Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигида илмий ва таълим муассасалари томонидан илм-фанни ривожлантириш ҳамда илмий натижаларни тижоратлаштиришга оид тадбирлар ўтказилмоқда. Жумладан, 21–25 февраль кунлари Мудофаа вазирлиги тизимидаги олий ҳарбий таълим муассасаларининг олимлари томонидан яратилган инновацион ишланмаларнинг кўргазмаси бўлиб ўтяпти.
Кўргазмадан мақсад республикамиздаги вазирлик ва идоралар раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар ва талабалар, ишлаб чиқариш ва саноат корхоналари масъуллари, хорижий давлатларнинг ваколатхоналари ҳамда хорижий корхона ва ташкилотлар вакилларини лойиҳалар билан яқиндан таништириб, уларни техник-иқтисодий кўрсаткичлари, бозор ва маркетинг талаблари тўғрисида аниқ фикрларини билиш ва республикамиз иқтисодиётида айланмага киритиш ва энг муҳими, тайёр ишланмаларни тижоратлаштириш ҳамда янги ишланмаларни амалиётга тўлиқ жорий этишдан иборат.
Кўргазмсадан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академиясидан 30 та, Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтидан 20 та, Ўзбекистон Республикаси Олий ҳарбий авиация билим юртидан 10 та, Чирчиқ олий танк қўмондонлик муҳандислик билим юртидан 19 та ҳамда 1 та Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг ҳарбий тайёргарлик ўқув марказига тегишли ишланмалар жой олган.
Ушбу кўргазма ва унинг доирасида ташкил этиладиган тадбирлар Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Мудофаа вазирлиги ўртасида илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлигини янги босқичига олиб чиқишга ва янада ривожлантиришга хизмат қилади.
25 февраль куни «Армия ва халқ якдил» шиори остида семинар ўтказиш режалаштирилмоқда.
Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати