Ҳатто энг тайёркор ва эҳтиёткор шахс ҳам иш вақтида ногаҳон жароҳат олиши ёки вафот этиши мумкин. Шундай вазиятда эса энг муҳими – ходимнинг оиласи моддий қўллаб-қувватланиши кафолатланган бўлиши лозим.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда меҳнат муносабатларини тартибга солиш, ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ижтимоий кафолатларни кучайтиришга қаратилган қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Шу билан бирга иш жойида бахтсиз ҳодисалар ёки ходимнинг хизмат фаолияти давомида вафот этиши билан боғлиқ ҳолатларда унинг оила аъзоларига қандай компенсациялар ва ижтимоий кафолатлар берилиши масаласи жамоатчиликни қизиқтираётган муҳим мавзулардан бири ҳисобланади.

Мазкур масалага аниқлик киритиш мақсадида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси инспектори Бегзод Бегматов билан суҳбатлашдик.

Бахтсиз ҳодиса қандай текширилади?

Мутахассиснинг таъкидлашича, агар корхона ёки ташкилотда меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса содир бўлса, иш берувчи бу ҳақда Давлат меҳнат инспекциясига зудлик билан хабар бериши шарт.

Шундан сўнг ваколатли орган томонидан махсус текширув комиссияси тузилади. Комиссия таркибига иш берувчи вакили, тегишли ташкилотлар ҳамда зарур ҳолларда суғурта компанияси вакиллари ҳам киритилади.

Комиссия ҳодиса сабабларини ўрганиб, ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига қай даражада амал қилинганини текширади. Текширув натижасида ходимнинг вафоти ёки жароҳати ҳақиқатан ҳам меҳнат фаолияти билан боғлиқ экани аниқланса, бу ҳолат расмий равишда рўйхатга олинади.

Қандай компенсациялар тўланади?

Агар бахтсиз ҳодиса натижасида ходим оғир жароҳат олса, иш берувчи унга камида бир йиллик иш ҳақи миқдорида бир марталик нафақа тўлаши шарт. Шунингдек, ходимнинг даволаниш харажатлари ҳам иш берувчи томонидан қопланади.

Агар бахтсиз ҳодиса оқибатида ходим вафот этса, иш берувчи унинг оиласига камида олти йиллик иш ҳақи миқдорида бир марталик компенсация тўлаши керак.

Бундан ташқари, марҳум ходимнинг қарамоғида бўлган оила аъзоларига ҳар ойлик тўловлар амалга оширилади. Масалан, агар ходимнинг вояга етмаган фарзандлари бўлса, улар 18 ёшга тўлгунга қадар ҳар ой маошдан ҳисобланган маблағ билан таъминланади.

Агар марҳумнинг фарзандлари бўлмаса, лекин ишламайдиган турмуш ўртоғи ёки нафақадаги ота-онаси унинг қарамоғида бўлган бўлса, улар ҳам қонунчиликда белгиланган тартибда ҳар ойлик тўловлар олиш ҳуқуқига эга.

Қўшимча ижтимоий кафолатлар

Қонунчиликка мувофиқ, бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этган ходимнинг оиласи учун қатор ижтимоий кафолатлар ҳам назарда тутилган. Масалан, дафн маросими билан боғлиқ харажатлар иш берувчи томонидан қопланади.

Шунингдек, агар марҳум ходимнинг фарзанди олий таълим муассасасида контракт асосида ўқиётган бўлса, унинг контракт тўловини иш берувчи қоплаб бериши мумкин.

Бу қоидалар кимларга тегишли?

Мутахассиснинг таъкидлашича, меҳнатни муҳофаза қилишга оид қонунчилик мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилотларга бир хил татбиқ этилади. Яъни давлат ташкилотлари, хусусий корхоналар, кичик бизнес субъектлари ва якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятида ҳам ушбу қоидалар амал қилади.

Қайси ҳолатлар меҳнат фаолияти билан боғлиқ деб ҳисобланади?

Қонунчиликка кўра, қуйидаги ҳолатларда содир бўлган бахтсиз ҳодиса меҳнат фаолияти билан боғлиқ деб топилиши мумкин:

ташкилот ҳудудида содир бўлса;

хизмат сафари вақтида юз берса;

иш берувчи томонидан ажратилган транспорт воситасида хизмат вазифасини бажараётганда содир бўлса;

хизмат топшириғини бажариш мақсадида бошқа манзилга кетаётганда йўл-транспорт ҳодисаси юз берса.

Бундан ташқари, айрим ҳолатларда юрак хуружи ёки инсульт каби ҳолатлар ҳам меҳнат фаолияти билан боғлиқ деб топилиши мумкин. Масалан, агар ходим узоқ вақт ортиқча ишлагани, доимий руҳий босимда ишлагани ёки дам олиш кунларида ҳам ишга жалб қилингани ҳужжатлар билан тасдиқланса, бундай ҳолатлар ҳам текширув асосида меҳнат фаолияти билан боғлиқ деб баҳоланиши мумкин.

Қаерга мурожаат қилиш керак?

Агар иш берувчи бахтсиз ҳодиса ҳақида ваколатли органларга хабар бермаса ёки ҳолатни яширишга уриниш бўлса, жабрланувчи ёки унинг оила аъзолари Давлат меҳнат инспекциясига, ички ишлар органларига ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Меҳнат инспекциясига мурожаат қилиш бепул ҳисобланади. Текширув натижасида иш берувчи айбдор деб топилса, унга нисбатан маъмурий ёки жиноий жавобгарлик чоралари қўлланилиши мумкин.

Вояга етмаганларни ишга жалб қилиш мумкинми?

Қонунчиликка мувофиқ, 18 ёшга тўлмаган шахсларни айрим оғир ва хавфли ишларга, жумладан қурилиш ишларига жалб қилишга йўл қўйилмайди. Агар иш берувчи бундай ҳолатга йўл қўйса, у қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Мутахассислар таъкидлашича, ҳар бир ходим ўз ҳуқуқларини билиши ва зарур ҳолларда тегишли ташкилотларга мурожаат қилиши муҳим.

Иш жойида бахтсиз ҳодиса фожиали бўлиши мумкин, лекин қонунлар ходимнинг ҳаёти ва оиласининг моддий қўллаб-қувватланишини кафолатлайди. Шу боис ҳар бир ходим ўз ҳуқуқларини билиши ва зарур ҳолларда тегишли органларга мурожаат қилиши муҳим. Меҳнат қонунчилиги нафақат ишлаш, балки ҳаёт ва соғлиқни муҳофаза қилишни ҳам асосий вазифа сифатида белгилайди.

Зулхумор АКБАРОВА