Учрашувда 100 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этиб, улар томонидан 30 дан ортиқ муаммо ва таклифлар билдирилди. Билдирилган муаммо ва таклифларнинг карийб 70 фоизини иш билан таъминлаш масаласи ташкил этган бўлса, қолган 30 фоизи тадбиркорлик ва бошқа масалаларни ўзида қамраб олди. 

Бухоро шаҳар ёшлари билан бўлиб ўтган “Ҳоким ва ёшлар” учрашувида бир қатор ёшларнинг муаммолари учрашув залининг ўзида ечим топди.  

Жумладан, учрашувда 31 та турли масалалардаги мурожаатлар келиб тушган бўлса, ишга кириш борасида мурожаат қилган ёшлардан 12 нафарини ишга жойлаштириш бўйича учрашувнинг ўзидаёқ йўлланмалар тўлдирилди. 

– Кўпдан бери ишсиз эдим, – дейди учрашувда иштирок этган Лобар Ахророва. – Бугунги учрашув мен учун самарали бўлди. Доимий иш жойига эга бўлдим. Энди мен ҳам оиламга моддий томондан ёрдам берадиган бўлдим. Жуда ҳам хурсандман. Шу жойнинг ўзида мутаҳассислигим бўйича ишга йўлланма олдим. 

Шунингдек, 3 та масала бўйича тушунтириш берилган бўлса, 16 та масалани ҳал қилиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Шу билан бирга, учрашувда бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Унда вилоятнинг турли корхона ва ташкилотлари 500 дан ортиқ бўш иш ўринлари билан иштирок этди. 

Шунингдек, учрашувда шаҳар ёшларининг 5 та муҳим ташаббус асосида яратилган ижодий ишлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди. 

Учрашув сўнгида бир гуруҳ шаҳар ёшлари ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.