Ҳаракатлар стратегияси доирасида инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш борасида амалга оширилган ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ишлари юртдошларимиз ҳаётида ўчмас из қолдирди.
Янгиланаётган юрт ислоҳотлари, “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган ишлар оддий инсонлар ҳаёти, кундалик турмушида, қўйингки, ҳар бир қадамида қуёш сингари балқиб, нур таратмоқда. Энг муҳими, одамлар бугун ўз ҳаётидан мамнун ва рози бўлиб яшаяпти.
Биз сўнгги йилларда ҳаёти туб бурилиш ва гўзал ўзгаришларга юз тутган, эзгу мақсадларига эришган юртдошларимизнинг фикрлари билан қизиқдик, уларнинг дил изҳорларини ёзиб олдик.
Орзуимиз ушалди: энди биз ҳам Ўзбекистон фуқаросимиз!
Лариса ЭРНАЗАРОВА,
Бухоро вилояти Қоракўл тумани:
— Асли Озарбайжон диёрида туғилиб ўсганман. Тақдир нафақат турмуш ўртоғим билан учраштирди, балки дил ришталаримизни ҳам муҳаббат билан мустаҳкам боғлади. Кўҳна Бухоронинг Қоракўл туманига келин бўлиб тушганимда 21 ёшда эдим. Бугун 53 ёшдаман.
Турмуш ўртоғим (раҳматли) Нодир Эрназаров бой-бадавлат бўлмаса ҳам, инсофли, диёнатли, оилани муқаддас билувчи инсон эди. Бирин-кетин фарзандларимиз Нодир, Тофиқ ва Акобир дунёга келди. Ўғилларимиз ҳаётимиз безаги, умримизнинг мазмунига айланди. Турмуш ўртоғим билан ҳамжиҳатликда ўтган йилларнинг қувончи ва турмушнинг залворли “мушт”ларини биргаликда баҳам кўрдик. Лекин ҳеч қачон ҳаётимиздан нолимадик.
Аммо юрагимизда бир кемтиклик бор эдики, уни ўйлаганимиз сари кўнглимиз чўкиб, қаддимиз букилгандай бўлиб бораверарди. Бу менинг қўлимда фуқаролик паспортининг йўқлиги эди. Эҳе, Ўзбекистон фуқаролигини оламан, деб неча йилларим бесамар ўтди, бормаган эшигим, ялинмаган одамим қолмади. Лекин фуқаролик беришмади.
Орамизда ҳамиша тотувлик бўлса-да, қалбимизда хотиржамлик, ҳаловат йўқ эди. Фуқаролик ҳужжатим йўқлиги учун ота юртимга йиллар давомида бора олмаганман.
Фарзандларимиз вояга етгач, бир дардимиз икки бўлди, чунки уларга ҳам фуқаролик паспорти берилмади. Ахир болаларим Ўзбекистонда туғилган-ку, шу юртнинг бир бўлаги, дилбанди-ку деб кўп эзилардим, йиғлардим, тунларимда ҳаловат, кунларимда мазмун йўқолгандай эди. Йиллар давомида фарзандларимнинг келажагидан хавотир олиб яшадим.
Турмуш ўртоғим ҳам ўғилларим вояга етганда фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаса, уларнинг эртаси нима бўлади, деган хавотир билан бир неча маротаба Тошкентга бориб келди. Бироқ натижа бўлмади.
Шавкат Мирзиёев Президент бўлганидан сўнг армонга айланаёзган бу орзуимиз яна учқунлана бошлади. Чунки давлатимиз раҳбари Президентлик фаолиятининг илк паллаларидан бошлаб одамлар билан самарали мулоқотни йўлга қўйиб, уларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал қилишга киришди. Жамиятимизда кечаётган бундай тарихий эврилишлар оиламизни ҳам четлаб ўтмади: 2019 йил 4 июнь куни Президентимиз фармони билан менга Ўзбекистон фуқаролиги берилди. 2021 йилнинг 4 декабрида ўғилларимга ҳам ана шундай бахт — фуқаролик насиб этди.
