Қачонлардир давлатимиз раҳбари билан мулоқотда бўламан, деб сира ўйламаганман. Лекин куни кеча Президентимизнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида шу кутилмаган воқеа юз берди...

Вилоят фаоллари билан учрашувда биз, саккиз-тўққиз чоғли ёш учинчи қаторда, давлатимиз  раҳбарига яқин жойда ўтиргандик. Барчамизда кучли ҳаяжон бор эди. Президентимиз сўзлади, сўнг вазирлар, мутасаддилар ва оқсоқоллар фикрларини билдирди. Назаримизда, ҳаммаси шу билан тугайдигандек эди. Бир пайт Президентимиз “Қани, ёшлар, менга нима саволларингиз бор?”, деди. Кутилмаган чақириқдан шошиб, баравар ўрнимиздан турдик. Биринчи сўз навбати менга берилди. “Мен Бойсун туманидан келиб ўқийман. Ижарада яшайман. Оила аъзоларим ҳам шартнома, ҳам ижара пулимни тўлаб ўқитяпти.

Ҳисоб-китоб қилиб кўрсам, вилоятимиздаги олтита олий таълим муассасасида 36 мингдан зиёд талаба ўқиркан. Уларнинг 11 минг 237 нафари худди мендай ижарада яшайди. Шу йил 13 апрель куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мен каби узоқ ҳудуддан келиб ўқиётган талабалар ижара тўловининг эллик фоизгача бўлган қисмини давлат бюджетидан тўлаб бериш бўйича кўрсатма бердингиз.

Орадан бир ҳафта ўтиб, бу “Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорингизда расман мустаҳкамланди. Ҳисоблаб кўрсам, биргина Сурхондарё вилоятидаги талабалар ижара тўлови учун бир йилга 6 миллиард сўм атрофида маблағ ажратиларкан. Бу янги Ўзбекистонда ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган  эътиборнинг катта намунаси. Бунинг учун сизга ўзим ва тенгдошларим номидан миннатдорлик билдираман”, дедим.

Фикрларимни айтарканман, мен қандай кучли ҳаяжонда гапирсам, давлатимиз раҳбари шунчалик эътибор билан эшитаётганини кўрдим. Кўнглим ғурурга тўлди. Айниқса, “Ҳозир юртимиз бўйлаб ўтказилаётган “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” фестивалининг якунловчи — финал босқичи сиз бошчилигингизда худди ўтган йилги Ўзбекистон ёшлар форуми каби юқори савияда ўтказилса, биз, ёшларга катта рағбат бўларди”, деган таклифим инобатга олингани, Президентимизнинг “Мавлуда қизим, бўлди, худди шундай катта тайёргарлик билан тадбирни ўтказамиз”, деб фикримни қўллаб-қувватлагани қалбимни фахр-ифтихорга тўлдирди. 

Келгусида ниятларим кўп. Қайси касбни эгалламай, давлатимиз раҳбарининг мана шу эътиборини доим ёдда тутаман. Ўз интилишим ва саъй-ҳаракатларим билан бу ғамхўрлик ва ишончга муносиб бўлишга ваъда бераман.

Мавлуда НОРМАМАТОВА,

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети

Термиз филиалининг 2-курс талабаси