалар ҳар қандай одамнинг тинкасини қуритиши табиий. Чидамли бактериялар одамлар ўртасида кенг тарқалиб, эпидемияни юзага келтириши маҳаллий ва халқаро миқёсда соғлиқни сақлаш тизимига муаммо бўлиши мумкин. Жарроҳлик амалиётлари, орган кўчириш, кимётерапияда инфекцияларнинг олдини олиш қийинлашади.
Ҳозирги пайтда янги антибиотик кашф этиш дунё тиббиётида катта муаммога айланяпти. Бу пневмония ёки бошқа яллиғланиш касалликлари пайдо бўлганда антибиотиклар самара бермаслиги эҳтимоли жуда ҳам катта дегани. Бу эса беморни сақлаб қололмасликка олиб келиши мумкин.
Антибиотиклар нафақат тирик микробларни, балки тирик ҳужайраларни ҳам ўлдириши ёки некрозга учрашига олиб келиши ҳеч гап эмас. Антибиотикдан кейин буйрак қуриб қолиши ёки юракка таъсири кўрсатиши кўп кузатилган. Ўпкада организмнинг иммунитетига қарши курашадиган сапрофит микробларини йўқ қилиши, аллергия кучайишига сабаб бўлиши исботланган. Айниқса, ёшларда кузатилаётган бронхиал астма, аллергик ринит ёки тери касалликлари — булар антибиотикларни пала-партиш қўллаш оқибатида юзага келяпти.
Шамоллашни дорисиз даволаш осон бўлмаслиги мумкин, чунки уни келтириб чиқарадиган турли вируслар мавжуд. Аммо шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда касалликни антибиотиксиз, табиий йўл билан енгишга ҳаракат қилиш лозим. Иммунитетни қўллаб-қувватлаш, тўғри ишлашига ёрдам бериш учун витаминлар, минераллар, ўтлар ва иммунитетни оширувчи бошқа қўшимчалардан фойдаланилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Антибиотиклар вирусларга таъсир қилмайди. Вирусли инфекциялар, шамоллашда кўпроқ суюқлик, мисол учун, наъматак, асалли чой, шарбат ва шўрва ичиш сувсизланишнинг олдини олади. Томоқни илиқ тузли ёки истеъмол содаси солинган сув билан тез-тез чайиш фойда беради. Кўпроқ дам олиш тавсия этилади. Шунда организмнинг инфекцияга қарши курашиш имконияти ортади. Хонани шамоллатиб туриш ва ҳавони намлаш инфекцияга қарши самара беради, иситма бўлганда шифокор тавсияси билан оғриқ қолдирувчи ва иситма туширувчи дорилардан фойдаланиш мумкин.
— Интернет ва ижтимоий тармоқлардаги тиббий тавсиялар ҳақида фикрингизни билмоқчи эдим.
— Илмий далилларсиз интернет ва ижтимоий тармоқлардаги “мўъжизавий тузалиш” ҳақидаги фикрларга ишониш керак эмас. Агар рекламада дори “тез”, “кафолатланган” ёки “универсал” даволаши ваъда қилинса, бу эҳтиёткорлик билан ёндашиш учун сабабдир. Тўғри, айрим тавсиялар малакали шифокорлар томонидан берилади. Баъзан табиблар, биологик фаол қўшимча сотувчилар тавсияларига ҳам кўзимиз тушади. Аммо шифокор кўриги ва назоратисиз турли тавсиялардан фойдаланиш ўринли эмас. Бу беморнинг аҳволини оғирлаштириб қўйиши мумкин.
Айниқса, кейинги пайтда ижтимоий тармоқларда тана вазнини камайтириш бўйича шубҳали рекламалар кўпайиб кетди. Ана шу тарғиботларга ишониб текширилмаган муолажаларни олаётган, натижада оғир аҳволга тушиб қолаётган юртдошларимиз бизга тез-тез мурожаат қиляпти. Бу оғриқли муаммо. Ҳеч қачон, ҳеч нарса қилмай, ётган ҳолда озиш мумкин эмас. Шифокор кўриги, бир қанча текширувлардан сўнг муолажа олиш, тўғри овқатланиш, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш тавсия этилади.
Юртдошларимизда тиббий маданият, соғлом турмуш тарзи қарор топишида шунга ихтисослашган марказларнинг ўрни алоҳида. Масалан, вазн ортишининг олдини олиш учун, биринчи навбатда, жисмоний фаолликни ошириш, тўғри овқатланиш маданиятини шакллантириш, дориларни тартибсиз ва шифокор назоратисиз қабул қилмаслик, стрессга мойилликни пасайтириш тавсия этилади.
— Дори-дармон рекламаси одамларнинг ўзбошимчалик билан даволанишига қай даражада таъсир кўрсатади?
— Рекламанинг таъсири яхшигина сезиляпти десак, хато бўлмайди. Реклама дорининг фойдасини таъкидлайди, натижада баъзи одамлар уни хавфсиз ва ҳамма учун мос деб қабул қилиши мумкин. Бу эса шифокорга мурожаат қилмай, дори ичишга ундайди. Реклама қилинган дорини ичиш билан тузалиб қоладигандек, инсон ўзида касалликни енгиб ўтишга куч топгандек туюлади. Бу дорини назоратсиз, ножўя таъсирларини обдан ўрганмасдан қабул қилишга олиб боради. Гарчи касаллик аломатлари ўхшаш бўлса-да, ҳар бир бемор индивидуал, ички имкониятлари турлича. Шифокор тавсиясисиз, ўзи билганича дори ичишнинг оқибатлари аянчли бўлиши мумкин.
Биологик фаол қўшимча дори эмас, касалликни даволашга мўлжалланмаган. Ҳар қандай дорини харид қилишдан олдин ахборот манбасини текшириш муҳим. Ишончли реклама дори таркиби, қарши кўрсатмалар ва мутахассис маслаҳати зарурлиги ҳақидаги маълумотни ўз ичига олади.
— Шифокор ташхиси нима учун муҳим?
— Мутахассис касалликни аниқ белгилайди. Бир хил белгилар турли касалликларда учраши мумкин. Мисол учун, иситма ва йўтал оддий шамоллаш, вирусли инфекциялар билан бирга бошқа жиддий касалликларда ҳам учраши бор гап. Баъзан инсон ўзини жуда ҳолсиз сезади. Бу витамин етишмаслиги, камқонлик ёки онкологик касалликлар белгиси бўлиши эҳтимоли бор. Буни текширмасдан туриб аниқ ташхис қўйиб бўлмайди. Бош оғришининг сабаблари турлича. Вақтида аниқланган сабаб касаллик кучайиши ва сурункали тусга ўтиши, саломатликка, инсон ҳаётига хавф соладиган бошқа жиддий хасталиклар юзага келишининг олдини олади.
Дорини кичик болаларнинг қўли етмайдиган жойга қўйиш керак. Тажрибамизда катталарга буюрилган дорини ичиб, заҳарланган болалар ҳам учраб туради. Баъзан ота-оналарнинг бепарволиги, тиббий маданият етишмаслиги туфайли содир бўладиган бундай воқеалар аянчли оқибат билан якун топади. Бир оиланинг қувончи, ҳаётимиз давомчиси бўлган болалар саломатлиги ҳамма нарсадан муҳим. Унга дахл қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шундай экан, дори-дармонни сақлаш ва қабул қилишга малака ва билим билан ёндашмоқ керак.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Рисолат МАДИЕВА суҳбатлашди.