Афсуски, бу кунларни турмуш ўртоғим кўрмади, юрагида бир дунё армон ва хавотир билан бу дунёдан эрта кетди.
Ўйлаб қарасам, ярим умрим фуқаролик ҳужжатини олиш учун ҳужжатлар тўплаш, елиб-югуриш, кутиш билан ўтибди. Ўша дамларни бугун — давлатимизнинг бутун сиёсати инсон қадрини улуғлашга, одамлар учун муносиб турмуш шароити яратишга қаратилган айни паллаларда эсласам, кўзларим қувонч ёшларига тўлади. Шу кунларга етказгани учун Аллоҳимга шукр қиламан. Президентимизга оиламизнинг орзусини амалга оширгани, келажакка умид уйғотгани учун раҳмат айтаман. Давлатимиз раҳбарининг халқпарвар сиёсати туфайли нафақат мен, балки ўғилларим ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлди.
Ўттиз йилдан сўнг ўз уйимнинг эгаси бўлдим
Дилором АБДУРАҲИМОВА,
Тошкент вилояти
Ўрта Чирчиқ тумани:
— Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги Фаровон маҳалласида қарийб 31 йилдан буён оилам билан яшайман. Бироқ шунча вақт мобайнида юрагимда бир ҳадик билан яшадим.
1966 йил шу тумандаги Қорасув қишлоғида туғилганман. Ўрта мактабни тугатиб, техникумда таҳсил олдим, кейин “Қорасув” пахта тозалаш корхонасида ҳисобчи бўлиб ишладим. 1985 йилда эса оила қуриб, яхши ниятлар билан Фаровон маҳалласига кўчиб келдик.
Бугунги кунда турмуш ўртоғим билан ўзим ўқиган Агросаноат ва транспорт касб-ҳунар мактабида ишлаймиз. Шу ерда ишлаётганимга 30 йилдан ошяпти. Тақдиримдан мингдан-минг розиман! Аммо...
1989 йил касб-ҳунар мактабида иш бошлаганимизда уй-жойсиз, ижарама-ижара кўчиб юрардик. Мактабимиз ҳудудидан ер ажратилиб, ўқитувчилар учун уй қурилиши бошланганида ёш оила сифатида жуда қувонгандик. Қисмат чархпалаги чаппасига айланиб, қурилиш тўхтаганида қувончимиз ўрнини хавотир эгаллади. Орзуларимиз уфққа бош қўйган офтоб каби қоронғулик сари оғишни бошланганди. Шукрки, жамоамиз бизни ёлғиз ташлаб қўймади. Вақтинча яшаш ва фойдаланиш учун, чала битган бўлса-да, уй ажратиб беришди.
Мухтасар айтадиган бўлсам, 1989 йилда Фаровон маҳалласининг Барака кўчасида ёш ўқитувчилар оилалари учун саккиз хонадондан иборат икки қаватли уй қурилиши бошланган эди. Кейин қурувчи ташкилот тарқатилгач, ишлар тақа-тақ тўхтади. Ғишти терилиб, томи ёпилган бино салкам икки йил қаровсиз ётди.
Уй-жойга эҳтиёжимиз борлиги учун 1991 йилда ўша пайтдаги жамоа хўжалиги раҳбари билан бамаслаҳат, касаба уюшмасининг қарори билан уй қурилишини якунига етказиш ҳаракатига киришдик. Полини қоқдик, эшик-ром ўрнатдик, газ, сув, электр энергиясини уладик...
1992 йилда янги уйга кўчиб кирдик. Шу зайл уйли бўлдик, аммо уйимизнинг ҳужжатини расмийлаштира олмадик. Уйимиз бор, лекин ҳужжати йўқ эди.
