Ҳеч бир саноат корхонаси йўқки, келиб чиқиши, қайси тармоққа мансублиги, қандай хомашё ишлатиши, қайси ҳудудда жойлашганидан қатъи назар, атроф-муҳитга муайян даражада техноген хавф туғдирмаса.

Улар фаолияти оқибатида табиатда антропоген ўзгаришлар кўпайиб боради ва ер юзида глобал экологик фалокатлар ортади. Ишлаб чиқариш корхоналари чиқиндилари таъсирида сўнгги вақтларда иқлим ўзгариши билан боғлиқ турли экологик ўзгаришлар  юзага келаётгани бунинг ёрқин далилидир.

Қолаверса, корхоналарда ишчи ­ходимларнинг меҳнат муҳофазаси таъминланмагани, саноат хавфсизлиги билан боғлиқ билимлар етарли эмаслиги ёки иш пайтидаги эътиборсизлик натижасида ҳам авариялар содир бўлиши кузатилади. Натижада атроф ­муҳитга кўплаб зарарли моддалар ташланади, ишчиларнинг шикастланиши, оғир тан жароҳати олиши ва ўлим билан боғлиқ нохуш ҳолатлар содир бўлади.

Шу боис, олий ва ўрта махсус таълим масканларида мутахассисларни ўқитишда “Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги” фанининг аҳамияти ва ўрни беқиёсдир. Зеро, бу фанни ўқиган бўлажак мутахассислар эҳтимолий хавфнинг олдини олиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларда тезкор қарорлар қабул қилиш каби хусусиятларга эга бўлади.

Афсуски, бугун Ўзбекистонда бу фанга ажратилган дарс соатлари кам ва талабаларнинг соҳани тўлиқ эгаллаши учун етарли эмас. Ҳолбуки, бугун жадал ривожланиш йўлига ўтган мамлакатимизда саноат хавфсизлигини таъминлаш, хавфсиз ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали экологик муаммоларни бартараф этиш долзарб масалалардан бири бўлиб бормоқда.

Замон ўзгаряпти, техника тараққиёти илгарилаб, саноат корхоналари сони кўпайиб бормоқда, янги, ҳар томонлама мукаммал технологиялар кириб келмоқда. Бундай шароитда замонавий саноат корхоналари ҳам илм­-фан ривожига ўз ҳиссасини қўшиши керак. Хусусан, улар ўзларидаги замонавий технологияли ишлаб чиқариш участкаларида саноат хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазаси бўйича чуқур билимларга эга мутахассислар ишлашини хоҳласа, албатта, шу замонавий технологияни ўзида акс эттирган лабораториялар, ўлчов асбоблари, керакли техник ҳужжатлар билан корхона профилига тааллуқли бўлган олий ўқув юртларининг тегишли меҳнат муҳофазаси, ҳаёт фаолияти хавфсизлиги кафедраларини беғараз таъминлаб беришлари мақсадга мувофиқ. Шунда ўқиш давомида замонавий технологияни, замонавий ўлчов асбобларини кўриб, билимини мустаҳкамлаган талаба ишга борганида ўзини сувсиз қолган балиқдек ҳис қилмайди. Балки ўз билимини намоён этади ва ишлаб чиқариш корхонасига катта фойда келтиради.

“Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги” фани ишлаб чиқаришда, турмушимизда жуда зарур билимлар беради.  Шунинг учун бу фанни ривожлантириш, дарс соатларини керакли даражага етказиш, кафедраларнинг моддий-­техник базасини мустаҳкамлаш, саноат корхоналаридаги саноат хавфсизлиги, меҳнат муҳофазаси билан боғлиқ муаммоларни магистрлар, докторантларнинг илмий мавзуларига боғлаш, уларни бажариш учун лойиҳа грантларига кўмаклашиш ишларини йўлга қўйиш лозимдир.

Жамият тараққиётининг ҳозирги босқичида  инсон хавфсизлиги, соғлиғини таъминлаш тобора мураккаблашиб бормоқда. Чунки биз турли хавф­-хатарларга тўла замонда яшамоқдамиз.

Содир бўлган фавқулодда вазиятларнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлили уларнинг 80 фоизга яқини инсон фаолияти билан боғлиқ эканини кўрсатади. Қурбон бўлганларнинг 40 фоиздан ортиғи табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар шароитига тўғри баҳо бера олмаслиги, айниқса, мазкур шароитда тўғри ҳаракатланиш йўлларини топа олмаслиги оқибатида нохуш ҳолатлар юзага келади.

Жаҳон тажрибаси кўрсатадики, жабрланганлар сонини камайтиришда аҳолининг фавқулодда вазиятлар шароитидаги хавфсизлик маданиятини ошириш, хавфсизликни самарали тарғибот ва ташвиқот қилиш, ўргатиш муҳим омилдир. Бунда эса, шу соҳадаги малакали ва билимли мутахассисларнинг ўрни беқиёс. Фикримизча,  бундай тайёргарлик доимий, мунтазам, узлуксиз тарзда оилада, маҳаллада, мактабгача таълим  муассасаларида ҳамда умумий ўрта ва олий таълим муассасаларида “Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги” фанини ривожлантириш орқали амалга оширилмоғи лозим.

Мазкур таълим йўналиши хусусиятига мос бўлган амалий ва лаборатория дарсларининг бир қисмини кафедраларнинг корхона ва ташкилотлардаги филиалларида ўтказиш бўйича тавсиялар тайёрлаш, малакавий амалиётларни республика, вилоятлар, шаҳарлар  ва  туманлардаги фавқулодда вазиятлар бошқармалари ва бўлимларида, санитария­-эпидемиология марказларида, қутқарув хизматларида ва ишлаб чиқариш корхоналарининг саноат хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазаси бўлимларида ўтишлари бўйича тавсия ва кўрсатмалар ишлаб чиқиш зарур.

Маъруфжон МУСАЕВ,

Тошкент давлат техника университети,

ҳаёт фаолияти хавфсизлиги кафедраси мудири,

техника фанлари номзоди, профессор