— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 августдаги “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, “Етим болалар  ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чоратадбирлари тўғрисида”ги ва “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари айнан ана шу шарт-шароитларни яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Уларда болалар ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг мукаммал институционал, ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиш, болаларга таълим, уй-жой, меҳнат қилиш ва соғлиғини сақлаш бўйича имтиёзлар бериш тизими қамраб олинган.

Ушбу ҳужжатларнинг мазмуни ва муҳимлиги нуқтаи назаридан фикр юритганда, миллий давлатчилигимиз тараққиётида бу каби фармон ва қарорлар биринчи марта қабул қилинган тарихий ҳужжатлар эканини таъкидлаш ўринли.

Бу меъёрий ҳужжатларда белгиланган имтиёзлар, биринчи навбатда, болалар ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг ташкилий институционал йўналишини яратиш ҳамда давлатнинг болалар ва айниқса, етим болаларга ғамхўрлигини таъминлашга қаратилган. Хусусан, 2021 йил 9 августдаги “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони асосида болалар ҳуқуқини ишончли ҳимоя қилишнинг институционал асосларини тубдан такомиллаштириш ҳамда болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида дунё ҳамжамиятида янги тузилма — Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) институти таъсис этилди. Етим болалар ҳуқуқини етарли даражада ҳимоя қилиш учун Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчаларига Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси масъул этиб белгиланди.

Етим болалар ҳуқуқини ҳимоя қилишни доимий таъминлаш ва назоратини олиб бориш учун Миллий гвардияда алоҳида қўмондон ўринбосари лавозими ва алоҳида бошқарма, Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетида “Ҳарбий ватанпарварлик, маънавий-маърифий тарбия ва ёшлар билан ижтимоий ишлаш” кафедраси ташкил этилиб, улар болаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, Миллий гвардиянинг ҳарбий қисмлари, полигонлари, “чавандозлар мактаблари”да ҳарбий техникадан фойдаланиш, от спортига ўргатиш вазифалари билан шуғулланади.

Болалар ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг институционал асосларини янада такомиллаштириш мақсадида янги тузилма — Болалар масалалари бўйича миллий комиссия, Болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) комиссиялари (ҳудудий комиссиялар) ташкил этилди.

 Миллий комиссиянинг асосий вазифасини боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, унинг соғлом турмуш тарзини таъминлаш, болаларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топишига кўмаклашиш, боланинг ота-она қарамоғидан маҳрум бўлишининг олдини олиш чораларини кўриш кабилар ташкил этади.

Ушбу меъёрий ҳужжатларда белгиланган имтиёзлар болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини такомиллаштиришга қаратилган. Чунончи, тарбияланувчилар Меҳрибонлик уйини битирганда Миллий гвардиянинг тавсияси асосида олий ўқув юртларига қўшимча квота асосида ўқишга қабул қилинади, уларнинг иқтидорли талабалари стипендияси 50 фоизга оширилган ҳолда тўланади.

Эндиликда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг таълим олишини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2021/2022 ўқув йилида SOS — болалар маҳаллалари ва оилавий болалар уйлари битирувчиларига, шунингдек, йигирма беш ёшгача бўлган васийликка, ҳомийликка ёки оилага тарбияга олинган (патронат) етим болаларга қўшимча квоталардан фойдаланиш имконияти таъминланади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Туризм ва спорт вазирлиги томонидан ҳар бир Меҳрибонлик уйи ва Болалар шаҳарчаларига 2 тадан олий таълим муассасаси ва спорт мактаблари бириктирилади. Бириктирилган ОТМ ректори Меҳрибонлик уйларига тарбиячилар тайёрлаш, болаларни ахборот технологиялари, хорижий тилларни ўргатиш ва уларни келгусида олийгоҳларга киришига кўмаклашиш муҳитини шакллантиришга масъул ва жавобгардир.

Етим болалар ҳуқуқини таъминлаш бўйича мазкур фармон ва қарорларда белгиланган имтиёзлар тизимида моддий ва мулкий таъминот масаласи алоҳида ўрин тутади. Чунончи, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлашнинг янгича тартиби ўрнатилди.

 Унга биноан, ўзларига бириктирилган турар жойга эга бўлмаган ва турар жойга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга улар 18 ёшга тўлган йилда кўп квартирали уй-жойлардан умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали, вояга етган етим болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолларда, 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартира ажратилади.

 Шунингдек, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар коллеж, академик лицей, техникум ва олий таълим муассасаларида ўқиётган даврида коммунал хизматлар учун тўловларнинг 50 фоизи тегишли туман ва шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан компенсация қилинади.

Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга бериладиган и мтиёзлардан яна бир йўналиши уларнинг бандлигини таъминлаш ҳисобланади. Ўқув-тарбия муассасаларини тамомлаган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар йирик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида ҳар йили амалиёт ўтайди. Техникум, коллеж ёки олий таълим муассасасига ўқишга кирмаган ҳамда касб эгаллаш истагидаги етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар “ишга марҳамат” мономарказлари, касб-ҳунарга ўқитиш марказларида касб-ҳунарга ўқитилади. “Ҳap бир оила — тадбиркор” дастурида белгиланган маблағлар ва тартиблар доирасида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уларнинг бизнес лойиҳаларида кўзда тутилган мақсадларга кредитлар навбатга қўйилмаган ҳолда ажратилади.

Муҳим имтиёзлардан бири, шу тоифа болаларнинг соғлиғини сақлашга қаратилган чора-тадбирлардир. Масалан, оғир касалликка чалинган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг республикада йўлга қўйилмаган жарроҳлик амалиёти бўйича хорижий давлатлардаги жарроҳлик операциялари билан боғлиқ харажатлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштириш жамғармаси ҳисобидан тўлиқ миқдорда компенсация қилинади.

Энг муҳим имтиёзлардан бири, етим болаларнинг тарбиясига йўналтирилган. Жумладан, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизими жорий этилди. Унга кўра, Миллий гвардияга болаларни моддий, ҳyқyқий ва психологик-педагогик қўллабқувватлаш, ўқув-тарбия муассасаларида сифатли таълим ва тарбия жараёнини йўлга қўйиш, маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар ташкил этиш, замонавий усул ва шакллардан фойдаланган ҳолда жисмонан соғлом, маънавий етук ва дунёқараши кенг ёшларни шакллантириш, болаларни спорт турларига қизиқтириш ва жалб этиш, шунингдек, уларни ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга қайтариш вазифаси юклатилди.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу тарихий ҳужжатлар болаларимиз, айниқса, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни билимли, интеллектуал салоҳиятли, миллий ва умуминсоний қадриятларга садоқатли баркамол шахс сифатида камол топтиришга, уларнинг таълим олиши, ўз иқтидорини намоён қилиши учун институционал, ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар тизимини яратишга, бу тизим орқали келгусида ушбу ўғил-қизлар орасидан “Темурбеклар мактаби” ўқувчилари, Жамоат хавфсизлиги университети тингловчилари, Ватанимизнинг чинакам посбонлари, янги Ўзбекистонни барпо этувчи шижоатли ёшлар бўлиб етишишига хизмат қилади