Албатта, бу каби ўзгаришлар, замоннинг илғор ютуқлари билан ҳамоҳанг яшаш, одамлар онги шууридаги янгиланишлар мамлакатимизда ҳам ўз аксини топмоқда. Айниқса, кейинги йилларда юртимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар барча соҳани қамраб олди ва янги босқичга кўтарилди. Таълим, тиббиёт, ишлаб чиқариш, хизматлар соҳасида амалга оширилаётган ишлар мамлакат қонунчилиги, хусусан, Бош қонунимизни ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар билан тўлдириш эҳтиёжини юзага келтирди. Жараёнда фақат қонунчилик билан шуғулланувчи шахсларгина эмас, балки жамиятнинг ҳар бир аъзоси фаол иштирок этаётгани янада қувонарли. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти юксалганидан далолат.

Олий таълим соҳасини оладиган бўлсак, 2016 йилда мамлакатимизда 70 га яқин олий таълим муассасаси фаолият юритган бўлса, бугун уларнинг сони 165 тага етди. Ўша йилларда олий таълимда таҳсил олаётган талабалар сони 200 минг атрофида бўлса, ҳозир 500 мингдан ошди. Тизимнинг моддий таъминоти, ўқиш ва ўқитиш шаклларига янгича ёндашув, соҳадаги олий таълим муассасаларига босқичма-босқич молиявий мустақиллик берилиши, халқаро рейтингларда ўз ўрнига эга бўлиш каби талаблар бир қанча ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни талаб қилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилган дастлабки кунлардаёқ аҳоли ва фуқаролардан олтмиш мингдан зиёд таклиф ва мулоҳозалар келиб тушган. Бугун ушбу таклифларнинг аксарияти янги Конституцияда ўз аксини топиши кутиляпти.

Жумладан, Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ботир Мардаев иштирокидаги учрашув “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тарғиботига бағишланди. Учрашувда нотиқ Конституциямиз моддаларига киритилаётган ўзгартиришларнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритди.

Таъкидландики, қонун лойиҳасида иқтидорли ёшларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, таълим олишни давом эттиришини кафолатлаш, таълим муассасалари ва ташкилотларининг хусусий ва бошқа шаклларини ривожлантириш учун давлатнинг тенг шароит яратиши билан боғлиқ нормалар ўз ифодасини топяпти. Қолаверса, Бош қонунимизда ҳар бир фуқаро мактабгача ва мактаб таълими тизимида бепул таълим олиш ҳуқуқига эга эканлиги тўғрисидаги модда ўзгаришсиз қолдириляпти.

Кейинги йилларда олий таълим тизимида қабул қилинган ўнлаб фармон ва қарорлар асосида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, профессор-ўқитувчилар ва талабалар мавсумий меҳнат ва жамоат ишларидан  бутунлай озод этилди. Соҳа ҳодимларининг иш ҳақи бир неча марта оширилди, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмлари кучайтирилди. Бу эса, ўз навбатида, таълим сифати ва натижадорлигига ижобий таъсир кўрсатди. Булардан ташқари, шу кунгача битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш 9 фоиздан 35 фоизгача оширилди.

Айниқса, хотин-қизларнинг таълим олишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Олий таълим тизимининг бакалаврият йўналишида шартнома асосида таҳсил олаётган талаба-қизларга 7 йиллик имтиёзли кредитлар жорий қилинди. 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб магистратура йўналишида таҳсил олаётган талаба аёл-қизларнинг 100 фоиз шартнома пули давлат томонидан тўлаб берилмоқда. Бу каби ўзгаришлар, шубҳасиз, Бош қонунимизнинг олий таълим тизимига оид моддаларига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишига асос бўлади.

Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институти алоҳида олийгоҳ мақомига эришганига ҳали бир йил тўлмади. Шу кунларда институт мутасаддилари, профессор-ўқитувчилар ва талабаларимиз олис, чекка қишлоқлар, тоғолди ҳудудлар, маҳаллаларда бўлиб, Конституциявий ўзгариш ва қўшимчалар киритиш борасидаги тарғибот ишларини олиб боришда фаол қатнашмоқда. Улар таклиф бериш баробарида қонун лойиҳаси мазмун-моҳиятини фуқароларга оддий ва содда тилда тушунтиришга ҳаракат қилмоқда. Талабаларимиз томонидан ўзлари яшаб турган маҳаллаларда, ишлаб чиқариш корхоналарида ўтказилган тадбирлар институтнинг расмий телеграм каналида ёритиб бориляпти.

Зеро, ушбу ҳужжат орқали ҳар бир юртдошимиз ўзи, оиласи, маҳалласи, умуман, давлат ва жамиятни йиллар давомида безовта қилиб келган муаммолар ечимини кўрмоқда. Шу жиҳатдан айтиш мумкинки, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши юртимиз келажаги, ватанимиз тақдири ва келгуси тараққиётимиз учун муҳим аҳамият касб этади. Бу ўз навбатида, фуқароларимиз томонидан билдирилган ҳар бир таклиф ва ташаббус Бош қомусимизнинг янада пишиқ, пухта, том маънода халқимиз хоҳиш-иродасини ифода этувчи Конституция бўлишига хизмат қилади.

Абдуғаффор ЖЎРАЕВ,

Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институти ректори

вазифасини бажарувчи, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор