Бу ҳикматли сўзлар бугунги кунда янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Чунки жамият тараққиёти, миллат келажаги аввало соғлом маънавиятли авлод тарбиясига боғлиқ.
Манавият “маъни”, “маъно” сўзларининг кўплик шакли бўлиб, инсоннинг маъноли ҳаёти ва фаолиятини билдиради. Инсон ўйлаб, фикрлаб, ҳис этиб амалга оширадиган ишларининг барчаси бу маънавиятдир. Зеро, Мавлон Румий таъбири билан айтганда: “Ўйларинг сўзларинга, сўзларинг феълингга, феълинг тақдирингга таъсир этади. Гўзал ўйлагин, гўзал яшагин”. Шу маънода, фарзанд тарбияси билан шуғулланаётган ҳар бир ота-она ўз фикри, сўзи ва хулқи билан боласига қандай маънавий намуна кўрсатаётгани ҳақида чуқур ўйлаши лозим.
Ислом оламининг буюк алломаси Абу Ҳамид Ғазолий Ҳазратлари, “Билгил бола тарбияси энг муҳим ислоҳатдир. Фарзанд ота-онага омонат. Бола қалби пок, нозик, содда ва ҳар қандай нақш ва суратдан ҳоли гавҳардир. Унга қандай нақш солинса шунга кўра шакилланади, эгган томонга эгилади. Агар бола яхшиликка ўрганиб яхшилик ичида вояга етса, дунё ва охират саодатини топади. Агар бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, ёмонлик ичида ўсса, бадбахтликка юз тутади ва ҳалок бўлади. Бунда гуноҳ юки шундай куйга солганларнинг, ота-онанинг зиммасига юкланади”-деганлар. Аллома бола тарбиясини энг муҳим ислоҳот сифатида баҳолаб, фарзанд қалбини пок гавҳарга қиёслайдилар. Бола қандай муҳитда ўсса, қандай қадриятлар билан тарбияланса, унинг келажакдаги шахсияти ҳам шу асосда шаклланади. Демак, фарзанд тарбиясида энг катта масъулият ота-онанинг зиммасидадир.
Бугунги кунда глобаллашув, ахборот оқимининг кескин ортиши, ёлғон ва бузғунчи ғояларнинг ёшлар онгига кириб келаётгани маънавий тарбияга янада жиддий ёндашишни талаб этмоқда. Носоғлом муҳитда тарбияланаётган боладан “маънавий касал” инсонлар шаклланади. Бугунги ғоят таҳликали, ҳам иқтисодий ҳам маънавий инқирозлар кучайиб бораётган, ёшлар онгини ёлғон ва сохта ахборот ҳуружлари дахл қилаётган бир пайтда болаларимизни асраб авайлашимиз зарур эмасми?
Фарзанд тарбиялаётган ота –она ҳар бир ҳаракати, юриш-туриши, муомаласи, бошқалар билан ўзаро муносабатларда олий жаноб фазилатларини намоён эта билиши керак. Чунки бола табиятан тақлидчан ва кузатувчи бўлади. Уйдаги қўпол муносабатлар, кўп ёлғон гапириш ёқимсиз хатти- ҳаракат бола тарбиясига салбий таъсир кўрсатади, носоғлом муҳитни келтириб чиқаради. Фарзанд тарбиясида ота-онанинг муносабатлари муҳим ўрин тутади. Бола ота-онадан қўпол, дағал сўзлар эшитиб, калтак еб катта бўлса бу унинг тарбиясига салбий таъсир қилади.
Расуллулоҳ (с.а.в.) “Бирортангиз ўз фарзандинггизни тартиб интизомга ўргатса, бу ҳар куни садақа бергандан яхшироқдур” дея марҳамат қилганлар. Таниқли педагог А.С.Макаренка 5 ёшгача бўлган тарбия бола шахсиятини шакиллантиришда ўта муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайт этади: тарбиянинг бош асоси 5 ёшда ниҳоясига етади, демак, сиз 5 ёшгача нима қилган бўлсангиз, бу тарбия жараёнинг 90% ташкил этади, кейинги тарбия эса қайта тарбиялаш жараёнида давом этади. Шундай экан, бугун ёш ота-оналар зиммасида аввалам бор ўзларидаги маънавий, ахлоқий билимларини ошириш, қолаверса оила давомчилари бўлмиш фарзандлар тарбиясига бефарқ қарамаслик, оталик ва оналик маъсулятини чуқур ҳис этиш вазифасини астойдил бажариш талаб этилади.
Юқорида келтирилган фикр ва мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда, фарзанд тарбиясида маънавий баркамолликни таъминлаш мақсадида қуйидаги амалий таклифларни илгари суриш мумкин:
Ота-оналар учун маънавий-маърифий машғулотлар ташкил этиш, тарбияга оид билим ва кўникмаларни ошириш.
Оилада китобхонлик муҳитини яратиш, фарзандни кичик ёшидан мутолаага ошно қилиш.
Ахборот маконини назорат қилиш: болалар истеъмол қилаётган контентни саралаш ва танқидий фикрлашни ўргатиш.
Ота-она ва фарзанд ўртасида очиқ мулоқотни кучайтириш, боланинг фикри ва ҳиссиётига ҳурмат билан қараш.
Миллий ва умуминсоний қадриятларга асосланган тарбияни устувор қилиш.
Фарзанд тарбияси — бу шунчаки вазифа эмас, балки улуғ масъулиятдир. Маънавий баркамол авлодни тарбиялаш орқалигина биз соғлом жамият ва мустаҳкам келажакни барпо эта оламиз. Шунинг учун тарбияни айнан фарзандларимизнинг маънавий дунёсини бойитишдан бошлаш — бугунги куннинг энг муҳим талаби ҳисобланади.