Қуръони карим 3 йил мобайнида ёзилди ва умрбоқий, ҳар икки томонига ҳам ёзиш мумкин бўлган ва сувда ивимайдиган Самарқанд қоғозидан фойдаланилди.

Самарқандлик ҳаттот Абдужалил Эргашев 60х80 ҳажмдаги катта Қуръон китобини ёзди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги хабар бермоқда.

“Ушбу улуғ каломлар битилган китобни уч йил мобайнида 310 вараққа (2 томонлама), 620 саҳифада араб куфи хатида ёзишга муваффақ бўлдим”, - дейди ҳаттот.

Ҳатотнинг айтишича, Самарқанд қоғози ўзининг умрбоқийлиги, ҳар икки томонига ҳам ёзиш мумкин бўлганлиги ҳамда сувда ивимаслиги билан шуҳрат қозонган. Шунинг учун китоб варақларига шу қоғоздан фойдаланилган.

Маълумот учун, Самарқанд қоғози “Конигил-Мерос” қоғоз ишлаб чиқариш ҳунармандчилик марказида ишлаб чиқилади. Қоғозлар аҳоли орасида “балх тути” деб аталувчи тут нави пўстлоғидан тайёрланади. Бугунги кунда самарқанд қоғозидан нафақат Ўзбекистон, балки Япониядаги қадимий ёзма битиклар ва нодир асарларни қайта таъмирлашда кенг фойдаланилмоқда.