Шу нуқтаи назардан мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш, хусусан, халқ таълими ходимлари малакасини ошириш тизимини тубдан ислоҳ қилиш мақсадида жорий йил 25 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқ таълими соҳасидаги илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди.
Қарорда малака ошириш тизимини тубдан янгилайдиган, таълимдаги муаммоларни ҳал қиладиган, яқин беш йилда натижасини кўрсатадиган ва кейинги тараққиёт даражасини белгилаб берадиган мақсадлар қамраб олинди.
Мазкур қарор билан халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Унда халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимининг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, тизимда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, таълим ташкилотларини илмий даражали кадрлар билан таъминлаш ва илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Вазифалар ижроси — муваффақият гарови
Бугунги кунда халқ таълими тизимида 500 мингдан зиёд ўқитувчи, мутахассис ва раҳбар ходимлар фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг касбий малакасини оширишнинг шаклланган тизимини ислоҳ қилиш мазкур тизим фаолиятини тартибга солувчи кўплаб меъёрий ҳужжатларни танқидий таҳлил қилиш, такомиллаштириш ва мутлақо янги ҳужжатлар ишлаб чиқишни тақозо қилади. Шунинг учун ҳам халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожланиш тизимининг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш асосий вазифалардан этиб белгиланди. Ушбу вазифалар ижроси юзасидан халқ таълими вазирлиги раҳбарлигида институтимиз мутахассислари томонидан 20 дан ортиқ ҳужжат ишлаб чиқилди ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Фанлар академияси, Олий аттестация комиссияси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги каби қатор ташкилотлар билан биргалиқда тасдиқланди.
Халқ таълими тизимининг, хусусан, умумий ўрта таълимнинг савияси кўп жиҳатдан унда фаолият кўрсатаётган ходимларнинг касбий салоҳияти билан белгиланади. Мактабдаги таълим сифати ундаги ўқитувчиларнинг савиясидан юқори бўлолмайди. Ушбу объектив ҳақиқатлар тизимдаги, хусусан, мактаблардаги таълим сифати уларда фаолият кўрсатаётган ходимларнинг касб маҳоратига боғлиқлигини ифодалайди. Шунинг учун ҳам қарорда белгиланган вазифаларнинг аксарияти айнан халқ таълими ходимларининг касбий ривожлантириш тизимини ислоҳ қилишга қаратилган.
Ушбу йўналишда халқ таълими ходимлари малакасини оширишнинг амалда бўлган ва 3-5 даврийликка асосланган ҳамда замон талабларига жавоб бера олмаётган тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича белгиланган вазифалар ижроси таъминланди. 2021 йил март ойидан бошлаб халқ таълими ходимларининг ҳар йили малакасини оширишни кўзда тутувчи Узлуксиз касбий ривожлантириш тизими жорий этилди.
Мазкур тизим халқ таълими муассасалари педагогларига 36 соат, раҳбар ва мутахассис ходимларга 30 соат ҳажмдаги малака ошириш дастурларини улар истаган вақт ва жойда ўзлаштириш имкониятини беради. Бу тартибга кўра, ходимлар малака ошириш учун аввалдан белгилаб қўйилган ва ўзгартирилиши мумкин бўлмаган ҳудудий малака ошириш муассасасида белгиланган муддатда малака ошириш мажбуриятидан озод қилиниб, хоҳлаган ихтисос лашган таълим муассасасида, жумладан, педагогик йўналишдаги олий таълим муассасаси ва нодавлат таълим муассасаларида ҳам малака ошириш имкониятига эга бўлди. Тақдим этилган яна бир қулайлик — “Узлуксиз касбий таълим” махсус электрон платформаси педагогларнинг мустақил таълим олиши учун чексиз имкониятлар яратди. Бундан тўлақонли фойдаланиш учун малака ошириш таълимида кредит модуль тизими жорий этилди. Унга кўра, ходим малака ошириш дастурини хоҳлаган вақт, муддат ва сураътда ўзлаштириши ва белгиланган кредитларни тўплаши мумкин. Белгиланган кредит балларини нафақат тасдиқланган малака ошириш курсларида, балки ўзларининг касбий эҳтиёжидан келиб чиқиб мақсадли, муаммоли ва муаллифлик курсларида ҳам ўқиш орқали тўплаши мумкин.
