Жумладан, жиноят содир этиб, чин кўнгилдан пушаймон бўлган ҳамюртларимизнинг афв этилиши ва уларнинг жамиятга мослашишига кўмаклашиш, «Меҳр» операциялари доирасида уруш ўчоқларидан аёллар ва болаларни қайтариш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш борасидаги Ўзбекистон тажрибаси халқаро ҳамжамият томонидан ҳам кўп бора эътироф этилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, хусусан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ташкилий-амалий ва ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилиб, миллий қонунчилигимизни эса халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга оид ишлар қамрови ҳам тобора кенгайиб бормоқда. Жумладан, Жиноят-ижроия кодeксига ҳам бир қатор ўзгартиришлар киритилди.
Кодекс «Рағбатлантириш чораларини қўллаш тартиби» номли янги 1021-модда билан тўлдирилди. Яъни киритилган 1021-моддага кўра, озодликдан маҳрум этилган шахсларга нисбатан Кодекс 971-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган мезонлар асосида рағбатлантириш чоралари қўлланилади.
Куни кеча Учунчи минтақавий ҳудуд 29-сон манзил колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкум(а)ларни тузалиш йўлига ўтган ёки тузалиш йўлига ўтмаган деб топиш бўйича комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Комиссия аъзолари ҳар бир маҳкум(а)лар бўйича унинг меҳнатга виждонан муносабатда бўлиши, белгиланган меҳнат нормаларини бажариши, онгли равишда мустақил ишлаш кўникмаларининг шаклланганлиги, ўқишга ва касб-ҳунар ўрганишга бўлган қизиқиши, жазони ижро этиш муассасаларида ташкил этиладиган маданий-маърифий тадбирлардаги иштироки, унинг ташаббуси, бошқа маҳкум(а)ларга ибрат бўлишга интилиши, муассасада ўрнатилган ички тартиб-қоидаларига риоя этиши, маҳкум(а)га нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилганлиги, унга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилмаганлигига қараб маҳкум(а)ларни тузалиш йўлига ўтган ёки ўтмаган деб топиш тўғрисидаги хулоса комиссия аъзолари томонидан расмийлаштирилиб маҳкум(а)нинг шахсий йиғмажилдига қўшиб қўйилди.
Йиғилишдан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича Жиззах вилояти вакили билан биргаликда маҳкум(а)ларнинг муаммоларини тинглаб ечими бўйича тушунчалар берилиб уларнинг ҳуқуқлари доимий давлат ҳимоясида эканлиги тушунтириб ўтилди. Маҳкум(а)лар ўзларининг қизиқтирган саволларига тегишли жавобларини олишди. Шундан сўнг колониядаги барча махкум(а)ларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш, бандлигини таъминлаш, қайта жиноят содир этишини олдини олиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар билан танишдик. Қувонарлиси шунда бўлдики ушбу колонияда қулай шароитларга эга бўлган пайпоқ ишлаб чиқариш цехи, тикувчилик цехи, электромантаж ҳамда нонвойхонада барча махкум(а)ларнинг иш бандлиги таъминланиб ойлик маошлари ҳам ўз вақтида берилмоқда экан.
Маҳкум(а)ларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини таъминлаш борасидаги ҳуқуқий ислоҳотлар 29-сон манзил колониясида ўз самарасини бермоқда.
Абдулазиз Хужаков
Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати