Бу ҳақда Президентнинг “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида маълум қилинди.
Фармонга мувофиқ, 2025 йил охирига қадар атмосфера ҳавосининг фон мониторинги учун 347 та автоматлаштирилган станция тўғридан-тўғри шартнома асосида харид қилинади.
Шу билан бирга, “Air Monitoring Tashkent” платформаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигига тегишли 10 та автоматик станция Экология қўмитаси бошқарувига ўтказилиб, улар асосида “Air Monitoring Uzbekistan” марказлашган ягона платформаси ишга туширилади.
Янги платформага харид қилиниши режалаштирилган 347 та станция, Гидрометеорология хизмати агентлиги барча кузатув станциялари, “Замин” фонди кўмагида ўрнатилган 23 та автоматик станция тўлиқ уланади.
Шунингдек, Ушбу махсус лаборатория учун ускуналар ва бошқа жиҳозлар, автоматлашган кичик станциялар (ТИФ ТН коди 9027), ташламаларнинг автоматик мониторинг станциялари (ТИФ ТН коди 9027), автоматик кузатув постлари (ТИФ ТН коди 9027), чанг-газ тозалаш ускуналари (ТИФ ТН коди 8421), локал сув тозалаш иншоотлари (ТИФ ТН коди 8421) ҳамда тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар томонидан маиший ҳаво тозалаш ускуналари (ТИФ ТН код 8509 80) Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилганда божхона божидан озод этилади.
Бундан ташқари, махсус лабораторияга ускуналар ва унга зарур бўлган жиҳозлар, жумладан, термик оптик таҳлилларни олиб бориш учун термо-оптик анализатор ускунаси ҳамда атмосфера ҳавоси намуналарини йиғиб олиш учун 5000 дона кварц филтрлар энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан тўғридан тўғри харид қилинади.