Оила ва хотин-қизлар қўмитаси мазкур ҳолат ҳудудий бошқарма масъуллари томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганилганини маълум қилди.

Аниқланишича, видеода Давлатобод тумани “Навбаҳор” маҳалласида яшовчи, 2007 йилда туғилган вояга етмаган Д.Р.нинг хатти-ҳаракатлари акс этган бўлиб, видеолавҳа Янги Наманган туманидаги гўзаллик салони ходимлари томонидан салон мижозлари ва каналидаги обуначиларининг сонини кўпайтириш мақсадида олинган.

Ҳолат юзасидан масъул идоралар вакиллари томонидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу видеолавҳа билан боғлиқ ҳолатлар жамиятда ўрнатилган қоидаларни менсимаслик, қолаверса, турли мақсадлар йўлида вояга етмаган шахсдан фойдаланиш, одамларнинг фикрини манипуляция қилиш, чалғитиш сифатида жамоатчиликнинг ўринли эътирозларига сабаб бўлди.

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳар бир шахс жамиятдаги маърифий қоидаларни ҳурмат қилиши зарур, деб ҳисоблайди.

Ҳолатнинг ўрганиш натижалари бўйича қўшимча маълумот берилади.