Хабарда таъкидланишича, жорий йилнинг 20 май куни Тошкент вилояти Оҳангарон тумани Ўзар қишлоғи ҳудудидан ўтган “Нурафшон-Оҳангарон” автомобиль йўлининг 52 километрида Оҳангарон йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган, “ВАЗ-2121” русумли давлат рақами 10 Н 526 ЕА бўлган автомашина ЙҲХБ инспекторлари томонидан текшириш учун тўхтатилган.
Шу вақтда ҳайдовчи (1995 йил туғилган) Ғ.Ш.нинг ушбу автотранспортни бошқариш учун меъёрий ҳужжатлари йўқлиги маълум бўлган.
Ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 135-моддаси 1-қисми билан электрон маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашинани вақтинчалик жарима майдонига жойлаштириш учун ЙҲХБ инспектори бошқарувида олиб кетилаётганида, олд ўриндиқда ўтирган ҳайдовчи Ғ.Ш. автранспорт эшигини очиб, ўзини автомашинадан ташлаб юборган.
ЙҲХБ инспекторлари томонидан фуқаро Ғ.Ш.га биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, Оҳангарон шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб борилган.
Шифохонада унга “Бош мия очиқ жароҳати, бош мия қон қуйилиши оғир ҳолати, бош мия силжиб синиш” ташхиси қўйилган.
Жорий йилнинг 6 июнь куни соат 23:00 ларда фуқаро Ғ.Ш. Тошкент шаҳрида жойлашган 39-сонли шифохонада кўрсатилган муолажаларга қарамасдан вафот этган.
Ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан текширув ўтказилмоқда.
Хабарда ижтимоий тармоқ фаолларидан "ҳолат тўлиқ ўрганилиб, вазиятга ҳуқуқий баҳо берилмагунга қадар, “ҳайдовчи аёвсиз калтакланган” каби ёлғон маълумотларни тарқатмаслик, ёлғон шов-шув кўтариш ортидан каналларга "подписчик" йиғишни бошқа вақтга қолдириш" сўралган.