Президентимизнинг ташриф чоғида “Ҳар бир ёш ҳақида ота-онаси қандай қайғурса, мен ҳам шундай қайғураман”, – деганликлари ёшларга фахр-ифтихор бағишлаб, янги-янги марралар сари ундади.
– Ҳаёт – кураш, рақобат. Бу курашда ким кучли бўлади? Ақлли, билимли, меҳнат қилган. Бугун ёшлар давлатимизнинг эътиборини ҳис этиши, кўп ўқиб, кун сайин билимини ошириб, ривожланишда давом этиши керак, – деди давлатимиз раҳбари.
Бугун мамлакатимизда ёшлар сиёсати – давлат сиёсати даражасига кўтарилганки, буни ҳар нафасда барчамиз ҳис этиб турибмиз. Хусусан, ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётир.
Ташриф давомида келгусида вилоятда ўзлаштирилмаган ерларни ажратиб бериш орқали Фарғона вилоятида 200 минг нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилгани, жорий йилда Фарғона вилоятидаги 19 та туман ва шаҳарларда биттадан Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ташкил этилиши, “Ёшлар: 1+1” лойиҳаси доирасида 8 мингдан зиёд ишсизлар тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитилиши белгилангани ҳам ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Албатта, ташрифдан келиб чиқиб биз, депутатлар ҳам олдимизга бир қатор вазифаларни белгилаб олдик.
Ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишда депутатларнинг ҳам ўрни ва иштирокини алоҳида таъкидлаш ўринли. Депутатнинг ҳар бир сайловчи, ҳар бир фуқаро, бутун халқимиз ва Президентимиз олдида юксак масъулият юки бор. Бу муқаддас юкнинг номи – халқимиз фаровонлигини янада ошириш, Ўзбекистонимизнинг энг ривожланган демократик давлатлар сафидан мустаҳкам жой олиши учун шу юрт фарзанди сифатида муносиб ҳисса қўшишдир. Ана шу йўлда биз, депутатлар зиммамиздаги масъулиятни икки карра ошириб, сайловчиларнинг фаровон ҳаёт кечиришига ўз ҳиссамизни қўшажакмиз.
Нурилло ПИРМАТОВ,
Халқ депутатлари Данғара туман Кенгаши депутати.