Мажбурий ижро бюроси Чилонзор туман бўлими ходимлари томонидан 28.12.2019 йилда ўтказилган тезкор тадбир натижасида, Чилонзор тумани, Бунёдкор шох кўчасида жойлашган “Ўзэнергосозлаш” МЧЖ биносида электр энергиясини ҳисобга олиш асбоблари ва тизимлари цехининг электр энергияси сифатини синовдан ўтказиш лабораторияси бошлиғи лавозимида ишлаган  А.А.га  “Махпират” МЧЖ  ҳуқуқшуноси лавозимида ишлаган С.Ф. масъулияти чекланган жамиятга тегишли бўлган СЕ-303 русумли электр ҳисоблагичнинг хотирасидаги дастурий тизимига ташқи таъсир ўтказилмагани тўғрисида ижобий хулоса бериш эвазига 300 АҚШ долларини берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Суд-техника экспертизасининг хулосасига кўра, ушбу электр ҳисоблагич дастурий тизими созланмаларига 3 маротаба ўзгартириш киритиб электр ҳисоблагичнинг хотирасида сақланиётган маълумотлар, яъни истеъмол қилинган электр энергияси миқдори кўрсатгичлари ўчириб юборилгани, электр ҳисоблагич хотирасига ташқи таъсир кўрсатилиб, аввалги маълумотлар ўчириб ташланганлиги аниқланган.  

Андижон шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Махпират” МЧЖга нисбатан аниқланган қоидабузарлик далолатномасига асосан, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан берилган хулосага кўра, давлат манфаатларига 137 млн 674 минг 688 сўм моддий зарар етказилгани аниқланган.

Мазкур иш бўйича С.Ф.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 25.03.2020 йилдаги ҳукмига кўра, С.Ф.га озодликдан чеклаш жазоси тайинланган.