Уч фарзанднинг онасиман, бир қиз, икки ўғлим бор. Болаларим билан ҳар доим фахрланаман. Ёр-ёр айтиб, қиз узатдим, келин саломлар билан шу уйга икки келин туширдим. Кўз очиб-юмгунча орадан ўттиз йил ўтиб кетди. Аммо ҳалигача қўлимизда на кадастр ҳужжати ва на бирор хат-ҳужжат бор эди. Ўзимизнинг уйимизу, негадир бировнинг бошпанасида ижарада яшаётгандай эдик...
Ўз уйимизнинг ҳуқуқий жиҳатдан ҳам эгаси бўлиш учун кўп елиб-югурдик. Ўтган қарийб ўттиз йилда кадастр, туман ҳокимлиги ва прокуратурага ҳам бордик. Вилоят ҳокимига ҳам мурожаат қилдик. Шунча вақт мобайнида нечта ҳоким келиб-кетмади, кадастр раҳбарларининг нечтаси алмашмади, дейсиз. Аммо бирор-бир натижа бўлмади. Бир эшикдан “Имкони йўқ!”, деган жавобни эшитиб музлагандай қайтсак, бошқа бир эшикдан “Ҳал қилиб берамиз...”, деган умидбахш сўздан қувват олиб яшардик.
Шавкат Мирзиёев Президент бўлгач, халқ билан мулоқот, одамларни рози қилиш янги Ўзбекистон сиёсатининг фалсафасига айланди. Сайёр қабуллар ўтказилиб, одамларнинг дарду ташвишларига қулоқ тутилди.
Воқеа жараёнларини кузатар эканман, мен ҳам бир илинж ва умид билан 2020 йилда маҳалламиз раиси орқали туман ҳокимига мурожаат қилдим. Очиғи, мурожаатим яна пайсалга солинади, кадастрсиз қолиб кетамиз, деган ҳадик йўқ эмасди. Лекин бундай бўлмади, масаланинг ечими топилди: 30 йилдан сўнг уйимизнинг кадастр ҳужжатларини тайёрлаб беришди. Ниҳоят, ўз уйимизнинг ҳақиқий эгасига айландик!
Нафақат мен, балки қўни-қўшниларим ҳам ўзлари истиқомат қилаётган уйнинг ҳужжатларига эга бўлди. Уларнинг қувончи, сизга тўкиб соладиган дил изҳорлари кўп...
Мен педагог аёл, Ўзбекистоннинг бир фуқароси сифатида Президентимизнинг инсонпарвар сиёсатидан розиман! Шу туфайли мушкулим осон бўлди. Бир менинг эмас, мен билан бирга ўттиз йилдан буён шу уйда яшаётган етти оиланинг йиллар давомида ўз ечимини кутиб турган, оғриқли муаммоси ҳал этилди.
Дунёдаги энг бахтли инсонман!
Қудратали АЛМАТОВ,
Нурафшон шаҳри:
— 9 ёшимда мени Меҳрибонлик уйига топширишган. У ерда вояга етдим. Албатта, Меҳрибонлик уйида барча шароит мавжуд, лекин муаммоли бир томони ҳам бор эди. Яъни барча тарбияланувчилар 17 ёшга тўлганимизда у ердан чиқиб, ўзимизнинг мустақил ҳаёт йўлимизни бошлардик.
Хўш, муаммо нимада дерсиз?! Муаммо шунда эдики, мана, вояга етдинг, энди ўзинг олий ўқув юртига кириб ўқи ёки иш топиб, ишлаб кунингни кўравер, улғайдинг болам, деб чиқариб юборишса, яшашга жойингиз, ишлашга ишингиз бўлмаса, мана шуниси муаммо эди. Ҳар қандай одам ҳам эсанкираб қолади. Менда ҳам шундай бўлган. Ётоқхонаси борлиги учун Қибрайдаги Иқтисодиёт коллежида ўқиганман. Ҳар ҳолда уч йил бошпана ташвишини ўйламасдим-да...
