Шу маънода Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллайдиган ҳар бир Мурожаатномаси халқ ишончини мустаҳкамлашга қаратилган дастурий ҳужжат сифатида намоён бўлмоқда.
Мамлакатимизда сўнгги йиллардаги кенг кўламли ислоҳотлар бугун самарасини бериб, улкан марраларга эришилаётгани алоҳида эътиборга молик. Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига навбатдаги Мурожаатномасида 2025 йил якунлари таҳлил қилиниб, келгусидаги режалар, мақсад-вазифалар белгилаб берилар экан, мамлакатимиз бугунги кунгача эришган натижалари кенг эътироф этилди.
Давлатимиз раҳбари жаҳон миқёсида ишлаб чиқариш ва транспорт-логистика занжирлари узилган, хомашё ва молиявий ресурслар нархи ошган шароитда ҳам юртимиз иқтисодиёти ишончли ва барқарор ўсишда давом этаётганини алоҳида қайд этди. Ўзбекистон тарихида биринчи бор ялпи ички маҳсулот ҳажми 145 миллиард доллардан ошгани, олтин-валюта захирамиз илк бор 60 миллиард долларга етгани, қолаверса, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга, камбағаллик кўрсаткичи йил бошидаги 8,9 фоиздан 5,8 фоизга тушгани ҳар бир соҳадаги изчил ислоҳотларнинг амалдаги самарасидир.
Иқтисодиётни ривожлантириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам натижаларини кўрсатмоқда. Жумладан, иқтисодиётимизга жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 43,1 миллиард долларга етиб, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 31,9 фоизни ташкил этгани тармоқлардаги юксалишлар янада юқори суръатлар билан давом этишига хизмат қилаётганини англатмоқда.
Ҳар бир жабҳадаги барқарор ўсиш ва ривожланиш давлатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини тобора мустаҳкамламоқда. Юксак натижалар дунё ҳамжамияти ва нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилмоқда. Бу эса Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузи янада юксалиб бораётганидан далолатдир. Хусусан, Мурожаатномада қайд этилганидек, Жаҳон банки эълон қилиб борадиган давлатларнинг технологик етуклик индексида Ўзбекистон 71 поғона юқорилаб, дунёнинг топ-10 та мамлакати қаторидан жой олди.
Мурожаатнома тараққиётнинг бугунги ҳолати ва келгуси истиқболларини белгилаб берувчи муҳим сиёсий ҳужжат, стратегик “йўл харитаси” сифатида юртимиз ривожининг янги босқичларини ўзида акс эттирди. Ушбу маърузада жорий йилда амалга ошириладиган энг муҳим 6 та устувор йўналиш ва унинг доирасида қатор мақсад-вазифалар илгари сурилди.
Жумладан, биринчи устувор йўналишда маҳалла инфратузилмасини янада яхшилашга қаратилган муҳим вазифалар белгиланган. Дарҳақиқат, маҳалла инфратузилмасини тубдан яхшилаш орқали юртимизни янада обод ва кўркам қилиш, ҳудудларни тубдан ривожлантириш мумкин.
Давлатимиз раҳбари илк бор маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш учун 20 триллион сўм вилоятларнинг ўзига берилишини, ушбу маблағ маҳаллада иш ўринлари яратадиган, аҳолини даромадли қиладиган лойиҳаларга йўналтирилишини билдирди. Бунда маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси ва маҳалла банкири лойиҳа тақдим қилиб, зарур маблағни олиш имконига эга бўлади. Бундан ташқари, шароити оғир 330 та маҳалла танлаб олиниб, тадбиркорлик инфратузилмаси ҳам ривожлантирилади.
Бу борадаги ишларда ҳаётий лойиҳалар ишлаб чиқиш, уларни самарали йўлга қўйиш, молиявий асос ва ҳисоб-китобларни аниқлаш, маблағларни мақсадли йўналтириш банклар ва уларнинг ходимларидан катта масъулият талаб қилади. Эътироф этиш керакки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда молия тизимини модернизациялаш, банк хизматларини рақамлаштириш ва финтех соҳани ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Банкларнинг корпоратив бошқарувини яхшилаш ва рақобат муҳитини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Онлайн банк хизматлари, мобил иловалар, масофавий ҳисоб очиш ва электрон тўловлар аҳоли ва тадбиркорлар учун қулай имкониятлар яратмоқда. Шу билан бирга, банк соҳасининг асосий вазифаларидан бири бўлган кичик бизнес ва тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш, кредитлаш жараёнларини соддалаштириш ва аҳолининг банкка ишончини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар банк хизматларининг энг чекка ҳудуд ва маҳаллалар ичига кириб боришига хизмат қилмоқда, аҳоли учун янги имкониятларни тақдим этмоқда.
Мурожаатномада иккинчи устувор йўналишда илгари сурилган иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш борасидаги муҳим вазифалар ижросида ҳам банк хизматлари ҳамда тизим вакилларининг ўрни ва иштироки муҳим.
Қулай бизнес муҳитини яратиш борасидаги ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон инвесторлар учун энг жозибадор давлатлардан бирига айланиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари бу борада тўхталар экан, тўққиз йилда барча иқтисодиёт тармоқларига 130 миллиард долларлик хорижий инвестиция олиб келингани, 2025 йилнинг ўзида чет эллик ҳамкорлар билан яна 140 миллиард долларлик янги инвестициявий келишувларга эришилганини алоҳида қайд этди. 2026 йилда эса 50 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиниши айтиб ўтилди.
