Аюрведа институти Ҳиндистон хукумати ташаббуси билан 2009 йилда ташкил этилган бўлиб, 2017 йилда муассасага миллий институт мақоми берилган.
Ҳиндистон Аюрведа институтида бир вақтнинг ўзида академик ва амалий фаолият ташкил этилган. Бугунги кунда институт таркибида халқ табобатининг турли йўналишларида магистратура ва докторантура босқичларида мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган олий ўқув юрти ва 200 ўринга эга клиника мавжуд.
Ҳозирга қадар ушбу институт 20 дан ортиқ халқ табобати йўналишидаги хорижий илмий муассасалар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.
Ташриф давомида институт директори Танужа Несари билан учрашув ўтказилди. Ўзбекистонда халқ табобатини ривожлантиришга доир амалга оширилаётган чора-тадбирлар, хусусан, янги ташкил этилган Республика халқ табобати илмий-амалий маркази тўғрисида маълумот берилди.
Аюрведа институти директори Танужа Несари Ўзбекистон халқ табобати илмий-амалий маркази ва бошқа тегишли тиббиёт муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга тайёрлигини маълум қилди.