Айни кунларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган аскарлар Қуролли Кучлар сафидан резервга бўшатилиб, уйларига тантанали кузатилмоқда.
Ана шундай тантанали тадбир бугун Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институтида бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурори генерал-майор Шухрат Узаков ҳамда Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Эркин Салихов иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар, мазкур олий ҳарбий таълим муассасасида ҳамда Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳридаги ҳарбий қисмида йигитлик бурчини ўтаб бўлган ёшларга келгуси ҳаёт йўлларида муваффақиятлар тилашди.
Маросимда муддатли ҳарбий хизмати давомида намуна кўрсатган бир гуруҳ аскарларга Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Рустам Жураев томонидан тавсиянома ва ташаккурномалар тантанали тарзда топширилди.