Дарҳақиқат, жалб этилаётган ҳар бир инвестиция маблағи иқтисодий-ижтимоий ҳаётимизни яхшилашга, ҳудудлар қиёфасини янгилаш ва аҳолининг фаровон ҳаёти учун шарт-шароит яратишга, шунингдек, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, энергия, сув, ер ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланишда самарадорликни оширишга хизмат қилади.
Мурожаатномада янги технологик босқичга ўтиш ва қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш бўйича саноатни ривожлантириш дастури бошланиши маълум қилинди. Бунда келгуси беш йилда саноатда қўшилган қийматни ҳозирги 36,5 миллиард доллардан камида 60 миллиард долларга етказиш, юқори ва ўртадан юқори технологияли тармоқлардаги маҳсулотлар ҳажмини 2,5 баробар ошириш марраси белгилаб берилди. Бунинг учун 2026 йилда 52 миллиард долларлик 782 та янги саноат ва инфратузилма лойиҳасига старт берилиши таъкидланди. Шунингдек, 14 миллиард долларлик 228 та янги йирик қувват ишга туширилиши айтилди.
Умуман, иккинчи устувор йўналишда илгари сурилган ҳар бир ғоя ва ташаббус иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, бугунги фаровон турмушимизни янада яхшилашга замин бўлади. Ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар самарадорлигида эса, албатта, банк ва молия ташкилотлари ҳам ўз йўналишларидан келиб чиққан ҳолда фаол иштирок этиши, амалий ташаббусларга кўмакдош, елкадош бўлмоғи лозим.
Президентимиз ҳар бир чиқишида ривожланишга тўсиқ бўладиган иллат — коррупциянинг олдини олиш, бунга қарши жиддий курашиш зарурлигига алоҳида тўхталиб ўтади. Бу галги Мурожаатномада ҳам олтинчи устувор йўналиш сифатида замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими борасидаги ислоҳотларга тўхталар экан, “Коррупцияга йўл қўйиш – ислоҳотларимизга хиёнатдир. Бу иллатга қарши курашиш бўйича 2026 йилда “фавқулодда ҳолат” эълон қиламиз”, деди.
Шунингдек, барча идораларда комплаенс ва коррупцияга қарши ички назоратга масъул ўринбосар лавозими жорий этилиши айтиб ўтилди. Ҳисоб палатасининг вакили фаолияти йўлга қўйилиб, тизимдаги нопок шахсларни аниқлаш, бюджет маблағлари талон-торож бўлиши ва мансабни суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича таъсирчан назорат ўрнатилиши таъкидланди.
Коррупцияга қарши курашиш борасидаги тизимли ишлар натижасида кўпгина соҳа ва тармоқлардаги коррупциявий ҳолатлар барвақт аниқланиб, ўз вақтида олди олинишига эришилмоқда. Ташкилот ва идораларда коррупцияга қарши ички назорат тизими қатъий тарзда йўлга қўйилиши ушбу жирканч иллатни бартараф этиш, халқнинг пули бўлган бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлайди. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, коррупцияга йўл қўйиш ислоҳотларимизга хиёнат, халқимизга хиёнат, юртнинг янада фаровон бўлишига тўсиқ бўлади.
Айниқса, коррупцион ҳолатлар эҳтимоли юқори бўлган банк ва молия тизимида назоратни тўғри йўлга қўйиш, аввало, тизимга ҳалол, виждони пок ходимларни жалб қилиш, рақамлаштириш жараёнларини янада кенгайтириш зарур. Хусусан, финтех соҳани жадал суръатларда ривожлантириш, онлайн тўлов тизимлари, электрон ҳамёнлар, QR тўловлар ва маркетплейс асосидаги молиявий хизматлардан янада кенг фойдаланишни йўлга қўйиш лозим. Айниқса, финтех компаниялар анъанавий банк хизматларини тез, арзон ва қулай шаклда тақдим этиш орқали бозорда муҳим ўрин эгаллаб бораётган бир пайтда бу соҳани янада ривожлантириш керак. Бу, ўз навбатида, банк хизматларидан фойдаланмайдиган аҳоли қатламини молия тизимига кенг жалб этишга хизмат қилади.
Умуман, давлатимиз раҳбарининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги чақириқларига жавобан молиявий хизматларни тўлиқ рақамлаштириш ва инсон омилини камайтириш, финтех стартаплар учун қулай ҳуқуқий ва регулятор муҳит яратиш, банклар ва финтех компаниялар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, киберхавфсизлик ва маълумотлар ҳимоясини кучайтириш, аҳолининг молиявий саводхонлигини янада ошириш зарур.
Бир сўз билан айтганда, Президентимиз Мурожаатномасида илгари сурилган ҳар бир ташаббус янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида ҳамда халқимиз ҳаётини янада юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода Мурожаатнома мамлакатимизнинг бугуни ва келажагини белгилаб берувчи муҳим дастурий ҳужжат сифатида жамиятни янада жипслаштиришга, ислоҳотлар самарадорлигини оширишга ва барқарор тараққиётга эришишга хизмат қилади. Унда кўзда тутилган ҳар бир мақсад ва вазифани изчил амалга оширишда эса ҳар биримизнинг зиммамизда масъулиятли вазифалар бисёр.
Искандар ТУРСУНОВ
“Оctobank” АЖ бошқаруви раиси,
иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа
доктори
Ҳамкорлик материали