Турли соҳаларда юксак натижа ва ютуқларга эришаётган фидойи ёшларни рағбатлантириб бориш мақсадида “Мард ўғлон” давлат мукофоти ва “Келажак бунёдкори” медали таъсис этилди. Буюк давлат арбоби, соҳибқирон Амир Темурнинг Ватанга садоқат, эл-юртни ардоқлаш, мардлик, фидойилик ва адолатпарварлик каби юксак фазилатлари ёш авлод учун ўрнак бўлиб хизмат қилишини инобатга олиб, юртимиздаги барча ҳарбий академик лицейларга “Темурбеклар мактаби” номи берилди.
Ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлашни ўз ичига олган бешта муҳим ташаббус амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унга мувофиқ, юртимизда ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, улар муаммоларига самарали ечим топиш, ваколатли органлар фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш каби муҳим ишлар бажарилмоқда.
Мамлакатимизда аҳолининг 30 фоизини 14 дан 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этишини инобатга олиб, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун замонавий шароит ва имкониятлар яратилган. Шу билан бирга, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш долзарб масала ҳисобланади. Маънавий баркамол ёшларнинг турли ёт ғоя ва иллатларга қарши иммунитети ҳам кучли бўлади.
Жойлардаги маданият марказлари, мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базаси ва улардан фойдаланиш ҳолати ўрганилиб, фаолияти яхшиланди. Маданият ва Халқ таълими вазирликлари ҳокимликлар билан биргаликда туман (шаҳар) маданият марказлари ва умумтаълим мактабларида ёшларнинг қизиқишидан келиб чиқиб, қўшимча тўгараклар ташкил этмоқда. Маданият марказларида ташаббускор истеъдодли ёшлардан иборат бадиий-ҳаваскорлик жамоалари, ёшлар театр-студиялари ва “Ёшлар клублари” ташкил этилмоқда.
Туман ва шаҳарлар ҳокимларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари мутахассислар билан биргаликда ёшларнинг спорт турларига қизиқиши ҳамда спорт иншоотларининг жиҳозланиш даражасини ўрганиб, шу асосда бу йўналишни такомиллаштириш устида иш олиб бориляпти.
Бугунги ахборот технологиялари ва коммуникациялар ривожланган бир пайтда илғор халқаро тажрибалар асосида барча шаҳар ва туман марказларида рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилмоқда. Бу марказларда электрон тижорат ва дастурлаш ўргатиляпти. Ёшларда ахборот технологиялари соҳасида бизнес бўйича инновацион кўникмалар шакллантирилиб, стартап лойиҳаларга ёрдам кўрсатилмоқда.
Ёшларда болалик чоғидан китобга меҳр уйғотиш, мустақил фикр ва кенг дунёқарашни шакллантириш уларнинг ҳаёт йўлларида мустаҳкам замин бўлади. Лекин кўплаб қишлоқ ва маҳаллаларда бунинг учун зарур шароит мавжуд эмас эди. “Маҳаллабай” ишлаш тизими орқали оталиққа олган вазирлик ва ташкилотлар томонидан маҳаллаларда кутубхоналар ташкил этиляпти. Бу кутубхоналардан маҳалла ёшлари бемалол фойдаланишяпти.
Биз яшаётган давр ахборот хуружлари даври бўлиб қолди. Бу ҳолат ҳар бир ота-онадан фарзандига бефарқ бўлмасликни талаб қилади. Бу жараёнда эса ота-оналар фарзандлари билан имкон қадар яқинроқ муносабатда бўлиши, уларнинг бўш вақтини унумли ташкил этиши, уйда бадиий адабиётни тарғиб этиши, турли касб-ҳунарларга йўналтириши кундалик эҳтиёжга айланиши шарт.
Ҳар бир давлатнинг барқарор тараққиётини таъминлашда асосий пойдевор — инсон омили, унинг интеллектуал салоҳияти билан узвий боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, мамлакат аҳолисининг катта қисми замонавий билим ва кўникмаларга эга ёшлардан иборат эканини инобатга олган ҳолда, мазкур қатламнинг ижтимоий-иқтисодий ва бошқа соҳалардаги манфаатларини ҳимоя қилиш ва кузатилаётан долзарб масалаларнинг назарий-амалий жиҳатдан ечимини топиш муҳим вазифадир. Ўтган даврда бу борада қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, улар ёшлар интилиш ва иқтидорини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантиришга оид мустаҳкам тизим ишлаб чиқилди.
Умуман олганда, ёшлар давлат таянчи, мамлакат келажагидир. Улар учун яратилаётган бугунги имконият ва шароитлар буюк аждодларимизга муносиб ворисларни тарбиялашга хизмат қилади. Кейинги йилларда баркамол авлод камолоти, ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, орзу-умидларини рўёбга чиқариш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Ўғил-қизларни ҳар томонлама етук, билимли, салоҳиятли шахс, комил инсон сифатида тарбиялаш масаласига ўзига хос тарзда, замонавий усуллар асосида ёндашилиб, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари тизимли равишда такомиллашиб бормоқда. Буларнинг бари келажакда ўз парвозини кўрсатиши шубҳасиз.
Гулнора ИБРАГИМОВА,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори,
психология ва педагогика фанлари доктори