Мавсумда «Ҳар бир оилага бир қути» тамойили асосида 2 минг 983 қути ипак қурти уруғлари парваришланиб, 170 тоннадан ортиқ ипак саноати учун муҳим бўлган хомашё етиштирилади.
«Дамкўл» маҳалла фуқаролар йиғинида умргузаронлик қилаётган Фотимахон Шодиева чилги ҳосил етиштиришда кўпга ибрат.
– Пиллачилик сердаромад соҳа, меҳнат қилган одам барака топади, – дейди моҳир пиллакор. – Қўлимда ҳунарим йўқ, ишсиз эдим. Маҳалла фаоллари ипак қурти парваришлаш хусусида айтган таклифларига рози бўлдим. Ўтган йили 200 килограммга етказиб ҳосил олиб, 5 миллион сўмга яқин даромадга эга бўлдим.. Бундан ташқари, меҳнат стажига эга бўлиб боряпман. Бу йил 2 қути ипак қурти парваришлаяпмиз. Мақсадимиз, ҳар йилдагидан мўл, сифатли ҳосил етиштириш.
Пилла уруғи етказиб бераётган корхоналар касаначи ва фермер хўжаликларига мавсум билан боғлиқ керакли жиҳозлар етказиб бермоқда.
– Ипак қурти уруғлари плёнка остида парваришланяпти, – дейди Фарғона тумани «Агропилла» МЧЖ раҳбари Ғайратжон Мамиталиев. – Бу самарали усул ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туради. Аввало озуқа базаси тежалади, ипак қурти уруғлари ривожланиш жараёни оддий усулга нисбатан ўн кунга тезлашади. Ҳосилдорлик ортади, пилла сифати яхшиланиб, ипакчанлиги юқори бўлади.
Айни кунда ипак қурти уруғлари озуқа базаси учун муҳим бўлган тут ниҳоллари ҳосилдорлигини ошириш ишларига эътибор қаратилмоқда. Шу кунга қадар 111 гектар ерда янги тутзорлар ташкил этилди.
«Водил ип йигирув» шўъба корхонаси вилоятимиздаги йирик пиллачилик тармоғи ҳисобланади. Корхона мавсум учун сифатли уруғ ва керакли жиҳозлар етказиб бериш, ишчи-хизматчилар манфаатдорлигини ошириш, ҳосилни тўлиқ қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнларини қамраб олган.
– Жорий мавсумда Фарғона, Қува, Олтиариқ, Тошлоқ ва Бувайда туманлари пиллакорлари билан тузилган шартномага мувофиқ 700 тонна пилла етиштиришни кўзлаб турибмиз, – дейди шўъба корхона раҳбари Улуғбек Умрзақов. – Шунингдек, хом ипак, ипак момиғи, атлас ва адрас йўналишларида тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаряпмиз. Ўтган йилнинг ўзида 3 млн АҚШ долларидан ортиқ ипак маҳсулотлари экспорт қилинди.
Пиллачиликни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳоли бандлигини таъминлаш, хомашё эмас, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш, экспорт миқдорини ошириш имкониятини бермоқда.
Сурати бор
Расулжон Камолов,
«Янги Ўзбекистон» мухбири.