Ҳисобот йилида Ҳисоб палатасининг асосий эътибори Давлат бюджети ижросига, давлат ҳамда ҳудудий дастурларнинг молиялаштирилиши ва натижадорлигига, давлат қарз маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг самарадорлигига, яширин иқтисодиётни қисқартиришга, шунингдек солиқ ва божхона тизимида эришилган натижалар, мавжуд муаммолар, тизимли қоидабузарликлар ва камчиликларга қаратилган.
Ҳисоб палатаси томонидан 2021 йилда 60 та назорат тадбири ўтказилиб, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ҳисобидан ажратилган маблағлар сарфланиши юзасидан 338 миллиард сўмлик ноқонуний харажатлар, камомад ва ўзлаштиришлар ҳамда самарасиз харажатлар, 2,1 триллион сўмдан ортиқ харажатлар мақбуллаштирилиб, устувор вазифаларни молиялаштириш учун қайта тақсимланган.
Ҳисоб палатаси томонидан бюджет даромадлари тўлиқлигини таъминлаш, ҳудудларда маҳаллий бюджет маблағларидан самарали фойдаланишни назорат қилиш борасида мунтазам иш олиб борилиб, аниқланган тизимли хато-камчиликлар бартараф этилган.
Ҳисоб палатаси ўз фаолиятида очиқлик ва ошкоралик принципларига амал қилиб, молиявий ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш мақсадида расмий веб-сайт, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда 60 га яқин материаллар жойлаштирган.
Мажлисда Қурилиш, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари томонидан маблағлардан мақсадсиз фойдаланилиши сенаторлар томонидан танқид қилинди.
Хусусан, Инвестиция дастурига киритилган объектларнинг қурилиш-таъмирлаш ишларини лойиҳалаштириш ва ишларни бажаришда 5 триллион сўмлик 783 та объект белгиланган муддатда фойдаланишга топширилмаган.
Соғлиқни сақлаш тизимида хорижий кредитлар ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида харид қилинган 161,1 миллиард сўмлик 629 та тиббий жиҳозлар фойдаланилмасдан олти ойдан икки йилгача бўлган муддатда омборларда сақланган.
Сенат аъзолари янги иш ўринларини яратиш бўйича белгиланган топшириқлар ўз муддатида ва сифатли бажарилиши устидан Ҳисоб палатаси алоҳида назоратни ўрнатиши лозимлигини қайд этди.
Ҳисоб палатаси ўз зиммасига юклатилган вазифаларни ўз вақтида ва самарали бажариш мақсадида Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиши, бюджет ташкилотлари, бюджетдан маблағ олувчилар, бошқа давлат органлари ҳамда ташкилотларни биргаликда назорат қилиш бўйича аниқ режаларни ишлаб чиқиши зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, назорат ўтказиш даврида жиноят аломатларини кўрсатувчи маълумотлар, шу жумладан коррупцияга доир ҳуқуқбузарликлар аломатлари аниқланган тақдирда, тегишли материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топшириш юзасидан фикрлар билдирилди.
Сенаторлар Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармалар бюджетларининг маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш устидан назорат олиб боришда, бюджет тўғрисидаги қонунчилик бузилишини, бунга олиб келаётган сабаблар ва шарт-шароитларни таҳлил қилишда, бюджет тўғрисидаги қонунчиликни янада такомиллаштиришда Ҳисоб палатаси ва Сенатнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлигини қайд этдилар.
Қайд этилган муаммо ва камчиликлар Ҳукумат, тегишли вазирлик ва идоралар, ҳудудлардаги мутасаддилар иштирокида танқидий муҳокама этилди ва Сенатнинг тегишли қарори қабул қилиниб назоратга олинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.