Ислоҳотлар илмий-тадқиқотлар натижаларига асосланади
Ҳар қандай ислоҳот пухта ва илмий жиҳатдан асосланган режаларга мувофиқ амалга оширилади. Институтимиз ўз илмий фаолиятини халқ таълими тизимида мавжуд муаммоларни ўрганишдан бошлади ва ўрганишлар натижасида 26 та илмий муаммо аниқланди.
Институт таркибидаги 6 та илмий-тадқиқот бўлимининг ихтисослашувидан келиб чиқиб, мазкур муаммолар бўйича илмий изланишлар бошлаб юборилди. Бунда ҳар бир муаммони ҳал қилишда алоҳида лойиҳа сифатида ёндашув асосида, олиб борилаётган тадқиқотлар амалий натижалар билан тугашига ва улар тизим фаолиятига амалда жорий этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, халқ таълими ходимларининг касбий стандартларини яратиш билан боғлиқ муаммолар “Умумий ўрта таълим мактаб ўқитувчисининг касбий стандартини амалиётга татбиқ этиш бўйича методик қўлланма яратиш ва тренер-тестологларни тайёрлаш” лойиҳаси, халқ таълими ходимларининг узлуксиз касбий ривожланиш таълимини жорий этишга доир муаммолар “UPGRADE” лойиҳаси, мактаблардаги таълим сифати ва ўқувчиларнинг билим савиясини баҳолашга доир муаммолар “Умумтаълим муассасалари битирувчиларининг она тили (ўзбек тили) фани бўйича малакасини баҳолаш ҳамда 14 та фандан тест тизимини ишлаб чиқиш” каби қатор лойиҳаларни амалга ошириш орқали ҳал этилмоқда.
Мазкур лойиҳаларни бажаришда нафақат институтимиз илмий ходимлари, шу билан бирга, танлов асосида саралаб олинган малакали ўқитувчилар ва соҳа мутахассислари ҳам муваффақиятли иштирок этмоқда.
2022 йилда мактаблардаги таълим сифати PISA халқаро баҳолаш дастури доирасида ўрганилади. Мазкур ўрганиш ва баҳолашда мамлакатимиз илк бор иштирок этишини инобатга олсак, ўқувчи ва ўқитувчиларнинг мазкур тадқиқотларга муносиб тайёргарликка эга бўлишини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Ушбу долзарб муаммони ҳал қилиш учун институтимизда “STesting” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа натижасида халқаро баҳолаш дастурлари (PISA, TIMSS, PIRLS) доирасидаги топшириқларни ўзида мужассам этган тренажёр тест платформаси ишлаб чиқилди ва ўқувчиларни халқаро тадқиқотларга тайёрлаш учун видеоролик лар яратилмоқда.
Институтда амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишларига халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказларининг профессор-ўқитувчилари ҳам фаол жалб этилаётир. Жумладан, Самарқанд вилоят ҳудудий маркази профессор-ўқитувчилари томонидан бошланғич синф ўқитувчиларини узлуксиз касбий ривожлантиришни ташкил этиш ва такомиллашти
ришга доир лойиҳа муваффақиятли амалга оширилмоқда. Илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва ривожлантириш учун малакали кадрлар етиштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Институтда фаолият кўрсатаётган докторантурада бугунги кунда 6 нафар таянч докторант ва 1 5 нафар мустақил илмий-тадқиқотчи таълимни ривожлантиришнинг долзарб муаммоларига доир мавзуларда илмий изланишлар олиб бормоқда. 2020 йилнинг август ойидан шу кунга қадар институт илмий ходимлари, докторант ва мустақил тадқиқотчилар томонидан битта докторлик, 5 та фалсафа доктори илмий даражасини олиш учун диссертациялар муваффақиятли ҳимоя қилинди. Кадрлар тайёрлашда узвийликни таъминлаш мақсадида 2021–2022 ўқув йилидан бошлаб институтда “Таълим менежменти” ва “Катталар таълими” мутахассисликлари бўйича магистратура ўз фаолиятини бошлади.
Таълимни ривожлантириш йўлида ҳамкорлик
Юқорида қайд этилган қарорда халқ таълими соҳасига доир муаммоларни ҳал қилишда турли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган вазифалар алоҳида белгиланган. Уларнинг вазирлигимиз билан биргаликда қабул қилган қўшма қарорлари ва чора-тадбирлари халқ таълими ходимларининг узлуксиз касбий ривожланишини йўлга қўйишда алоҳида аҳамият касб этади. Масалан, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан докторантурага квоталарни ошириш, докторант ва илмий-тадқиқотчиларни хорижий илмий стажировкага юбориш, институт илмий-тадқиқотчиларига халқаро илмий ахборот базаларидан фойдаланиш имкониятини яратиш борасида амалий ёрдам кўрсатилаётган бўлса, Давлат статистика қўмитаси томонидан институт илмий изланувчиларига кўп йиллик статистик маълумотлардан фойдаланиш имконияти яратилди.
Бу маҳаллий ҳамкорлик намуналари бўлса, халқаро илмий ҳамкорлик бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам талайгина. Бугунги кунда институт 10 дан ортиқ халқаро ташкилотлар ва хорижий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари билан илмий изланишлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумлар имзолаган. Пандемия шароитидан келиб чиқиб ҳамкорлик тадбирлари вебинарлар, онлайн учрашувлар, конференциялар шаклида амалга оширилмоқда. Келгусида илмий-тадқиқотчилар, докторант ва стажёрларни алмашиш дастурларини амалга ошириш ҳам режалаштирилган. Институтнинг Герцен номидаги Санкт-Петербург давлат педагогика университети билан илмий ва методик ҳамкорлиги негизида давлатлараро шартнома асосида Ўзбекистон умумтаълим мактабларида рус тилини ўқитиш сифатини ошириш бўйича “Зўр!” (Класс!) лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасида 2021 йил январь ойидан 30 нафар мутахассис ва 70 нафар ўқитувчи 14 та малака ошириш маркази ва 70 та мактабда фаолият олиб борди. Таянч мактаблар негизида рус тили ўқитувчиларининг методик кунларида ҳафтанинг ҳар сешанба куни мактаб ўқитувчиларининг малакаси оширилди. 9987 нафардан ортиқ ўқитувчи рус тилини чет тили сифатида билиш ва ўқитиш маҳорати бўйича махсус методика синовидан ўтказилиб, сертификатга эга бўлди.
9-11-синфларнинг 2260 нафардан ортиқ ўқувчисига ҳам сертификатлар тақдим этилди. Юқори — C1 натижа кўрсатган ўқитувчиларга эса рус тилини билиш халқаро сертификати берилди.
Ислоҳотлар истиқболи
Юқорида амалга оширилган ишлар ҳақида қисқача тўхталдик. Ҳали олдимизда белгилаб берилган вазифалар жуда кўп. Халқ таълими ходимларининг “Ҳаёт давомида ўқиш” тамойили асосида узлуксиз касбий ривожланиш таълимини тўла жорий этиш, ушбу йўналишдаги илмий-тадқиқот ишларини жадаллаштириш, соҳанинг мавжуд муаммоларини тадқиқ қилиш асосида ривожланиш истиқболларини белгилаш, доимий фаолият кўрсатувчи илмий мактаблар ишини йўлга қўйиш, магистратура ва докторантура орқали юқори малакали илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш каби қатор вазифалар институтнинг яқин келажакдаги режаларидан ўрин олган.