Бухоро ва Самарқанд Сомонийлар давлатидаги асосий илм-фан марказларидан бири бўлган. Айниқса, Бухоро шаҳри маданий тараққиёт жиҳатидан давлатнинг энг муҳим шаҳри саналган. Бухоро васфида бухоролик машҳур олимлардан бири “Ятиматуд даҳр” китобининг соҳиби Абу Мансур Саолабий қуйидагиларни ёзади: “У улуғворлик юрти, салтанат қибласи, замон улуғлари йиғилган макон, ер аҳли адиблари юлдузларининг чиқар жойи ва замон фозиллари тўпланган ердир”. Шунинг учун ҳам Бухородан кўра аҳолиси илм аҳлига эҳтиромлироқ бирор шаҳар кўрилмаган. Сомонийлар даврида Бухоро шаҳридаги илмий юксалиш кўплаб илмий муассасалар фаолиятида намоён бўлган. У ерда аҳли илмлар мунозара учун Бухородаги илмий муассасаларда тўпланишар, бундай илмий мунозаралар баъзи ҳолларда амирнинг қароргоҳида ҳам ўтказиларди. Ривоят қилинишича, амир Исмоил ибн Аҳмад олимларни ўзига яқин тутар, уларнинг мунозараларини диққат билан тинглар эди.
Самарқанд шаҳрига келсак, у ҳам улкан илмий тараққиётнинг гувоҳи бўлган кўҳна заминдир. Самарқанд диёрида юксалган илмлар ва Абу Мансур Мотуридий, Ломиший Самарқандий, Алоуддин Самарқандий, Алоуддин Усмандий Самарқандий, Бадруддин Самарқандий, Саъдиддин Тафтазоний, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи сингари бу заминдан етишиб чиққан дунёга машҳур алломалар Самарқандни ҳам Бухоро каби толиби илмлар учун қибла бўлганига далолат қилади.
Мовароуннаҳр минтақаси ислом умматининг кўплаб кўзга кўринган уламоларини етиштирди. Уларнинг турли фанлар бўйича ёзган асарлари бу диёрдаги улкан илмий муҳитнинг самараси эди. Хусусан, олтита ишончли ҳадис тўпламлари ичидан учтасининг соҳиблари Моваруннаҳр диёрида туғилганлиги ва шу ерда яшаб ижод қилганлиги юқоридаги фикримизнинг яққол исботидир.
Шубҳасиз, Ўзбекистон қадимдан илм-маърифат диёри бўлган. Ўзбекистон ҳозирги кунда жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинган ва ҳамиша генетик илмий салоҳияти юксак эътироф этиладиган ана шундай улуғ мақомни сақлаб қолишга, юксак тараққиёт чўққисини қайта забт этишга интилмоқда. Мен биринчи бор Ўзбекистонга 2020 йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуидаги халқаро конференцияда иштирок этиш учун ташриф буюрган эдим. Ташриф давомида давлат томонидан илмий-маърифий соҳага берилаётган эътиборни кўриб ҳайратландим ва менда келгуси илмий фаолиятимни Ўзбекистонда давом эттириш истаги туғилди. Ушбу анжумандан кейин Ўзбекистон Президенти қарорига асосан Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилаётганлиги ҳақида хабардор бўлдим ва илмий фаолиятимни Ўзбекистонда давом эттиришга қарор қилдим. Таъкидлашим зарурки, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши оламшумул воқеа бўлиб, бу янгиликни дунё афкор оммаси, таниқли уламолар катта мамнуният билан қарши олдилар. Чунки бугунги кунда Имом Мотуридийнинг илмий меросини ўрганишга нафақат Ўзбекистонда, балки, бутун дунёда катта қизиқиш билдирилмоқда.
