Ўқувчилар ўқиб, уқмоқдалар. Китоб инсонни тарбияласа, дафтар ҳуснихатни тоблайди, яъни чиройли ёзиш санъатини намоён этади. Демак, китоб ҳам, дафтар ҳам ўқувчиларга энг яқин ҳамроҳ, дардкашдир. Ана шундай бебаҳо кучга эга бўлган дафтарлар истеъмолчилар қўлига қандай етиб бормоқда? Куни-кеча ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган дафтар муқовасига кўзим тушиб, юрагим ҳаприқиб кетди. Биз болажонларимизга нимани илиняпмиз?! Уларга ҳар томонлама ибрат бўлиш ўрнига, дафтар юзини нотўғри маълумотлар билан “безасак”. Арзимаган чақа деб, болажонларимизнинг маънавиятига, маърифатига лоқайдлик билан қарасак... Мана ўша ҳайратимни оширган дафтар. Эътибор беринг, Абу Райҳон Беруний Муҳаммад ибн Аҳмад (973-1048) бобомизнинг суратлари тагига Абу Али Ибн Сино (1441-1501) деб ёзилган. Янада ғалати жиҳати шундаки, бу расм тагидаги туғилган ва вафот этган санаси эса Алишер Навоий бобомизга тааллуқли.
Шошма-шошарлик эви билан-да, биродар! Моддий манфаат деб, баъзи дафтарларни шу алфозда болажонларимизга тақдим этамизми? Ўқувчилар ҳали оппоқ қоғоз-ку! Биз катталар нима тақдим этсак, шуни ўзлаштиради. Шундайлигича қабул қилади. Айрим ўзбилармонлар пул топаман деб саводсизликни тарғиб-ташвиқ этмаяптимакан? Бировга чоҳ қазисанг, ўзинг тушасан, оғайни. Қайтар дунё, дейдилар. Дўппини олиб қўйиб, бир ўйланг: ўзингиз шундай дафтарларни ўз фарзандларингизга раво кўрасизми? Асло, йўқ!
Биз айбни унга, бунга ағдаришга ўрганиб қолганмиз. Аслида бундай воқеа-ҳодисаларга ҳаммамиз айбдормиз. Кўриб туриб, бепарво бўламиз. Лоқайдмиз. Ўқитувчилар мактабда дафтарга муқова қилдиришади. Чиройли бўлишини таъминлашади. Ўқувчи тартиб-интизомга ўргансин, дафтарни тоза-озода тутсин деб, шундай қиладилар. Юқорида қайд этилган дафтарнинг юзини муқова билан ҳам қоплаб бўлмайди-да. Муаммо ўзимизники. Ечимини ҳам ҳамжиҳатликда ҳал қилмоғимиз керак.
Дафтарлар юзини нотўғри маълумотлар билан тўлдираётган айрим бизнес шоу ходимларига айтмоқчимиз: биринчидан, дафтар юзига чоп этилаётган буюк алломаларимизнинг расмига, иккинчидан, туғилган санасига, учинчидан, тарғибот-ташвиқот қилинаётган материалларга ўта синчковлик билан ёндашинг, жуда эътиборли бўлинг. Йўқса, қош қўяман деб кўз чиқаришингиз ҳеч гапмас...
Раззоқ ШАЙМАРДОНОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими