Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Ёшлар ишлари агентлиги ахборот хизмати раҳбари Нодир Абдуқодиров қуйидагиларни маълум қилди:

2022 йил 1 августдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар йили 500 нафаргача 14-30 ёшдаги ногиронлиги бўлган ёшларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача (яъни 15 млн.гача) бўлган миқдорда субсидия ажратиш тизими йўлга қўйилади.

 Субсидия 2 та йўналишда ажратилади:

1. Ногиронлиги бўлган ёшларга ўқиш, яшаш ва транспорт харажатларини қоплаш учун;

2. Ногиронлиги бўлган ёшларга асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун.

Ҳужжатлар қандай қабул қилинади?

Ариза берувчи қарорга мувофиқ субсидия ажратишни сўраб мурожаат қилган ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган ногиронлиги бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс (ўн олти ёшга тўлмаган шахс номидан мурожаат қилган унинг қонуний вакили) томонидан нодавлат таълим ташкилотида ўқиш ёки асбоб-ускуна харид қилиш учун субсидия ажратишни сўраб давлат хизматлари марказига мурожаат қилади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Ёшлар ишлари агентлигига бевосита ариза юборади.

Аризаларни қабул қилиш хизмати давлат хизматлари маркази томонидан бепул амалга оширилади.

Қайси йўналишларда ўқиш мумкин:

1. Хорижий (инглиз, немис, француз, испан, итальян, турк, корейс, япон, хитой, араб, форс, ҳинд, пушту, дарий) тиллари;

2. Умумтаълим фанлари (Она тили ва адабиёт (ўзбек тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти), Рус тили ва адабиёти, Тарих, Кимё, Биология, География, Математика, Физика, Информатика);

3. Касбий кўникмаларни шакллантиришга хизмат қиладиган замонавий касблар (Веб дастурлаш, график дизайн, моушн графика, дижитал маркетинг, СММ ва шу кабилар.

Қандай асбоб-ускуналар олиш мумкин:

– мотокультиватор, ўт ўриш ўроқ машиналари, перфоратор, пайвандлаш аппаратлари, ўсимликларга ишлов бериш қурилмалари, дурадгорлик, чилангарлик, қурилиш ускуналари, компьютер жамланмаси ва бошқалар.

Юқоридаги жараёнлар маҳаллалардаги ёшлар етакчилари томонидан мониторинг қилиб борилади.

Маълумот учун, жорий йилда 500 нафар талабгорга субсидия ажратилгандан сўнг субсидия бериш учун ариза қабул қилиш тўхтатилади. Кейинги йиллар субсидия ажратиш учун аризалар 2023 йилдан бошлаб ҳар йили 10 январдан қабул қилинади.