28 сентябрдан бошлаб амалга оширилаётган мазкур парвозлар замонавий ва қулай “Airbus A320neo” самолётларида амалга оширилмоқда. Авиарейслар икки давлат ва минтақаларни бир-бирига янада яқинлаштириш ҳамда сайёҳлар оқимини кўпайтириш йўлидаги муҳим амалий қадам бўлди.

Янги йўналиш бўйича имкониятларни кенг тарғиб қилиш мақсадида Ҳайдаробод шаҳрида “Centrum Air” авиакомпанияси томонидан Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда тақдимот маросими ўтказилди.

Учрашувда элчихона дипломатлари, “Centrum Air” вакиллари, Ҳайдаробод аэропорти маъмурияти, MICE, оилавий ва гуруҳли туризмга ихтисослашган юздан ортиқ туроператорлар, сайёҳлик компаниялари ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Сардор Рустамбоев икки мамлакат ўртасида жадал ривожланаётган сиёсий, иқтисодий ва гуманитар муносабатларнинг аҳамиятига тўхталиб ўтди.

Элчининг таъкидлашича, авиарейслар Телангана штати ва Ҳиндистоннинг бутун жанубий минтақалари билан рақамли технологиялар, фармацевтика, заргарлик ва туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш учун мутлақо янги имкониятлар эшигини очади.

Тақдимот давомида “Centrum Air” компанияси вакили иштирокчиларга парвозлар жадвали ва ҳаво кемалари ҳақида атрофлича маълумот берди.

Ҳайдаробод “Centrum Air” учун Деҳлидан сўнг Ҳиндистондаги иккинчи йўналишга айланди. Ушбу йўналиш нафақат Жанубий Ҳиндистон аҳолисига Ўзбекистонга тўғридан-тўғри саёҳат қилиш имконини беради, балки Тошкент аэропорти орқали Марказий Осиё, МДҲ, Яқин Шарқ ва Европа мамлакатлари бўйлаб қулай транзит йўлакларини тақдим этади.

Тадбир доирасида мамлакатимизнинг бой туристик салоҳияти, замонавий меҳмонхоналар тармоғи ҳамда дам олиш масканларига бағишланган алоҳида тақдимот намойиш этилди. Сўнгги 5–6 йил давомида Ҳиндистондан Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар оқими бир неча баробар ошгани таъкидланиб, янги йўналишлар орқали бу кўрсаткични янада юқори даражага олиб чиқиш учун улкан имкониятлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

Бу борада Ҳайдаробод туризм, талабалар алмашинуви, қариндошлар ва дўстлар ҳолидан хабар олиш ҳамда халқаро транзит саёҳатлар учун беқиёс бозор ҳисобланади. “GMR Hyderabad International Airport Ltd” (GHIAL) вакилларининг таъкидлашича, ушбу янги йўналиш ҳудудлараро боғлиқликни янги босқичга олиб чиқиб, бизнес, савдо ва маданий алмашинувларни сезиларли даражада жадаллаштиради.

Дастлабки рейс Ҳайдаробод аэропортидан GHIAL компанияси, “Centrum Air” ҳамда бошқа мутасадди ташкилотларнинг юқори мартабали вакиллари иштирокида ўтказилган тантанали маросим билан кузатиб қўйилди.