Масъул идоралар уюшган жиноятчилик, наркожиноятлар, кибержиноятчилик ва яширин иқтисодиёт бўйича жиловни қўлга олиб, ходимларининг дунёқарашини ўзгартирса, уларни янгича ишлашга ўргатса, шунда натижа бўлиши кўрсатиб ўтилди.

Шунинг учун ушбу 4 та йўналиш бўйича мутлақо янги тизим яратилиб, биринчи навбатда Тошкент шаҳрида бошланади.

Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни яратиш бўйича «пойтахт намунаси» жорий этилади. Ҳар бир вазир биттадан туманга бириктирилади. Масаланинг муҳимлигини инобатга олиб, Президент Администрацияси вакили ҳам битта туманга бириктирилади.

Ҳуқуқ-тартибот олийгоҳлари қуйидаги муаммоларни илм билан ҳал қилади ва методик тавсиясини туманда жорий этади. Олийгоҳ кафедралари олти ой давомида маҳаллага тушиб, «маҳалла еттилиги» ва ҳуқуқ-тартибот ходимларини ягона дастур бўйича ўқитади.

Ҳуқуқ-тартибот олийгоҳлари 3-4 курс талабалари ҳам дуал таълим асосида профилактика ва жамоат тартибини сақлаш хизматларида амалиёт ўтайди.

Янги тизим асосида хавфсиз муҳит пойтахтга туташ бўлган ва криминоген вазиятга таъсир кўрсатадиган Зангиота, Қибрай ва Тошкент туманларида ҳам яратилади.