Мотуридийлик таълимоти суннийлик йўналишидаги икки йирик мактабнинг бири бўлиб, ушбу таълимоти Х асрдан бугунги кунга қадар ўзининг мўътадиллиги билан ажралиб туради. Бунинг асосий сабаби Имом Мотуридий ўз таълимотини ўша даврнинг ижтимоий-сиёсий жиҳатларини ҳам ҳисобга олган ҳолда яратган. Шунинг учун ҳам мотуридийлик таълимотини ўрганишга қизиқиш катта. Мотуридийлик таълимоти дунёнинг кўплаб йирик таълим муассасаларида, хусусан, ал-Азҳар университетида ҳам ўқитилади. Бугунги кунга қадар ал-Азҳар университетида мотуридийлик таълимоти бўйича 150 дан зиёд илмий ишлар чоп этилган бўлиб, айни пайтда олиб борилаётган илмий изланишлар сони бундан бир неча борабар зиёддир. Алоҳида қайд этиш керакки, Буюк Британиянинг нуфузли Оксфорд таълим муасасасида мотуридийлик таълимотини бугунги аҳамияти жуда катта эканлиги алоҳида эътироф этилган.
Ўзбекистондаги Имом Мотуридий илмий-тадқиқот маркази ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, маърифий жиҳатларини илмий асосда ўрганадиган ва тадқиқотлар олиб борадиган, тадқиқот натижаларини халқаро жамоатчиликка етказадиган нуфузли халқаро марказлардан бири бўлишига ишонаман. Шунингдек, ҳозирги вақтда ислом олами Имом Мотуридийнинг илмий мероси, мотуридийлик таълимоти ва ушбу таълимотнинг эзгу ғояларини тарғиб қиладиган ана шундай илмий Марказга катта эҳтиёж сезмоқда. Ўзбекистон бу соҳада катта тажрибага эга. Чунки Ўзбекистон қадимдан илм-маърифат маркази бўлган, ишончим комилки, бундан кейин ҳам ана шу юксак мақомни сақлаб қолади.
Биз Имом Мотуридий таълимотини кейинги авлодларга соф ҳолда етказишимиз зарур. Мотуридийлик мактаби ақида ва калом илми борасида дунёдаги энг кучли мактаблардан бири бўлган. Бу мактабнинг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Хусусан, мотуридийлик таълимоти ислом тарихидаги забардаст олим Абу Ҳанифадан ўтиб келаётган улкан мерос ҳисобланади. Ҳозирда мотуридийлик мактаби илмий меросини тиклаш вақти келди. Чунки мотуридийлик мактаби таълимотларидан узоқлашиш натижасида турли ғаразли кучлар ва экстремистик оқимлар фаолияти кучая бошлади. Таъкидлаш жоизки, ҳозирда дунё миқёсида диний ихтилофлар мураккаблашиб, мутаассиб оқимларнинг фаолияти тобора кучайиб бормоқда. Ана шундай мафкуравий кураш жараёнида ёшларни исломнинг анъанавий таълимотига зид бўлган ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, хусусан, ақида масалаларида илгари сурилаётган нотўғри ақида ва тушунчаларни мотуридийлик таълимоти асосида тузатиш долзарб аҳамиятга эга. Бу борада Имом Мотуридийнинг “Китаб ат-тавҳид”, “Таъвилот аҳл ас-сунна” асарларини таржима қилиш, ўрганиш ва ёшларга етказиш орқали уларни турли ғаразли кучларнинг ёт ғоялари хуружидан сақлаб қолиш мумкин.
Ҳозирги вақтда дунё мусулмонларининг тахминан 40 фоизи ушбу таълимот вакиллари саналади. Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Мотуридийнинг илмий меросини чуқур ўрганишга ва кенг миқёсда тарғиб қилишда ниҳоятда катта имконият эга. Қолаверса, Ўзбекистон ҳукумати мазкур халқаро Марказ фаолияти учун барча имкониятларни яратиб берган. Менинг истагим дунёдаги барча мусулмон уммати фиқҳ, ақида ва тасаввуф илмларини Ўзбекистондаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти орқали ўрганишлари керак. Бу менинг орзуйим, мен ушбу орзуйимни амалга ошишини истайман ва бунга ишонаман.
Бу марказ нафақат Ўзбекистонда, балки, бутун ислом оламида улкан илмий тараққиёт пойдевори бўлиб хизмат қиладиган марказ бўлиб қолишига тилакдошман.
Аҳмад ДАМАНҲУРИ,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бош илмий ходими,
Миср Араб Республикасининг ал-Азҳар университети доктори