Тан олиш керак, баъзи тенгдошларимга умумий кўпчилик бўлиб яшайдиган, газ хонаси алоҳида бўлмаган ётоқхоналардан уй-жойлар ҳам бериларди, лекин ҳаммага ҳам бу насиб қилмасди.
Шахсан ўзим Меҳрибонлик уйидан чиқиб, катта ҳаётга қадам қўйганимдан сўнг деярли 10 йил сарсон-саргардончиликда яшадим. 2010 йилдан бошлаб бўйнимга етимлик билан бирга бошпана қидириш ҳам қўшилди.
Тунлари тунаш учун жой, кундузни тирикчилик ташвишида ўтказган ўсмирлик йилларимда кўп бора ҳокимларга мурожаат қилдим, бари беҳуда ва бесамар кетди. Ёзган аризаларим жавобсиз қолди. Талабалар ётоқхоналарида, арзон ижараларда яшадим. Туну кун ишласам ҳам, топганим егулик, йўл ва ижара харажатларидан ортмасди.
Уй беринг, иш беринг, деб масъул раҳбарларнинг эшикларида сарғайиб, умидвор бўлиб кутган кунларимнинг саноғи йўқ.
Мурожаатларимга деярли бир хил — “Кўрамиз, ўрганамиз, жавобини айтамиз”, деган жавоб бўларди.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда бўлаётган ўзгаришларни кўриб, мурожаатларга — инсон тақдирига бўлган муносабат ўзгараётганини тушуниб, шундай бўлса ҳам бир ишониб, бир ишонмай 2019 йилда давлатимиз раҳбарига онлайн мурожаат йўлладим.
Ишонасизми, мурожаатимдан бир ҳафта ўтар-ўтмай, кўнглимда яшашга иштиёқ ва ҳаётга муҳаббат ортди. Нега дейсизми, Нурафшон шаҳар ҳокимлигидан одамлар келиб, аввал ижарага уй топиб берди ва мени у ерга кўчиришди, бир йиллик ижара ҳақини ҳам тўлаб беришди.
2020 йилда ўзим каби ҳаёт синовларида қийналган меҳрибон бир қизга уйландим. 2021 йилда эса шаҳарнинг Юксалиш маҳалласида қурилган кўп қаватли янги уйлардан менга ҳам 3 хонали уй беришди.
Турмуш ўртоғим ва жажжигина қизалоғим билан янги хонадонда яшаяпмиз. Ҳокимлик мутасаддилари рўзғор учун зарур бўлган жиҳозлар билан хонадонимизни таъминлаб ҳам берди.
Ҳозирда пойтахтдаги хусусий корхонада муҳандис-оператор бўлиб ишлаяпман. Ҳаётимда биринчи бор ўз уйимга эга бўлиб, оилам даврасида чинакам бахтни ҳис қиляпман. Бунинг учун Президентимиздан чексиз миннатдорман!
* * *
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, бу кўҳна дунёда турмуш ташвишларидан баъзан арз қилар эканмиз, ўз юртингнинг тўла ҳуқуқли фуқароси бўлишдек бахтнинг қадрига ҳар доим ҳам етавермаймиз. Чоғроқ бўлса-да, уйимизнинг тафту ҳарорати борлигини ҳис этавермаймиз.
Ҳамюртларимизнинг юқорида айтиб берган кечмишларини тинглар эканман, мамлакатимизда сўнгги йилларда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш борасида амалга оширилган улкан, таъбир жоиз бўлса, тарихий ишлар кино тасмасидек кўз олдимдан ўта бошлайди. Инсон қадрини улуғлашдек буюк мақсадга қаратилган ислоҳотлар сабаб ҳаётида туб бурилиш ясалган миллионлаб юртдошларимизнинг бахтига ғойибона шерик бўламан.
Муҳими, юртимизда бу борада ишлар “Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида узвий давом этади. Демакки, юртдошларимиз бахтли, бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшаши учун юқорида фикрлари қайд этилган ҳамюртларимиз сингари йиллаб кутмайди.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири